Izoh.uz сайтида туш сўзининг изоҳи ва маънолари

туш

фл

1. Юқоридан, баланддан ёки бирор нарса устидан пастга томон ҳаракат қилмоқ; йўналмоқ.

  1. Ердан чиқдими, осмондан тушдими, йўлда биттаси пайдо бўлиб қолсами?! О. Мўминов, Хиёбондаги уч учрашув

  2. Машина шундоққина Менглибойнинг ёнига келиб тўхтади-ю, ундан эшикни тарсиллатиб очиб, Ҳазратқул билан Темурланг тушди. С. Аҳмад, Юлдуз

  3. Сен баланд тоғ узра эрдинг мисли оҳу ёки қуш, Ёлвориб мен пастда дердим: Бир нафас ёнимга туш. Э. Воҳидов, Муҳаббат

2. Чиқиб жойлашган, ўтирган, бўлган жойини тарк этиб, ерга инмоқ.

  1. Самолётдан тушмоқ. Аравадан тушмоқ. Томдан тушмоқ. Автобусдан тушмоқ.

  2. Кечирасиз, қаерда тушмоқчилар? Х. Тўхтабоев, Ширин қовунлар мамлакати

  3. Вагондан энг кейин тушган Аҳмаджон: — Строй [саф] бўлмасдан шундай кетаверсак бўлмасмикан, — деди. А. Қаҳҳор, Олтин юлдуз

3. Ўз жойидан чиқмоқ, кўчмоқ; чиқиб, кўчиб жойидан кетмоқ, йўқ бўлмоқ.

  1. Сочи тушмоқ. Илоннинг пўсти тушибди. Молнинг туёғи тушибди.

  2. Бунинг устига унинг [ Нафисанинг] тиши тушган — бу ҳомиладор вақтида содир бўлган эди. Мирмуҳсин, Топилган ҳусн

  3. [Яра] Усти қора қўтир бўлиб қотади, у тушиб кетгандан сўнг, яна тери асли, соғ ҳолига қайтади. Газетадан

4. Мансаб, лавозим ва шу кабилардан кетмоқ, бўшамоқ.

  1. Мен хизматдан тушгандан сўнг пиёда юриш яхши бўладими? А. Қодирий, Меҳробдан чаён

  2. икки ҳафтадан сўнг бўшашганича қайтиб келди — Оқ пошшо тахтдан тушгани билан, оқ амин аминлигидан тушмапти, — деди. А. Қаҳҳор, Асрор бобо

  3. Мана, мудирликдан тушди-ю, хийла одамшаванда бўлиб қолди. П. Турсун, Ўқитувчи

5. Мавқе, даража, қиймат ва шу кабилар жиҳатдан даражаси пастлашмоқ, бўшашмоқ.

  1. Шаштидан тушмоқ. Ҳовуридан тушмоқ. Қадри тушмоқ. Руҳи тушмоқ.

  2. Факультетимиз институт бўйича умумий рўйхатда бешинчи ўринга тушиб қолибди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол

  3. Дунё бозорида териларимизнинг нархи тушмаса дейман. С. Аҳмад, Юлдуз

6. Қуйи томон йўналмоқ, қуйи сатҳдан жой олмоқ.

  1. Шаҳарга тушмоқ. Бозорга тушмоқ. Ерга тушмоқ.

  2. Улар мажнунтоллар орасидан ўтиб, сойга тушдилар. О. Ёқубов, Эр бошига иш тушса

  3. Кампир жавоб бўлмаганидан ҳайрон қолди шекилли, зиналардан авайлаб қадам босиб, ҳовлига тушди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол

7. Сатҳнинг бирор томони, ўрнидан жой олмоқ, унда бўлмоқ.

  1. Ялпи шовқин билан тортишмачоқ бошланди: қиз томондан гумбаздек юм-юмалоқ хотин белини белбоғ билан маҳкам боғлаб, ўртага тушди. Ойбек, Танланган асарлар

  2. Эшқобил бунақа давраларга кўп тушган. М. Ҳазратқулов, Журъат

  3. Шамси Тўраевич унинг гапларига қулоқ ҳам солмасдан, олдинга тушганча лўмбиллаб кетаверди. Н. Аминов, Суварак

8. Турли томоша ва бошқалар бўладиган, кўриладиган жойга кирмоқ.

  1. Театрга тушмоқ. Циркка тушмоқ. Стадионга тушмоқ.

  2. Улар фақат бир марта кинога тушишди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол

  3. У ҳордиқ оқшоми ҳаммомга тушди-ю, ходмигарлардан бирига ҳалиги сўроғини берди. А. Қаҳҳор, Асарлар

9. Даволаниш, ахлоқ тузатиш ва шу кабилар масканга олинмоқ, унда бўлмоқ.

  1. Қамоққа (турмага) тушмоқ. Милисага тушмоқ.

  2. У фақат бир нарсани — отаси касал-хонага тушганини онасига билдирмасликни ўйларди, холос. О. Ёқубов, Эр бошига иш тушса

  3. Эҳтимол, кўп ичиб қўйиб, ҳушёрхонага тушгандир. Муштум

10. Қуйи томон йўналиб, осилиб, сатҳнинг маълум нуқтасига етмоқ, ўша ўринда турмоқ.

  1. Гавҳарнинг эгнида гулдор кўк кўй-лак қоп-қора, узун сочлари тақимига тушиб турибди. С. Сиёев, Ёруғлик

  2. Ҳирот йигитларига хос ихчамгина салла ўраб олган, салланинг зар чизиқли печи елкасига тушиб турар эди. Мирмуҳсин, Меъмор

  3. Ёқимли садонинг сеҳрига берилиб, кўзлари секин юмилди, боши яна қуйироқ тушди. Ойбек, Танланган асарлар

11. Келин бўлмоқ; эрга тегмоқ, куёвга чиқмоқ.

  1. Синглим тушган ерларга Ой бўлайин, ёр-ёр Қўшиқлар

  2. У киши менинг янгам бўлади, акамга тушган. Гулдаста

  3. Ҳой, Тўрахон, Тешабойга тушганингизга ҳам уч йил бўп қолди шекилли. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча

12. Ҳаракат, нарсани бажармоқ, қилмоқ маъносини билдиради.

  1. Гапга тушмоқ. Мақтанишга тушмоқ.

  2. ҳаваскор ҳофизлар қўшиқ айтди, шўх йигитлар ўйин тушди. С. Юнусов, Кутилмаган хазина

  3. Кечалар тонготарга қадар Ҳалимахон қўшиқ айтиб, Тамарахон рақсга тушган жойларда бўлдик. Ўзбекистон қўриқлари

13. Шахс (кимса)да шу феъл бириккан сўз билдирган ҳолат юз бериши, унинг шундай вазиятда қолиши маъносини билдиради.

  1. Саросимага тушмоқ. Даҳшатга тушмоқ. Талвасага тушмоқ. Ҳайратга тушмоқ.

  2. Бу манзарани кўриб турган халойиқ бир лаҳза ҳаяжонга тушиб, саросималаниб қолди. К. Яшин, Ҳамза

  3. Баширжон ҳам акахонининг бу сукутидан ноқулай аҳволга тушиб, лом-лим демай, унга зимдан бир қараб қўйди-да Н. Аминов, Суварак

14. Борликда шу феъл бириккан сўз англатган нарсанинг юзага келиши, бўлиши маъносини билдиради.

  1. Оқшом тушиб, зиёфат яримлаганда, ҳовлиқиб ҳудайчи кирди. С. Сиёев, Аваз

  2. Орага бир лаҳза жимлик тушди. С. Зуннунова, Янги директор

  3. Улар совуқ тушиб қолмасдан кўзлаган манзилларига етиш учун толмас қанотларини бетиним силкитардилар. Газетадан

15. Бирор иш, манбадан қўлга кирмоқ, келмоқ (пул, даромад кабилар ҳақида).

  1. Тузуккина тушиб туради, яширишнинг ҳожати йўқ. О. Мўминов, Хиёбондаги уч учрашув

  2. Оши ҳалолга тушадиган овқат ортиб қола бошлади. С. Сиёев, Ёруғлик

  3. Ўғлимнинг қўлига пул тушди дегунча еб қўяди. Муштум

16. Маълум нарса, ҳаракат-ҳолатнинг бирор кимса ёки нарса учун шу феъл боғланган сўз англатган маънода бўлишини билдиради.

  1. Юлдузингиз нақ бир-бирингизга тўғри тушган экан, иккингизнинг ҳам бир-бирингиздан камлигингиз йўқ! А. Қодирий, Ўтган кунлар

  2. Бу ёш йигит, дунёда муҳаббатни ҳар қандай қулфга тушадиган калитга айлантириб олган хотинлар ҳам борлигини билиб қўйсин А. Қаҳҳор, Асарлар

  3. Унинг сурати ҳам асосий мақсадга, Алишернинг табиатига хўб мувофиқ тушади. Ойбек, Навоий

17. Шахс учун бирор нарса қандайдир қиймат, миқдор билан тегмоқ, қўлга кирмоқ, тўғри келмоқ.

  1. Сарф-харажат эса олтиннинг ўзидан ҳам қимматга тушаётган эди. С. Кароматов, Олтин қум

  2. Лекин ўша ўтни сигирга едириб, қачон сут бўлишини пойлаб ўтиргандан кўра, ўтнинг ўзидан олса, ҳам арзон, ҳам осон тушаркан. Шукрулло, Сайланма

  3. Ўзиям [беда] сув текин тушди. Ойбек, Танланган асарлар

18. Урилмоқ, тегмоқ (бирор нарса билан бўлган зарб ҳақида).

  1. Шу шовқин-сурон орасида Бектемировнинг қорни ва белига бир-икки тепки тушди. С. Аҳмад, Ҳукм

  2. Бирдан елкамга тушган муштдан уйғониб кетдим. Э. Раимов, Ажаб қишлоқ

  3. Унинг шапалоғи шарақ этиб Ғуломнинг чап юзига тушди. М. Ҳазратқулов, Журъат

19. Пайдо бўлмоқ, юз бермоқ.

  1. [Мадраимбойнинг] Сариқ-қўнғир чўққи соқолига бирдан оқ тушди. Ж. Шарипов, Хоразм

  2. — Жин-пин урганми сени? — Аҳмад бригадирнинг юрагига ғулғула тушди С. Нуров, Нарвон

  3. Сув қўйибман жийда майдон бурчига, Хол тушибдир келинчакнинг юзига Қўшиқлар

  4. Бу фожиа катта кемага тушган дарзга ўхшарди. Мирмуҳсин, Меъмор

20. Барпо этилмоқ, қурилмоқ.

  1. Ертўлалар бирин-кетин йўқолиб, ўрнига уйлар туша бошлади. Ўзбекистон қўриқлари

  2. Сидиқжоннинг диққати териб қўйилган сон-саноқсиз ғиштга жалб бўлди

  3. Шу ерга мактаб тушади [деди хотин] А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари

  4. Канал тушмасдан илгари бир одам Шаҳрихондан тухум кўтарса, Учқўрғондан кўринарди, шундоқ яйдоқ эди. Ўзбекистон қўриқлари

21. Банд ҳолатга дучор бўлмоқ, илинмоқ.

  1. Тузоққа тушмоқ. Қопқонга тушмоқ. Тўдадан ажралган тўрга тушар. Мақол

  2. Бобур Шайбонийхоннинг қўлига тушса, тирик қутула олмаслигини билади. П. Қодиров, Юлдузли тунлар

  3. Орқа томонидан ўқ ёғдирилаётганига Дурди қилич ҳайрон: Наҳотки қуршовга тушиб қолдик, деб гаранг эди. Ж. Шарипов, Хоразм

22. Олинмоқ, берилмоқ (хат, ариза ва шу кабилар ҳақида).

  1. Тингловчилардан савол тушди. Илтимос тушди. Таклиф тушди.

  2. Орадан кўп ўтмай редакцияга шундай хат тушди. Муштум

  3. Мажлисга яна ўн тўққиз кишидан ариза тушди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари

23. Ўзга учун сарф-харажат қилмоқ, шундай сарф-харажатга илинмоқ.

  1. Хотин киши эрига хушомад қилдими билингки, каттароқ бир нарсага туширмоқчи. С. Сиёев, Отлиқ аёл

  2. ҳали битта морожний эмас, лимонадга ҳам тушасиз Мирмуҳсин, Умид

24. кўм. фл. взф. Ҳаракатнинг қўққисдан, кутилмаганда бажарилиши маъносини билдиради; маънони кучайтиради.

  1. Чўчиб тушмоқ. Қоқилиб тушмоқ. Бу сўзлар унга ёқиб тушди.

  2. — Аҳмаджон оға, — деб чақирганини эшитди. Юраги бир сапчиб тушди. С. Сиёев, Аваз

  3. Унинг калтагина мўйлови, қоп-қора қоши ўзига ярашиб тушган. Ҳ. Шамс, Душман

туш сўзи қатнашган жумлалар:

Асир тушмоқ

Бандилик ҳолатида бўлмоқ, душман қўлига тушмоқ.

Айри тушмоқ

  1. Кўзи хира тортиб борарди, Айри тушиб ёруғ оламдан. Х. Даврон, Болаликнинг овози

Бош(и)га тушмоқ

1. Қисматда тўғри келмоқ, хоҳиш-ихтиёрдан ташқари ҳаётда дуч келмоқ, тўғри келмоқ.
  1. Бошга тушганни кўз кўрар. Мақол

  2. Низомжон ўз бошига тушадиган савдоларнинг худди шу дақиқадан бошланишини қаёқдан билсин. С. Аҳмад, Уфқ

  3. Дунёнинг ишлари шунақа экан, дўстим. Бошингизга тушган ишларнинг ҳаммасидан хабарим бор. К. Яшин, Ҳамза

2. айн. Бўйнига тушмоқ.
  1. Ўн беш яшар чоғимда, Рўзғор бошимга тушди. Оқ олма, қизил олма.

Бўйнига тушмоқ

  1. Шундай қилиб, мовут менинг бўйнимга тушиб турибди, денг?! С. Зуннунова, Янги директор

Ёдига тушмоқ

Хаёлида (ёдида) қайта тикланмоқ.
  1. — Онамни хафа қилганим ёдимга тушди, — деди хотини яна кўзига ёш олиб. Гулдаста

Ёнига тушмоқ

1. Ёнига ўтмоқ.
  1. кўзларини ерга бир лаҳза қадаб турди-да, кейин шартта ҳалиги йигитнинг ёнига тушиб, ўйнаб кетди. К. Яшин, Ҳамза

2. яна Тарафини олмоқ, ҳимоя қилмоқ, ёнини олмоқ ().

Зиммасига (ёки бўйнига, гарданига, елкасига, устига) тушмоқ

  1. Тўйдан кейин бойбуванинг хизматини икки кишилашиб қилди: ташқаридаги юмушлар Холбойнинг, ичкаридагилари эса янги келинчак зиммасига тушди. К. Яшин, Ҳамза

  2. Шартнома мазмунига кўра, сизнинг гарданингизга тушадиган бир кўп чиқимларни мен ўз зиммамга олдим. Ойбек, Танланган асарлар

Изга тушмоқ

  1. Шу тариқа мактабда ўқиш-ўқитиш ишлари мустаҳкам изга тушиб кетди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча

Изига тушмоқ

  1. Кейин ҳаёт яна ўз изига тушади. О. Ёқубов, Эр бошига иш тушса

  2. Демак, Бадианинг изига тушганлар бор экан, бўлмаса, унинг қиз бола эканини авлиёдан бўлак ҳеч ким билмас эди. Мирмуҳсин, Меъмор

Ишга тушмоқ

Янгидан ёки маълум муддат ўтказиб қайтадан ишлай бошламоқ.
  1. Завод ишга тушди.

Иши тушмоқ

  1. Одамзоднинг ҳамма вақт бир-бирига иши тушиб туради. С. Зуннунова, Янги директор

Ичи тушган

Пишиб ўтиб кетган, пўла (асосан қовун ҳақида).
  1. Танишимнинг ўғли бўлганинг учун ҳам сийлаб, қовунингни олдим Бари йўлда уриниб, ичи тушган. С. Анорбоев, Ҳамсуҳбатлар

Ишқи тушмоқ

  1. Бунинг чиройлилигига Тожибой оқсоқолнинг ҳам ишқи тушиб қолган. П. Турсун, Ўқитувчи

Йўлга тушмоқ

  1. Юк машинаси чангни иккига бўлиб, йўлга тушди. Н. Қобил, Беморлар

  2. Уни биров айнитдими, меҳнатдан совиб саёқлик йўлига тушдими, билмайман. Ойбек, Танланган асарлар

  3. Саводсизликни тугатиш бўйича ўқиш бир қадар йўлга тушиб олди. К. Яшин, Ҳамза

Кўнгли жойига тушмоқ

  1. Унинг кулаётганини кўриб, Зойиржоннинг кўнгли жойига тушди шекилли, қаршисидаги стулга ўтирди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол

  2. Энди синглингнинг акасини топиб кел, ўргилсин онанг. Кўрсатмасанг, кўнгли жойига тушмаяпти. Н. Сафаров, Оловли излар

Назарга тушмоқ

Эътибор қозонмоқ, назар-эътиборда бўлмоқ.
  1. Интизоми яхши, ишига ҳам бажонидил киришади-ю, назарга тушмайди. Шуҳрат, Жаннат қидирганлар

Назардан тушмоқ

Назар-эътибордан қолмоқ, обрў-эътиборини йўқотмоқ.
  1. Дастлабки кунларда қишлоқ аҳолисининг диққати жалб бўлган янги домла бора-бора назардан тушиб қолди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари

Терга тушмоқ

Тер босмоқ, қаттиқ терламоқ.
  1. Отлар терга тушиб, кишнаганларича йиқила бошлади М. Осим, Аждодларимиз қиссаси

Тил(и)дан тушмаслик

Бирор кимса ёки нарса ҳақида доим гапирмоқ, эсга олиб гапирмоқ.
  1. Фаттоҳ полвоннинг қизи Ҳурихон кўзга чалиниб, қирқбулоқлик йигитларнинг тилидан тушмай қолди. А. Эшонов, Бир оғиз сўз


ТУШ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.

TUSH сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.

Изоҳли луғат Savodxon лойиҳаси билан ҳамкорликда яратилди. Savodxon дастури матндаги имло хатоларини аниқлаш ва тузатишга имкон беради.
Сайтдаги ўрни
333
Сўзнинг тескари ёзилиши
шут
Ҳарфлар сони
3
Кўришлар сони
564

туш сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг

Google Яндекс Bing

Сиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар

туш сўзининг маъноси ва изоҳи билан батафсил танишиб чиқамиз. Ўйлаймизки, энди сиз Izoh.uz сайтидан фойдаланиб, туш сўзини лотин ва кирилл алифбосида тўғри ва ўз ўрнида ишлата оласиз.

Izoh.uz лойиҳаси ҳақида

Izoh.uz — Ўзбек тилининг халқона изоҳли луғати 35 000 дан ортиқ сўзларнинг маънолари ибора ва мисоллар билан келтирилган.

Йиллар давомида “Ўзбек тили куни”га бағишлаб, ўзбек тилини ўрганувчилар, журналистлар, таржимонлар, копирайтерлар, блогерлар ва бошқалар учун фойдали лойиҳаларни ишга туширишни анъанага айлантирганмиз. Бизнинг жамоа Lotin.uz, Imlo.uz, Sinonim.uz, Sarlavha.com лойиҳаларини ҳукмингизга ҳавола қилган.

Батафсил Izoh.uz лойиҳаси ҳақида

Лойиҳаларимиз

TVinfo.uz — Bugun, ertaga va keyingi hafta uchun to‘liq teledasturlar.

TVinfo.uz — Телепрограмма на сегодня, завтра и ближайшую неделю.

tvinfo.uz

O‘zbek Ismlarning to‘liq, batafsil ma’nosi, kelib chiqishi, shakllari. O‘zingiz va yaqinlaringizni ismlari ma’nosini bilib oling.

Полный смысл, происхождение, формы узбекских имён. Узнайте смысл своего имени и имён близких.

ismlar.com

DostavkaInfo — Taomlar, dorilar, kitoblar va boshqa uy uchun kerakli bo‘lagan narsalarni yetkazib berish xizmatlari bor servislar.

DostavkaInfo — Каталог сервисов, предлагающих доставку еды, лекарств, книг и товаров для дома.

dostavkainfo.uz

Lotin.uz — foydalanuvchilarga berilgan matnni lotindan kirillga va aksincha o‘girish xizmatini taklif etadi.

Lotin.uz — поможет транслитерировать с узбекской кириллицы на латиницу и обратно. Легко!

lotin.uz

Maqol va naqllarning eng katta kolleksiyasi. Har bir maqol uchta tilda (o‘zbek, rus, ingliz).

Самая большая коллекция пословиц и поговорок на трёх языках (узбекский, русский, английский).

maqollar.uz

Har kuni eng sara latifalar va kulguli rasmlar. O‘zbek tilidagi kulgu markazi!

Ежедневно только отборные анекдоты, смешные картинки. Кузница юмора на узбекском языке!

latifa.uz

Valyutani yuqori kursda almashtirish uchun yaqin punktlarni aniqlab beruvchi servis. Punkt joylashuvini kartada ko‘rsatadi.

Сервис, помогающий найти ближайшие пункты обмена валюты с выгодным курсом. Покажет местоположение пункта прямо на карте.

onmap.uz

O‘zbekcha telegram kanallarining eng katta katalogi. Faqt faol kanallar, ruknlarda va batafsil statistikasi bilan.

Самый большой каталог телеграм каналов в Узбекистане. Только активные каналы по категориям и с подробной статистикой.

uztelegram.com

O‘zbek tilida savodli yozishni biz bilan boshlang.

С нами вы научитесь грамотно писать на узбекском языке.

sarlavha.com

O‘zbek tilining sinonimlar lug‘ati. Saytda 3300 tadan ortiq so‘zlar, 900 ga yaqin sinonim so‘zlar to‘plamiga jamlangan.

Словарь синонимов узбекского языка на нашем сайте содержит более 3300 слов и 900 синонимов.

sinonim.uz
Izoh.uz сайтининг базасида жами 35 855 та сўз бор
© Izoh.uz — Ўзбек тилининг изоҳли луғати, 2024
Obuna ва GoodGroup лойиҳаси. 18+