ўл
билан улашинг
1. Ҳаёти тугамоқ, яшашдан тўхтамоқ, қазо қилмоқ.
-
Ўз ажали билан ўлмоқ. Йиқилиб ўлмоқ. Ботир ўлса, номи қолар, Номард ўлса, неси қолар. Мақол
-
Кечга яқин йўл устида ярадор лейтенант ўлди. Ойбек, Қуёш қораймас
-
Бунинг устига кутилмаганда бир сурувдан устма-уст иккита қўй касалланиб ўлди. П. Қодиров, Қора кўзлар
2. Йўқ бўлмоқ, барҳам топмоқ.
-
Ҳаваси ўлмоқ. Иштаҳаси ўлмоқ.
-
Муҳташам саройларнинг зиёси кетган, Ўлаётган синфдек зиёси кетган. Ғайратий
-
Ер юзида ўлмасин, номингни сақлаб қолгин. У. Исмоилов, Сайланма
3. Бирор сифати, хусусияти ва шу кабиларни йўқотмоқ, яроқсиз ҳолга келмоқ.
-
Ўлган оҳак.
-
Робия хола қайноғи ўлиб қолган чойдишга ўт қалаб юборди. С. Зуннунова, Олов
4. Бирор ҳаракат-ҳолат таъсирида жуда ночор, оғир аҳволда қолганликни билдиради.
-
Мирмуродов соатни бир амаллаб олти қилгунча ўлаёзди. Гулдаста
-
Э, вокзалнинг олдида ўлдим-чарчадим, афтимнинг куясини кўр. Ойбек, Болалик
5. кўм. fl.vzf . Етакчи феъл билдирган ҳаракатни кучайтириб ифодалайди, ортиқ даражасини қайд этади.
-
[ Тўйбека:] Мени эрга берганларида, сенга ўхшаш мен ҳам йиғлаган эдим, аммо ичимда никоҳ кунининг тезроқ келишини кута-кута ўлган эдим. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Қимматхон ҳар келганида, она сигирдай ялаб-юлқаб ўлади. Шуҳрат, Жаннат қидирганлар
ўл сўзи қатнашган жумлалар:
Ажалидан беш кун бурун ўлмоқ
-
[ Кумуш:] Ўғрилар тешиб, олдимга чиққанларида, мен нима қилар эдим? Оҳ, отажон! Мен ажалимдан беш кун бурун ўлар эдим. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Уятга (ёки номусга) ўлмоқ
-
Сидиқжон номусга ўлиб, ғазабидан кўзига қон тўлиб, нима қилишини билмай, хийла туриб қолди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Эти ўлмоқ
-
Дарра келгунча этим ўлиб, дарра еганим билинмайди. Латифалар
-
Ё ғирт содда, ё анойи ёки аёлларни кўравериб Поччаев аччиқ ҳазил, кинояли гаплар, ҳатто калака қилишлар ҳам кор қилмайдиган бўлиб, эти ўлиб қолган эди. А. Мухтор, Туғилиш
Ўлай агар
-
Ўлай агар, кўрганим йўқ.
-
ўлай агар, бор-йўқ пулим шу, мен мусофирман. Х. Тўхтабоев, Ширин қовунлар мамлакати
Ўлганнинг кунидан
-
Ўлганимнинг кунидан рози бўлдим.
-
Ўлганимнинг кунидан чолга тегиб бораман. Қўшнилар
Ўлганнинг устига кўмган
-
Буниси ўлганнинг устига кўмган бўлди. Муштум
Ўлганнинг устига (чиқиб) тепмоқ
-
Худойга шукур, қўлингда хатинг бор, ўлганнинг устига чиқиб тепгандек хат-хабарсиз қўйма! А. Қодирий, Ўтган кунлар
Ўлиб бўлдим ёки ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим
-
Уҳ, ўлиб бўлдим, қизим! Ёлғиз қўйни ҳайдаш нуқул азоб! Ойбек, Танланган асарлар
-
Юпатгунимизча эр-хотин ўлиб бўлдик. С. Зуннунова, Янги директор
-
Шарифжон, ўлар бўлсам, ўлиб бўлдим. Бу поччанг мени адо қилди. Э. Раимов, Ажаб қишлоқ
Ўлиб турган (ёки юрган) экан
-
дўндиқчангни муҳайё қилиб берайлик, дедим. Жонкелди ўлиб турган экан, қулоқ қоқмай, хўп, деди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Бирорта ҳамёни каттароққа пулласам, деб томоғи қақраб ўлиб юрибди. П. Турсун, Ўқитувчи
Ўлмаган менинг жоним (ёки сенинг жонинг)
-
Вой, Марасул ака-ей, ўлмаган сизнинг жонингиз! Бу шаллақи билан қанақа умр қилиб кела-ётибсиз? А. Қаҳҳор, Оғриқ тишлар
Ўлса ҳам
-
Ўз отасини сийламаган, ўлса ҳам бизни одам ўрнида кўрмас! Ёдгор
ЎЛ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
O‘L сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
ўл сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар