юрак
билан улашинг
1. анат. Одам ва ҳайвонлар кўкрак қафаси ичида жойлашган, уларнинг қон айланиш системасидаги мускул қопчиққа ўхшаш марказий аъзо.
-
Соғлом юрак.
-
Юракнинг уриши.
-
Юрак касаллиги.
-
Юрак клапани.
-
Юрак бир-бири билан туташмайдиган икки қисмдан иборат бўлиб, бу қисмлар бир-биридан яхлит тўсиқ билан ажралган. Анатомия
-
Юрак — зарур нарса.
-
Юрак бақувват бўлса, иш ҳам унумли бўлади, киши чарчамайди. Уйғун, Сўнгги пушаймон
-
Кумушнинг ҳарорати кучли, юрак уриши фавқулодда тез эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
2. кўчма Кишининг ҳис-сезгиси, руҳи, кечинмаларининг рамзий маркази, улар сақланадиган жой; қалб, дил.
-
Пахтазорда бўлиб ўтган жанжал Ойқиз юрагида чуқур из қолдирди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
-
Қисман у [Зебо] ҳақли эди. Зотан асрлар фожиаси ва қувончи бўлган муҳаббат жуда қадимий нарса бўлса ҳам, ҳар бир юракда мисли кўрилмаган ўзига хослик билан барқ уради. Шуҳрат, Шинелли йиллар
-
Хатолари, нуқсонлари кўп бўлса ҳам, юраги асл кўринади. Уйғун, Навбаҳор
-
Аҳмад ўртадаги адоватни унутиб, юрагини очди. Ф. Мусажонов, Ҳиммат
-
Юрагидагини дангал тўкиб солаётган қизнинг ҳаққоний сўзлари Шерзод Қамбаровичга оғир ботарди. Ў. Усмонов, Сирли соҳил
3. Қўрқмаслик, жасорат ва шу кабилар рамзи.
-
Оббо сиз-э, ҳали шу юрак билан юрибсизми Муштум
-
Мен унинг Ўтапбой қушбегига қилган муомаласини эшитиб, юрагингга балли, деган эдим. А. Қодирий, Ўтган кунлар
4. кўчма Бирор нарсанинг асоси, маркази.
-
Ахир Лекин шаҳри янги халқ Хитойининг қудратли ва улкан мамлакатнинг юраги-ку. Т. Жўраев, Улуғ Хитойда
-
Ҳа, улар Тошкент темир йўл устахонаси Туркистонда қўзғолоннинг юраги эканини тушунадилар. Н. Сафаров, Шарқ тонги
5. сўзлашув тили Қорин, ошқозон.
-
Унинг юраги ғижимлаб оғрияпти.
юрак сўзи қатнашган жумлалар:
Юраги ачимоқ (ёки ачишмоқ)
-
Отабекни бу аҳволда кўриб, Кумушнинг юраги ачиди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
ўсиши мужмал, аллақандай касалсимон ғўзаларни кўрар, юраги ачишар эди. Ойбек, Олтин водийдан шабадалар
Юраги бетламаслик
-
Шундан-шунга чопиб келиб, мактаб директорига учрагани юрагим бетламади. Р. Азизхўжаев, Яшил чайла.
Юраги ёрилмоқ
-
Унинг ваҳимасидан юрагим ёрилай деди;
-
Баъзи вақт, Йўлчивой, юрагим тарс ёрилгудай бўлади, дунё кўзимга қоронғи кўринади. Ойбек, Танланган асарлар
Юраги жиз этмоқ
-
Эрталаб бу сўзлар ғашини келтирган эди, ҳозир ҳам юрагини жиз эттиролмади. О. Ёқубов, Излайман
Юраги жиғ этмоқ
-
Шунда кўзлар кўзга тўқнашди, Ғуломжоннинг юраги жиғ этиб кетди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
ҳар куни саломга кирадиган бўлиб қолди. Ҳар кирган-да, сўйиб келмадимикан, деб юрагим жиғ этиб кетади. А. Қаҳҳор, Асарлар
Юраги зир этмоқ
-
Тантибойваччанинг юраги зир этиб кетди. Асабийланиб, ўзгарган товуш билан бобиллади Ойбек, Танланган асарлар
Юраги йўқ
Юраги кенг
-
Юрагингиз мунча ҳам кенг бўлмаса, кўзингизга уйқу келмаганига ҳайронман. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Юраги куймоқ
-
Иссиқда узоқ йўл босиб, юрагим куйди;
-
Юраклари куйиб кетиб Темурхон, Во болам, деб майиб нордай йиғлайди. Ҳасанхон
Юраги орзиқмоқ
Юраги орқасига тортмоқ
-
Сарой мулозимини кўргач, унинг юраги орқасига тортиб, эти сесканиб кетган эди. М. Осим, Аждодларимиз қиссаси
Юраги пўкилламоқ
-
Ҳар йили жийда гули вақтида, Сой тошиб, йўл бекиладиган бўлди, деб юракларимиз пўкиллаб туради. Муштум
-
Юраги яна пўкиллади. Тошкентнинг тўрт даҳаси танийдиган давлатманд бу кишининг олдига қандай киради? Ойбек, Танланган асарлар
Юраги сиқилмоқ
-
орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, Бухорода юраги сиқилиб, ёлғизлик азобини торта бошлади. Мирмуҳсин, Меъмор
Юраги така-пука бўлмоқ
-
Шу капаларга яқинлашган сайин Сидиқжоннинг юраги така-пука бўла бошлади. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Юраги типирчиламоқ
-
Азиза юраги типирчилаб кийинди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
Юраги тор
-
Анзират хола ҳам юраги торгина бир кампир, бўлар-бўлмасга хархаша қиладиган. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Юраги тошмоқ
-
Баъзан юраги тошиб, бутун дардини Унсинга очишни истайди. Ойбек, Танланган асарлар
Юраги тутдай тўкилмоқ
-
Худди биров: Э, ўл-а, шунақа-да, чиройли йигитни кўрсанг, юрагинг тутдай тўкилади — деб таъна қила-ётгандай қизарди. А. Қаҳҳор, Сароб
Юраги увушмоқ
-
Мана шуни ўйласам, аллақандай бўлиб кетаман, юрагим увушади. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Юраги чиқмоқ
-
— От опқочди, — деди Бадиа. — Юрагимиз чиқиб кетди-ку! Мирмуҳсин, Меъмор
-
Бу хабарни эшитиб, хурсандликдан юраги чиқиб кетди.
