мин
билан улашинг
1. Бирор нарсанинг устига (одатда от-уловга) оёқларни икки ёққа солинтириб ўтириб олмоқ.
-
Туяга минмоқ. Мотоциклга минмоқ. От кимники — минганники. Мақол
-
Ёрмат араванинг ҳар қисмига разм солиб, кейин чаққонлик билан отга минди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Бўтабой азим туп ёнғоққа тирмашиб, боғ деворига минди. С. Аҳмад, Ҳукм
2. шева Транспорт воситаларига чиқмоқ, ўтирмоқ.
-
Аравага минмоқ. Трамвайга минмоқ. Машинага минмоқ.
-
У ердан одатда кемага минилар, Чоржўйда ўтаравага ўтириш керак эди. С. Сиёев, Аваз
-
Бобоқул ота Қайнардан қайтишда Тўламат мўйловнинг пичан ортилган автокачкасига минишга мажбур бўлди. С. Анорбоев, Оқсой
3. шева Транспорт воситаларининг бирор турини бошқармоқ, ҳайдамоқ.
-
Машина минмоқ. Арава минмоқ.
-
Жон фиғон бундан беш-олти йил бурун қайси бир идоранинг извошини минар экан, киракашлик қилиб, қўлга тушгандан кейин ҳайдашибди. А. Қаҳҳор, Жон-фиғон
-
Арслон чиройли костюмларини гардеробга илиб, комбинезон кийиб, универсал минди. Мирмуҳсин, Яширинган куч
4. кўма. Ўтирмоқ, инмоқ.
-
Булбул кетиб, боғда навоси тинди, Юлдуз елкасига гўё тоғ минди. Б. Бойқобилов, Садоқат
5. Амал, мансаб мазмунли сўзлар билан қўлланиб, шу сўз билдирган вазифа, лавозим. мансабни эгалламоқ маъносини билдиради.
-
Нодон Анвар ўрдадан қувланиш ери-да сармуншийлик маснадига минмоқчи! А. Қодирий, Меҳробдан чаён
-
Амалга янги минган ҳовлиқма одамдек бурнини кўтарган. Ойбек, Танланган асарлар
-
Аъзам Мираҳмедов бош врачлик лавозимига минди-ю, хўмрайиб кириб, чимирилиб чиқадиган бўлди-қолди. Муштум
6. Авж, ғазаб каби айрим сўзлар билан қўлланиб, шу сўзлар билдирган ҳолатнинг юз бериши маъносини билдиради.
-
Беўхшов чўлнинг дайди шамоли авжга минган. Ф. Нуруллаев, Бўз йигит
-
— Тўхтат деяпман сенга! — лаблари пирпираб, жаҳлга миниб бақирди раис. Муштум
-
Совуқ чунон қаҳрига минганки тишимиз тишимизга тегмай қалтираймиз. О. Ҳусанов, Қўшиқчининг тақдири
мин сўзи қатнашган жумлалар:
Елкасига (ёки бўйнига) минмоқ
-
Салимбойваччанинг елкасига миниш учун Гулнор қурбон бўлиши керак. Ойбек, Танланган асарлар
-
Келиним ўлгурнинг бурнини бир ерга ишқаб бермасангиз, болагинамнинг бўйнига миниб олди. С. Аҳмад, Сайланма
Ерни миниб олмоқ
-
Тангриқул ҳожи катта ҳамёнини —узанги, чоракор батракларни —
-
жилов қилиб, ерни маълум даражада миниб олган эди. Ғулом ака ерни минолмас эди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари.
МИН сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
MIN сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
мин сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар