1. Юқорига, баландга ёки бирор нарса устига кўтарилмоқ.
Тепага чиқмоқ. Дарахтга чиқмоқ. Тоққа чиқмоқ.
Қоровул тепаликка чиқиб, ҳар томонни диққат билан кўздан кечирди. Ёшлик
Алпинистлар шу чўққига чиқиб, уни забт этишга аҳд қилдилар. Газетадан
2. Бирор транспорт воситасига тушмоқ, ўтирмоқ, минмоқ.
Автобусга чиқмоқ.
Фосиҳ афанди сўрига эмас, извошга чиқди. М. Исмоилий, Фарғона, тонг отгунча
3. Бирор ҳаракатни амалга ошириш ёки бирор нарсага эришиш мақсадида муайян жойга бормоқ.
Дўконга чиқди. Сувга чиқди.
У бир куни саккиз юз йигит билан овга чиқибди. Булбулигўё
— Нега яна Эрали билан тўйга чиқдинг? — деди эр. Н. Аминов, Қаҳқаҳа
Эрининг намоз ўқиш учун масжидга чиқиши янгилик эмас. Шарқ юлдузи
4. Бирор мақсадда узоқ жойга бормоқ, турган жойидан узоқлашмоқ.
Бир соатдан сўнг узоқ йўлга чиқаман. Э. Самандар, Дарёсини йўқотган қирғоқ
Муқбил бир қаландар суратига кириб, сафарга чиқибди. Чалпак ёққан кун
5. Табиий йўналишини ўзгартирмоқ, тошмоқ.
Сув тошиб, қирғоққа чиқди.
Фақат анҳор ўз ўзанидан чиқолмади. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
6. Кўтарилиб, баландлашиб, бирор даражага етмоқ (турли жараёнлар ҳақида).
Иссиғи қирққа чиқди. Қон босими юзга чиқди.
7. Умрнинг маълум бир муддатига, пайтига етмоқ.
Ёшим қирққа чиқди.
— Ҳисобласам, бир кам тўқсонга чиқибман, — деди чол. Ёшлик
8. Бирор ҳаракат, уриниш натижасида янги бир ҳолатга ўтмоқ, эришмоқ, етмоқ.
Озодликка чиқмоқ.
Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ — биз ҳам ёруғ кунларга чиқамиз. Ёшлик
Сусамбилликлар энди тамом эркинликка чиқиб сал кунда семириб кетибдилар. Чалпак ёққан кун
9. Ичкаридан ташқарига йўналмоқ, ичкаридан ташқарига ҳаракатланиб, маълум жойга етмоқ.
Яхши гап билан илон инидан чиқар, Ёмон гап билан пичоқ қинидан чиқар. Мақол
Лип этиб бир қора шарпа уйдан чиқиб кетди. Э. Самандар, Дарёсини йўқотган қирғоқ
Жўра қизиқ индамай, боши эгилганича, кабинетдан чиқиб кетди. С. Кароматов, Бир томчи қон
Келин уйдан ҳовлига чиқди. Ёшлик
10. Чуқур жойдан юқорига ҳаракатланиб, уни тарк этмоқ.
Ўрадан чиқмоқ. Жардан чиқмоқ.
Бу орада Ҳасан акалар ҳам чуқурликдан чиқиб олишади. Ш. Холмирзаев, Т. Усмонов, Сўнмас ўт.
11. Белгиланган йўлдан, йўналишдан тоймоқ, чекинмоқ.
Машина издан чиқди. Ўқувчи дафтар чизиғидан чиқиб кетди.
12. Бўшалмоқ, қутулмоқ, озод бўлмоқ (ҳайвон ва паррандалар ҳақида).
Тулки қопқондан чиқиб, қочиб қолди. Газетадан
Бургут чангалидан чиқиш осон эмас. М. Мансуров, Ёмби
Эринмасдан тўр тўқийман, илинган жойга тузоқ ёзаман токи ўлжа қўлдан чиқмасин. М.М. Дўст, Лолазор
13. Суғурилмоқ, ажралиб кетмоқ.
Машинанинг ғилдираги чиқиб кетди.
14. Қийин шароитдан ёки бирор мавсумдан ўтиб олмоқ.
Қирқ олтинчи йил оғир келди Урушдан янги чиқилган, одамлар эзилган. Ў. Ҳошимов, Икки эшик ораси
15. Бунёд қилинмоқ, ясалмоқ, ишлов берилмоқ.
[Тақинчоқнинг] Тилла симдан тўқилган икки жуфт шокиласи, худди кеча заргар қўлидан чиққандек, ярқирайди. М. Мансуров Ёмби.
Шоир қаламидан чиққан мисралар қоғозга шиддат билан битилмоқда эди. Газетадан
16. Бирор фаолият доирасидан четда қолмоқ; фаолиятни тўхтатмоқ.
Урфдан чиқмоқ.
Ҳой Абдумажид, нима бало, хотининг одамгарчиликдан чиқиб қолганми, дейман. С. Аҳмад, Уфқ
Ҳозирга келиб грамматикализация асосидаги усуллар истеъмолдан чиққан. ЎТА
17. Бирор жойдан, табақадан пайдо бўлмоқ, юзага келмоқ, бирор даражага етишмоқ.
Ишчидан чиққан ёзувчи. Сендан яхши футболист чиқади.
Мусаввирнинг Шарқ халқлари орасидан чиққан машҳур кишилар қиёфасини акс эттирган асарлари ҳам томошабин эътиборини тортади. Газетадан
Тамаки асли Ҳиндистондан чиққан. К. Қаҳҳорова,Чорак аср ҳамнафас
Сен каллаварамдан космонавт тугул, шофёр ҳам чиқмайди. Н. Норқобилов, Тўқнашув
18. Бирор руҳий ҳолатдан қутулмоқ.
У газетани ёнига қўйиб, бир неча минут столни чертиб, ҳозир ўқиган нарсалари таъсиридан чиқолмай туриб қолди. С. Аҳмад, Уфқ
19. Бирор нарсадан безор бўлмоқ, зерикмоқ ёки кўтара олмай қолмоқ.
У ошдан чиқиб қолди. Ёш болаларнинг хархашасидан жуда чиқибман.
20. Тамом бўлмоқ, охирламоқ, ўтмоқ, тугамоқ, кечмоқ.
Чилла чиқди.
— Ҳа, энди қиш чиқди, — дейишди кўзли деҳқонлар. Р. Раҳмон, Меҳр кўзда
21. Вужудга келмоқ; пайдо бўлмоқ.
Машинанинг Матиз деган янги хили чиқибди.
22. Топилмоқ.
Йўқолган нарса уйимиздан чиқди. Ғордан чиққан бойлик.
Уч кундан кейин минг сўмга олувчи харидор чиқади. А. Қаҳҳор, Сароб
Ўтирганлардан бири ирғиб ўрнидан турди-ю, даҳлизнинг эшигини очиб, қаттиқ шивирлади: — Мўйдин, кир, аризанг чиқди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
23. Юзага келиш эътибори билан бирор манбага мансуб бўлмоқ.
Расмий доиралардан чиққан хабар.
— Бунақа гаплар кимдан чиқади? — деди Аҳмедов мийиғида кулиб. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
24. Нашр бўлмоқ, чоп этилмоқ, босилмоқ.
Китоб босмадан чиқди.
— Мақола вақтида чиқди, — деди Сафаров, — айни вақтида чиқди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
25. Маҳсул, самара, натижа сифатида юзага келмоқ.
Қуруқ гапдан фойда чиқмайди. Беш килограмм гилосдан неча килограмм мураббо чиқади? Сўнгги пушаймондан наф чиқмас. Мақол.
Ҳар қутидан етмиш саккиз килодан пилла чиқса бўладими! А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
26. Бирор иш, жой, ташкилот ва шу кабилардан ажралмоқ, узилмоқ, ажралиб, узилиб қолмоқ; ташлаб кетмоқ.
Ташкилотдан чиқмоқ. Халққа суянсанг, бўласан, Халқдан чиқсанг, сўласан. Мақол.
Мусулмонқулга тарафдорларингиз бўлса, тинчликча қўшиндан чиқсин! А. Қодирий, Ўтган кунлар
27. Алоқани узмоқ, аҳдни бузмоқ, ажралишмоқ.
Ўртоқчиликдан чиқмоқ. Эрдан чиқмоқ.
28. Учрамоқ, йўлиқмоқ, пайдо бўлмоқ.
Сарвинознинг қаршисидан кутилмаганда ўша йигит чиқиб қолди. Ёшлик
Боғнинг бир чеккасидан чиройли кийик чиқиб қолибди. Булбулигўё
29. Қазиш, ковлаш натижасида топилмоқ, кўринмоқ.
Нефт чиқди. Газ чиқди. Ерни қазимасанг, олтин чиқмас. Мақол
Тупроқ қатлами тагидан тарих гувоҳлари — ҳар хил ашёлар чиқди. Газетадан
30. Ўрнидан қўзғалмоқ (бўғим суяклари ҳақида).
Қўлим чиқиб кетди.
Лутфулла қалъа деворидан сакраб, оёғи чиқди. Мирмуҳсин, Қаҳрамоннома
31. Рўй бермоқ, содир бўлмоқ.
Тўполон чиқди. Келишмовчилик чиқди.
Азизхон бу суратни кўриб қолиб, ойнани синдириб, суратни йиртиб ташлаган, катта жанжал чиқиб, зўрға милиция қўлидан қочиб қолган эди. С. Аҳмад, Уфқ
32. Осмонда кўринмоқ, пайдо бўлмоқ (осмон жисмлари ҳақида).
Ҳали қуёш чиқмаган, сув юзида нозик туман пардаси силкиниб турарди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
Тоғ-у тошни қоплайди сукут, Ой булутга ўраниб чиқар. Ёшлик
33. Туртиб, бўртиб турмоқ.
Ёноқлари чиққан қиз.
Унинг [Баширжоннинг] елкалари чиқиб, қомати олдинга энгашиб қолгандек эди. Н. Аминов, Қаҳқаҳа
34. Тошмоқ, сиртга тепмоқ.
Яра чиқди. Сўгал чиқди.
[Қизнинг] Лабларига учуқ чиқиб кетибди. Шарқ юлдузи
35. Сиртга тепмоқ, ажралиб намоён бўлмоқ, кўринмоқ.
Иситмаси чиқди.
[Каримнинг] Пешонасига тер чиқди. Шарқ юлдузи
Кўзларидан ёш чиқиб кетди. А. Кўчимов, Ҳалқа
36. Тепага кўтарилиб, атрофга ёйилмоқ; тўзғимоқ (чанг ҳақида).
Ёр юрган кўчаларни супурай сочим билан, Чанги чиқса, сув сепай кўздаги ёшим билан. Қўшиқлар
37. Муайян тарзда эшитилмоқ (товуш, овоз ҳақида).
Торнинг овози жаранглаб чиқди.
— Бас қил, ҳой! — Маҳмуданинг овози баттар хириллаб чиқди. Ёшлик
Овози йиғи аралаш қалтираб чиқди. Шарқ юлдузи
38. Натижа сифатида юзага келмоқ.
Чизган суратим нотўғри чиқди. Ёшлик
Далварзинтепадан топилган қуроллар ҳам антиқа чиқиб қолди. Фан ва турмуш
Директорнинг гапи акс бўлиб чиқди. Ёшлик
Аммо унинг тахмини нотўғри чиқди. Ёшлик
39. Бирор белги-хусусияти юқори даражага етмоқ.
Увадаси чиққан тўн.
барханлар орасида яғири чиққан тўртта ўтов қад ростлаган. Газетадан
40. Тарқалмоқ, таралмоқ (ҳид ҳақида).
Мансур чемоданни очган эди, уйга ҳандалакнинг ҳиди чиқиб кетди. Ёшлик
41. спрт. Мот бўлиш вазиятини ўзгартириб, ундан қутулмоқ (шахмат ўйинига нисбатан).
Оқлар юришни ўзгартириб, вазиятдан чиқиб кетди. Газетадан
42. Телевизор ёки радио орқали сўзламоқ, бирор ҳаракатни бажармоқ.
Телевизорда ашула айтиб чиқди. Радиода чиқди.
43. Чекига, номерига ва шу кабиларга тўғри келмоқ.
Лотереяга машина чиқди. Чиптасига жекпот чиқди.
44. Унмоқ, кўкармоқ (ўсимликлар ҳақида).
Бойчечак чиқибди, наврўз экан Қўшиқлар
45. Табиий таъсир натижасида матодан ажралиб, унинг сифатига салбий таъсир кўрсатмоқ (газламанинг ранги ҳақида).
Ранги чиқадиган чит. Кўйлагини ювган эди, ранги чиқиб, ола-була бўлиб қолди.
46. Кўмакчи феълли сўз қўшилмалари таркибидаги -и(б) қўшимчали равишдошлар билан келиб, иш-ҳаракатнинг тўлиқ бажарилганлиги ва тугалланганлигини билдиради (масалан,
қараб чиқмоқ, кўриб чиқмоқ, санаб чиқмоқ).
Эрталабгача мижжа қоқмай, ўйлаб чиқдим. Шарқ юлдузи
[Қора қоплон] Хонанинг у ёқ-бу ёғига кўз ташлаб чиқиб, каравот устида ётган китобни кўриб қолди. К. Яшин, Ҳамза
47. Қўшма феъллар таркибида келади. Масалан,
сўзга чиқди, олиб чиқди, қарши чиқди.
Абжағи чиқмоқ
Фашистни ур, абжағини чиқар, у ёғи билан ишинг бўлмасин. Ойбек, Танланган асарлар
Авж(и)га чиқмоқ
Қий-чув қилишиб, кулгилар авжга чиқди. Шарқ юлдузи
Бошига чиқмоқ
Бошингиз тўйдан чиқмасин
Бошингиз тўйдан чиқмасин, деб тилар эканлар-у, аммо бу тилак ҳамма вақт ҳам амалга ошавермас экан. Н. Сафаров, Оловли излар
Гапдан гап чиқиб
Гапдан гап чиқиб: — Абдуллажон, — дедилар Иззат Отахонович, — Намангандан Санжар Тилла келган. К. Қаҳҳорова, Чорак аср ҳамнафас
Дараги чиқди
Уч кун деганда опасининг дараги чиқди. Шарқ юлдузи
Жойи чиқмоқ
Янганг ҳам [қизларнинг] жойи чиқса, узатмоқчи бирин-кетин. С. Нуров, Нарвон
Жон(и) чиқмоқ
Чиқмаган жондан — умид. Мақол
бўридан бир қўзини ажратиб олган эди. Жони чиқмаган экан. С. Анорбоев, Оқсой
Менга насиҳат қилавериб, жонимни чиқарманг. Ойдин, Кўнгли тўлдими, яхши йигит?
Издан чиқмоқ
Меҳнат интизоми издан чиқди. Шарқ юлдузи
Ишдан чиқмоқ
Агар машина ва ускуналардаги тебранишлар олди олинмаса, бора-бора улар ишдан чиқиши мумкин. Фан ва турмуш
Йўлдан чиқмоқ
Тўғри йўлдан чиқма, зинҳор адашма. Ҳабибий
Миси чиқди
Нархи осмонга чиқди
Картошканинг нархи деҳқон бозорида осмонга чиқиб кетди. Газетадан
Оғзининг бир чеккасидан чиқиб кетаверади
Пулингга чечак чиққанми?
Сўз(и)нинг устидан чиқмоқ
Ошно сўзининг устидан чиқди. М. М. Дўст, Лолазор.
Тили чиқмоқ
[Бола] Тили чиқиб, чулдираб қолди. Шарқ юлдузи
Турмушга чиқмоқ
Қизимиз турмушга чиқиб кетди. Мирмуҳсин, Умид
Уддасидан чиқмоқ
Одилбекдан бошқа киши бу ишнинг уддасидан чиқолмайди. Булбулигўё
Умиди пучга чиқмоқ
Йўқ, Қизгулнинг бу умиди ҳам пучга чиқди. Шарқ юлдузи
Фиғони фалакка чиқмоқ
Ҳожининг фиғони фалакка чиқди. Фан ва турмуш
Чуви чиқмоқ
Юз жойига пичоқ урсанг, бир жойидан қон чиқмайди.
Энка-тенкаси чиқди
отни тўхтатиб, қайириб олгунча, Қудратнинг энка-тенкаси чиқди. Ҳ. Назир, Кўкорол чироқлари
Жамиланинг ўз ёнидан ғойиб бўлганини пайқамай қолибди. Бирдан энка-тенкаси чиқиб, ўрнидан турган эди йиқилиб тушди. Мирмуҳсин, Жамила
Юзага чиқмоқ
Юраги қинидан чиқмоқ
Юраги қинидан чиқиб, қотиб қолди. Шарқ юлдузи
Қуюшқондан чиқмоқ
— Қуюшқондан чиқманг-да бундай, жўражон! — деди Зариф Сайфининг елкасига қўл ташлаб. Газетадан
Ҳасратидан чанг чиқади
ЧИҚ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
CHIQ сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
Izoh.uz — Ўзбек тилининг халқона изоҳли луғати 35 000 дан ортиқ сўзларнинг маънолари ибора ва мисоллар билан келтирилган.
Йиллар давомида “Ўзбек тили куни”га бағишлаб, ўзбек тилини ўрганувчилар, журналистлар, таржимонлар, копирайтерлар, блогерлар ва бошқалар учун фойдали лойиҳаларни ишга туширишни анъанага айлантирганмиз. Бизнинг жамоа Lotin.uz, Imlo.uz, Sinonim.uz, Sarlavha.com лойиҳаларини ҳукмингизга ҳавола қилган.
Батафсил Izoh.uz лойиҳаси ҳақидаTVinfo.uz — Bugun, ertaga va keyingi hafta uchun to‘liq teledasturlar.
TVinfo.uz — Телепрограмма на сегодня, завтра и ближайшую неделю.
O‘zbek Ismlarning to‘liq, batafsil ma’nosi, kelib chiqishi, shakllari. O‘zingiz va yaqinlaringizni ismlari ma’nosini bilib oling.
Полный смысл, происхождение, формы узбекских имён. Узнайте смысл своего имени и имён близких.
DostavkaInfo — Taomlar, dorilar, kitoblar va boshqa uy uchun kerakli bo‘lagan narsalarni yetkazib berish xizmatlari bor servislar.
DostavkaInfo — Каталог сервисов, предлагающих доставку еды, лекарств, книг и товаров для дома.
Lotin.uz — foydalanuvchilarga berilgan matnni lotindan kirillga va aksincha o‘girish xizmatini taklif etadi.
Lotin.uz — поможет транслитерировать с узбекской кириллицы на латиницу и обратно. Легко!
Maqol va naqllarning eng katta kolleksiyasi. Har bir maqol uchta tilda (o‘zbek, rus, ingliz).
Самая большая коллекция пословиц и поговорок на трёх языках (узбекский, русский, английский).
Har kuni eng sara latifalar va kulguli rasmlar. O‘zbek tilidagi kulgu markazi!
Ежедневно только отборные анекдоты, смешные картинки. Кузница юмора на узбекском языке!
Valyutani yuqori kursda almashtirish uchun yaqin punktlarni aniqlab beruvchi servis. Punkt joylashuvini kartada ko‘rsatadi.
Сервис, помогающий найти ближайшие пункты обмена валюты с выгодным курсом. Покажет местоположение пункта прямо на карте.
O‘zbekcha telegram kanallarining eng katta katalogi. Faqt faol kanallar, ruknlarda va batafsil statistikasi bilan.
Самый большой каталог телеграм каналов в Узбекистане. Только активные каналы по категориям и с подробной статистикой.
O‘zbek tilida savodli yozishni biz bilan boshlang.
С нами вы научитесь грамотно писать на узбекском языке.
O‘zbek tilining sinonimlar lug‘ati. Saytda 3300 tadan ortiq so‘zlar, 900 ga yaqin sinonim so‘zlar to‘plamiga jamlangan.
Словарь синонимов узбекского языка на нашем сайте содержит более 3300 слов и 900 синонимов.