Юраги чопмоқ
-
Аммо адреси тайинсиз бу келинга ҳам юрак чопмай турибди. Муштум
Юраги шув этмоқ (ёки шиғ этмоқ, шувулламоқ, шиғилламоқ)
-
Баширжоннинг юраги шув этиб, кайфи учди. Н. Аминов, Суварак
-
Бир одамнинг тўнкарилиб ётганини кўрди. Юраги шиғ этиб, орқасига тортиб кетди. Мирмуҳсин, Меъмор
-
Саодатхоннинг юраги шувуллаб кетди. С. Зуннунова, Янги директор
-
Биров Қумриниса, деса кампирнинг юраги шиғиллаб кетади. Мирмуҳсин, Бир хумча тилла
Юраги ўйнамоқ
-
Отини қутидорнинг йўлагига етаклар экан, негадир юраги ўйнаб кетди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Шу савол бошига кел-гапда, кўзига тўсатдан Канизак кўриниб, Сидиқжоннинг юраги ўйнаб кетди: Борди-ю шу бўлса-чи. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Ваҳима қилаверманглар, юрагим ўйнаб кетяпти Мирмуҳсин, Меъмор
Юраги қинидан чиқмоқ
-
Марғилон дарвозасидан кириши билан унинг ҳоли ўзгара бошлар, юраги қинидан чиқар даражада эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Юраги қон
-
Эртадан бери тўппи, қийиқча, жияк тика бериб, юраги қон бўлган қизлар Ойдин, Ҳикоялар
Юрагига сиғмаслик
-
Юрагимга сиғмайди, сиғмайди юрагимга ҳеч нарса! А. Қаҳҳор, Асрор бобо
Юрагига қўл солмоқ
-
Бир куни у шу артелдаги Масъуда деган қизнинг юрагига қўл солиб кўрди. Муштум
Юрагида кири йўқ
Юрагини бўшатмоқ
-
Ўрмонжон кўп ҳам тўлиб-тошиб юрган экан, юрагини роса бўшатди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Юрагини ёрмоқ
-
Чернетсов жангчилар олдидан узоқлашгач, Эмин Норматга: — Нега юрагимни ёрган эдингиз, комиссар индамади-ку, — деди. И. Раҳим, Чин муҳаббат
Юрагини очмоқ
-
Албатта, у ўз юрагини ҳеч кимга оча олмаган. Дардини ўз ичига ютган. Ойбек, Танланган асарлар
-
Асқар полвон ҳам юрагини очди — ёлғизгина қизчасини соғинганини сўзлади. Ойбек, Қуёш қораймас
Юрагини тирнамоқ
-
Ўзини қаёққа қўйишини билмай, юрагини тирнаган кечинмалари билан ҳовлида кезди. Ойбек, Танланган асарлар
Юрагини чангалламоқ
-
Ҳаёт қозонни ювди-ю, қопқоғини ёпиб, кириб кетди. Энди бўш саҳн-у, унинг этагида юрагини чангаллаб ўтирган Ғуломжонгина қолди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
Юрагини эзмоқ
-
Кумушнинг бу ҳоли бечора онанинг юрагини эзар, юз хил васвасаларга солар эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Юрагини ҳовучлаб
-
Доим ойим бечора юракларини ҳовучлаб ўтирардилар. Э. Раимов, Ажаб қишлоқ
Юрак олдирмоқ
-
Бир дўққа шунчалик юрак олдирибсиз, яшанг-е, раис ака! С. Анорбоев, Оқсой
Юрак тепиши
-
Жаннат она эшикни очиб, уйга кирганда, у оҳистагина замбил остидан чиқди, унинг юрак тепиши ҳали ҳам шиддатли эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Юрак ютиб
-
Наҳот сиз бу ишга бош қўшиб, юрак ютиб, менинг остонамга келсангиз? К. Яшин, Ҳамза
Юрак ўйноғи
-
Бир куни уйда ётиб, яхши уйқуси келмай, юрак ўйноғиси қўзиб чиққан экан. Ҳ. Назир, Ёнар дарё
-
Эъзозхоннинг юрак ўйноғи ҳадеганда босила бермади. Ҳ. Ғулом, Машъал
Юрак буруқ
-
Соғлиқни сақлаш бўлимидан чўпонлар ўртасида юрак буруққа қарши профилактика ўтказиш тўғрисида кўрсатма бор. С. Анорбоев, Оқсой
Юрак оғриғи
ЮРАК сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
YURAK сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
юрак сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар