гул
билан улашинг
1. бот. Ёпиқуруғли ўсимликларнинг урчиш учун хизмат қиладиган, гулбанд, косачабарглар, тожбарглар, чангчилар ва уруғчидан иборат қисми.
-
Олма гули. Нок гули.
-
Нурининг ҳовлисидаги гилослар гуллаган. Уларнинг оппоқ, кўркам гуллари қуёш нурида жуда нафис товланар. Ойбек, Танланган асарлар
2. Атиргул ва умуман зийнат учун экиладиган ёки табиий, ўзи ўсадиган гулли ўсимликлар; чечаклар.
-
Пушти гул. Оқ гул. Қўқон гул. Тикансиз гул бўлмас, машаққатсиз — ҳунар. Мақол
-
Дала йўлининг икки томонидаги боғлар туташ гуллар билан қопланган. Ойбек, Танланган асарлар
-
Супаларнинг ораларига, атрофига анвои гуллар экилган. А. Қаҳҳор, Асрор бобо
3. Бирор нарсага табиатдаги гуллар шаклида чизиб, тикиб, босиб ёки ўйиб туширилган безак, нақш; орнамент.
-
Тез кунда албомнинг варақлари фотосуратларга ва бўёқ қаламда чизилган гулларга безанди. Ҳ. Назир, Чўл ҳавоси
-
Меҳрини эса дўпписининг гулидан таниди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
4. кўчма поэт. Гўзал.
-
Тулни гулга қўш. Мақол
-
Иккови ҳам узилмаган гул. Ойбек, Танланган асарлар
-
Бермагил ёвузларга бир дақиқа хушнудлик, Гул Ватаннинг мард ўғли, кўкрагингни қалқон қил. Ғайратий
5. кўчма (1-ш. эгалик қўшимчаси билан мурожаат шакли) Ёр, севикли аёл.
-
Гулим, сенга айтар сўзим бор.
-
Мактубимга жавоб ёзмадинг, дилдор, гулим ҳам баҳорим сенсан, Гулбаҳор. М. Алавия.
6. кўчма (3-ш. эгалик қўшимчаси билан) Энг яхшиси, сараси; файз киритувчиси, қизитувчиси.
-
Йигит (лар)нинг гули. Зиёлиларнинг гули.
-
Шоҳ қиз, шакар қиз, қизларнинг гули, Қошларингни кўрсатгил, мен унинг қули. С. Айний, Дохунда
-
Йигитали келин-куёвнинг мақсади, борар манзилини билса ҳам, уларнинг саломларига алик олгач, кўнгил учун сўради: — Ҳа, йигитнинг гули, йўлингиз бўлсин? Т. Малик, Ажаб дунё
-
Фасли баҳор. Қўшним Ғафур Ғуломнинг эллик йиллиги. Ўшанда Булбул Мамедов тўйхонанинг гули бўлган эди. Ҳ. Назир, Мафтунингман, Озарбайжон.
7. этн. Баҳорда, гуллар очилганда, марҳум хотирасига бағишлаб унинг йилига қадар ўтказиладиган маросим.
-
Чолнинг ёстиғи тагидан топилган пул уни кўмиб келишгагина етди. Ҳали бу ёқда учи, еттиси, йигирмаси, фотиҳахонлиги, шаклиги, ифторлиги, икки ҳайити, гули, қовоқ оши, қовун-узуми, йил ошиси, оқ солар ва ҳоказолар бор. М. Осим, Тилсиз гувоҳ
гул сўзи қатнашган жумлалар:
Қизил гул
Тувак гул
Гул ташламоқ
-
Нон гул ташлабди.
Гул қилмоқ
-
Хароб бўлган рўзғорни Ишлаб-ишлаб гул қилган. Ойсулув
-
Ўлан айтиб, тўйларни гул қиласиз, Бу хизрни ўзингизга пир қиласиз. Оқ олма, қизил олма.
Ўн гулидан биттаси ҳам очилмаган
-
Ана шу хаёллар Бегимхонни безовта қиларди: — Ун гулимдан бир гулим очилмай туриб, тул бўлиб қолдимми?! — деб ўксинди у. И. Раҳим, Чин муҳаббат.
Қўли гул
-
Зокир ота, шубҳасиз, жуда тажрибали пахтакор, қўли гул одам. А. Қаҳҳор, Хотинлар
тиббий Қизилча, қизамиқ ва бошқа баъзи бир касалликлар билан оғриган вақтда баданда пайдо бўладиган майда қизил тошма.
-
Болага гул тошди.
-
Унинг бир кўзига гул тушиб, кўролмай қолгач, халқ уни Назиркўр деб атай бошлаганди. Ж. Шарипов, Хоразм
ГУЛ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
GUL сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
гул сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар