нозик
билан улашинг
1. Юксак маҳорат ва санъат билан жуда бежирим қилиб ишланган; нафис, латиф.
-
Искандаров ҳавас ва таажжуб билан биноларга, бой жиҳозларга, айниқса, нозик санъат буюмларига, эшик ва деразаларга назар ташлаб қўярди. Ойбек, Нур қидириб
2. Ингичка; юпқа, ҳарир.
-
Нозик ип.
-
Дуторнинг нозик торларидан чиққан Наво куйи ўз ноласига тушунгувчи Отабекдек йигитларга жуда муҳтож эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
3. Юпқа, ҳарир.
-
У гунафша гулли нозик батис кўйлак кийиб, чойшабни томоғигача тортиб, журнал ўқиб ётарди. Ойдин, Ҳикоялар
4. Бежирим, латиф; хипча.
-
Момиқ пахталар унинг нозик бармоқларига ўзи илашиб чиқар, чаноқлар ҳайратдан оғиз очиб, силкиниб қоларди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Иигит маҳбубасининг нозик қўлларидан тутиб, ўзига тортарди. С. Анорбоев, Оқсой
-
Мурзин унинг паришон сочларини, нозик бўйнига ёпишган майин, жонсизгина соч толаларини томоша қиларди. Шуҳрат, Шинелли йиллар
5. Заиф, нимжон.
-
Нозик майса.
-
Укамни дурустроқ жойга ўрнаштиринг, ўзи нимжон, нозикроқ бола., шамоллаб-нетиб қолмасин. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Нозик, ранг-баранг парвоналар, капалаклар лампа атрофида айланар эдилар. Ойбек, Танланган асарлар
6. Мулойим, майин ва ёқимли, назокатли.
-
Нозик табассум.
-
Дилхирож
-
ўзининг майда қадами, нозик ҳаракатлари билан даврага кириб келди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Халқ кўнглини овлаган, Улфатда доим. Овози жонга ёқар, Нозик, мулойим. Қ. Муҳаммадий
-
У куйнинг сеҳрига берилиб, интизор кўзларини нозик юмди, бошини қуйи солди. Шуҳрат, Шинелли йиллар
7. Салга синадиган, узиладиган, йиртиладиган; бўш, мўрт.
-
Нозик буюм. я Олимовнинг қўлидаги юклар ҳамманикидан оғирроқ, нозикроқ эди. Ҳ. Назир, Сўнмас чақмоқлар
8. кўчма Ўзига хос қийинчиликлари бўлган, алоҳида маҳорат, малака, билим талаб этадиган.
-
Ғўза суғориш — нозик иш. Ойбек, Олтин водийдан шабадалар.
9. кўчма Ўз ишини майда икир-чикирларигача яхши биладиган; уста.
-
Секретарнинг отаси нозик гулчи эди. Ойбек, Олтин водийдан шабадалар
10. кўчма Алоҳида эҳтиёткорлик талаб этадиган; қалтис.
-
Нозик масала. Нозик пайт. Нозик аҳвол.
-
Асрора ўйлаб қараса, кўнгил иши нозик нарса экан. С. Аҳмад, Уфқ
-
— Кейинги пайтда замон нозик бўлиб қолди, — афсус билан бош чайқарди Ўсар бухгалтер. А. Кўчимов, Ҳалқа
-
Бўлмаса, селпо раислигидай нозик лавозимда ўн-ўн беш йил муқим ишлаш осонми?!Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
11. кўчма Алоҳида эътибор, мулозамат, такаллуф талаб этадиган, иззатталаб.
-
Нозик меҳмон.
-
— Хўжайин банд, олдиларида нозик одам бор. Мажлис қилишяпти, — деди секретар. С. Абдуқаҳҳор, Санамай саккиз дема
12. кўчма Қичиқли; инжиқ.
-
Бобоқулнинг кўзларидаги нозик киноя унинг иззат-нафсига ханжардек қадалди. Ойбек, Навоий
13. Нозик (хотин-қизлар исми).
нозик сўзи қатнашган жумлалар:
Нозик табиат
-
Шу қадар зиқ, нозик табиат бўлиб қолгани учун Бегимхон кўп дакки эшитди. И. Раҳим, Чин муҳаббат
Кўнгли нозик
Нозик дид ёки диди нозик
-
Нозик дидли рассомларни ҳам ҳайратда қолдирадиган ойнадаги нақш [Элмуроднинг] хаёлини банд этди. Шуҳрат, Шинелли йиллар. Нозик жойи Камчилиги, айби
-
Азиза Ёдгорнинг нозик жойларини яхши билади. Шунча кўргиликлари эвазига эридан қасос олишга аҳд қилди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
НОЗИК сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
NOZIK сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
нозик сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар