кет
билан улашинг
1. Ўз турган жойини тарк этмоқ, ўз турган жойидан бошқа томонга йўл олмоқ; бормоқ.
-
Бу ердан ҳеч ёққа кетмайман. Келмоқ ихтиёр билан, кетмоқ ижозат билан. Мақол
-
[Йўлчи:] Унсин, бу оила қандай? Кетасанми ё бу ерда қола турасанми? Ойбек, Танланган асарлар
-
Агар ораларингизга совуқчилик тушадиган бўлса, сен ўчакишиб юрма, яхшиси бу уйдан кетиш ҳаракатини қил! А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Меҳмонлар уч кун туриб, кетишди. С. Сиёев, Ёруғлик
-
Гулнор, қишлоқдан кетиб, чўлда ўрнашиб олсак, қулоғим тинчир, деб ўзини ўзи юпатди. С. Аҳмад, Уфқ
2. Бирор машғулот, хизмат ёки вазифани тарк этмоқ, ташламоқ.
-
Ишдан кетмоқ. Уқишдан кетмоқ.
-
Сендай ақли расо, тушунадиган одам бўлса, заводдан кетмас эдим. А. Қаҳҳор, Қанотсиз читтак
-
Хотинингизни нега ташлаб кетганингизни айтинг Ярашасизми ё институтдан кетасизми, шуни айтинг. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
3. Тамом бўлмоқ, тугамоқ, ўтмоқ (вақт ҳақида).
-
Бўлинглар, вақт кетяпти. Вақтинг кетди —
-
бахтинг кетди. Мақол
-
Шундай роҳат турмуш им издан, шундай ширин умримиздан дарров бир йили кетдими! Оҳ, дод дейман. А. Қаҳҳор, Нутқ
4. Йўқ бўлмоқ, йўқолмоқ, аримоқ.
-
Далалардан қор кетди. Кийимнинг доғи кетмади.
-
Ҳасрат тугагандан сўнг, Отабекнинг юзидаги бояги ярим жиддийлик кетиб, унинг ўрнини ўйчанлик олди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Қадаҳ тўхтаб қолди. Суҳбатдан нечукдир файз кетди. А. Қаҳҳор, Қанотсиз читтак
-
Кун бўйи қулоқлари остидан жуда ғалати олис-олисларга чорловчи ажиб бир мусиқа кетмади. О. Ёқубов, Эр бошига иш тушса
5. кўчма Оламдан ўтмоқ; ўлмоқ.
-
Мен ўн бешга кирганда, аям ўлди. Ҳали қирққа бормаганди. Ёш кетди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Минг мартаба шукур бўлсин парвардигорга, Мендан рози кетган экан қиблагоҳларим. А. Орипов, Жаннатга йўл
6. Сарф бўлмоқ, ишлатилмоқ.
-
Йўл харажатига ҳаммаси бўлиб эллик сўм кетди. Бу ишни бажаришга кўп вақт кетади. Рўзғорга кетадиган нарсалар.
-
Куч кўп кетади, лекин экинлар ичида бундан (пахтадан] сердаромади йўқ. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
7. сўзлашув тили Ўтмоқ, сотилмоқ, пулланмоқ.
-
Тез кетадиган мол.
-
Хуллас, ер жуда арзонга кетди. Ойбек, Танланган асарлар
8. Муайян мақсад ёки сабаб билан бирон жойга, иш-фаолият ва шу кабилар жойга томон йўл олмоқ; жўнамоқ.
-
Қишлоққа кетмоқ. Армияга кетмоқ. Ишга кетмоқ. Тўйга кетмоқ.
-
Кунига оқшом тушса, Мартиндан қўрқиб, кўчага чиқмай, тузсиз макарон чайнаб юргунча, шаҳримга кетаман. С. Сиёев, Ёруғлик
-
Ширмонжон она шу аҳволда тонг оттиради-ю, яна далага теримга кетади. С. Зуннунова, Олов
9. Давом этмоқ; бормоқ, бўлмоқ.
-
Имтиҳон кетяпти. Мажлис кетяпти.
-
Ўрмонжон, одатда, иш сустроқ ёки ёмонроқ кетаётган участкаларга борар эди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Агар биз ернинг доли-гулига келишини кутиб ўтирсак, вақтдан ютқазадиганга ўхшаймиз, ҳаво шундай кетавермас [деди бригадир]. Н. Сафаров, Хадича Аҳророва
10. кўчма Иш-фаолиятнинг бирор соҳаси, йўналиши билан бормоқ, давом этмоқ.
-
Акаси учувчи эди, укаси ҳам унинг орқасидан кетди. Бола отаси изидан кетиб, ўқитувчи бўлди.
-
Бутун оиласи бу ерга резавор экиб, мумкин қадар элдан бурунроқ бозорга чиқариб, пул қилишга тиришар эди. Абдишукур бу йўлдан кетмади. Ойбек, Танланган асарлар
11. Тарқамоқ, бориб етмоқ (овоза, довруқ ва шу кабилар ҳақида).
-
Шуҳрати бутун дунёга кетди.
-
Аммо номи тилдан-тилга ўтиб, бутун фронтга довруғи кетган бу қизнинг ўйида фақат Нормат кечарди. И. Раҳим, Чин муҳаббат
-
Унинг таърифи узоқларга кетган. Т. Ашуров, Оқ от
12. сўзлашув тили Ишдан чиқмоқ (масалан синмоқ, ёрилмоқ, йиртилмоқ каби маъноларни ифодалайди).
-
Шимим тиззасидан кетди.
-
Араванинг тагидан деҳқоннинг аянчли товуши эшитилди: — Ўқи кетибди, иш пачава. Ойбек, Танланган асарлар
13. сўзлашув тили Ярашиб тушмоқ (кийим ҳақида).
-
Бу костюм сенга жуда кетибди.
14. Истеъмол қилинмоқ, ейилмоқ ёки ичилмоқ; ўтмоқ.
-
Иссиқ кунда палов унча кетмайди.
-
— Чучварадан кейин чой жуда яхши кетади-да, — деди Боқижон Бақоев, юзидаги терни артиб. А. Қаҳҳор, Адабиёт муаллими
15. сўзлашув тили (асосан бўлишсиз шаклда — кетмайди) Қўшилмаслик, маъқул эмасликни билдиради.
-
— Ҳим, оқсоқол мажлисни қадимги замон усулида тарафкашликка айлантирмоқчи экан-да. Кетмайди, — деди Абдурасул. П. Турсун, Ўқитувчи
16. Сиғмоқ, жойланмоқ.
-
Бу самоварга уч литр сув кетади. Залга икки юз киши кетади.
17. кўм. фл. взф. Равишдошнинг -(и)б ёки -а/-й қўшимчали шаклларига бирикиб, ҳаракатнинг тугал, тўсатдан, давомли бажарилиши каби маъноларни билдиради.
-
Қизариб кетмоқ. Ғовлаб кетмоқ. Чарчаб кетмоқ. Қўрқиб кетди. Машина бирдан ғувуллаб юриб кетди. Ўз мақсадини тушунтира кетди. Йўрғалай кетди.
кет сўзи қатнашган жумлалар:
Беш кетмоқ
Сув текин кетди
Ўзидан (ёки ҳушидан) кетмоқ
-
— Ҳушимдан кетиб қолдим, кейин нима бўлганини билмайман, — деди Ҳожи хола. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
Зил кетмоқ
-
Натижада ютуқларимизни кўролмай, ич-ичидан зил кетаётган душманларимиз шарманда-ю шармисор бўлди. Н. Сафаров, Оловли излар
Муккасидан кетмоқ
-
У шахматга шунақанги муккасидан кетганки, агар Фарғона водийсида бу ўйинга жонини тикадиган одам иккита бўлса, шунинг биттаси — Аҳмаджонов. Гулдаста
КЕТ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
KET сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
кет сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар