фотиҳа
билан улашинг
1. дин. 1 Қуръоннинг биринчи, бошланғич сураси, бошланиши.
2. Кимсага эзгулик тилаб айтиладиган дуо, олқиш.
-
Чоллар Қудратга тани-жони соғлик, ишига барака тилаб, фотиҳага қўл кўтардилар. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Раҳим домла фотиҳага қўл очиб, ёшларни дуо қилди. Ҳ. Ғулом, Машъал
3. Бирор иш-ҳаракатни бажаришга киришаётган кишига омад, бахт тилаган холда бериладиган рухсат, ижозат.
-
Фотиҳа бермоқ. Фотиҳа олмоқ.
-
Мен рози, куёв қиламиз, фотиҳа беринг. У. Исмоилов, Сайланма
-
Ориф сардор халқдан фотиҳа олиб, отини югуртириб, тўдага кетди. А. Қодирий, Кичик асарлар
4. этн. Қиз билан йигит турмуш қуришга рози бўлгандан кейин, буни қариндош-уруғ, маҳалла аҳлига маълум қилиш мақсадида никоҳсан олдин ўтказиладиган маросим; унаштириш.
-
Фотиҳа гўё ярим никоҳ, у икки томоннинг келажак ҳаётига тақдир муҳрини босади. Ойбек, Танланган асарлар
-
Мусулмон бўлсаларинг, қизимга тегманглар! Бировнинг омонати! Бировга фотиҳа бўлган. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
5. этн. Ўлик чиққан хонадонда ўлимнинг дастлабки уч куни ҳамда ҳайит кунлари марҳумнинг хотираси учун ўтказиладиган маросим; таъзия.
-
Фотиҳага кириб чиқмоқ.
-
Ўлигим кафансиз қолмаса, дуойи фотиҳага келганларнинг олдига битта-иккита қаттиқ-қуттиқ нон қўйсангиз бўлгани. А. Қаҳҳор, Сароб
-
Шу пайт уч киши фотиҳага кирди. С. Сиёев, Аваз
6. кўчма Табриклаш, муборакбод қилиш, яхши тилаклар билдириш.
-
[Махдум:] Сен қизларингни озод қўй, Нигор, дастурхон тайёрлаб, чой қайнат! Фотиҳага одамлар келса керак. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
фотиҳа сўзи қатнашган жумлалар:
Фотиҳа ўқимоқ
-
Мирзакаримбой қўллари билан соқолини енгилгина сийпаб, марҳумга фотиҳа ўқиган бўлди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Кампир тепасини бурган босган қабр олдида тўхтаб, ҳассасига суяниб, ерга ўтирди-да, нималарнидир пичирлаб, фотиҳа ўқиди. И. Раҳим, Ихлос
-
Ошдан сўнг уста Олим шундай фотиҳа ўқиди: — Душманларингизнинг йўқ бўлганлари чин бўлсин, севганингиз билан энди масъуд яшанг! А. Қодирий, Ўтган кунлар
Фотиҳа қилмоқ
-
Қаландар пойгакка чордана қурди. Ичида ниманидир пичирлади, фотиҳа қилди. С. Сиёев, Ёруғлик
Юзига фотиҳа тортмоқ
-
Насиба креслога ўтириб, юзига фотиҳа тортди. А. Қаҳҳор, Асарлар
-
Ботир ҳам бобосига қўшилиб, юзига фотиҳа тортди. А. Дилмуродов, Осмоннинг бир парчаси
Оқ фотиҳа
-
Ота, сиздан оқ фотиҳа тилайман, Ширвон элда Зулхуморга бораман. Равшан
-
[ Тангриқул ҳожи:] Менга оқ фотиҳа беринг, сафар отини эгарлаб, йўлга чиқай М. Осим, Ибн Сино қиссаси
Фотиҳа сўрамоқ
-
Абдураҳмон сардор қайтмоқчи бўлиб, халифадан фотиҳа сўради. С. Айний, Қуллар
Фотиҳа тўйи
-
Келинг катта тўйдан илгари фотиҳа тўйини ўтказиб олайлик. Ҳамза, Ким ўғри?
-
Ичкарида бир оқсоч кампир, ташқарида бир карқулоқ отбоқар қолган, бошқа ҳеч ким йўқ, ҳамма фотиҳа тўйига кетган. К. Яшин, Ҳамза
ФОТИҲА сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
FOTIHA сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
фотиҳа сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар