ўтир
билан улашинг
1. Кетни бирор жойга қўйиб, бирор жойни ишғол этиб ўринлашмоқ; чўкмоқ.
-
Чордана қуриб ўтирмоқ. Чўкка тушиб ўтирмоқ. Оёқ узатиб ўтирмоқ. Диванда ўтирмоқ. Кўрпачада ўтирмоқ. Стулда ўтирмоқ.
-
Бу ҳолдан аччиғланган Қаюм ёнимга келиб ўтирди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Гулнор дераза остига кўрпача солиб, қизни ўтқазди ва ўзи яқин ўтирди. Ойбек, Танланган асарлар
2. Асосан шундай (ўтирган) ҳолда бирор жой, маконда бўлмоқ.
-
Чойхонада узоқ ўтирмоқ.
-
Саодатхон олдинги қаторда ўтирган Лолахонга қаради. С. Зуннунова, Янги директор
-
Йўлчи бу ерда икки соат қадар ўтириб, юкка илинмагач, бозор айланиш учун туриб кетди. Ойбек, Танланган асарлар
3. Ўтириб бажариладиган бирор ишга уннамоқ, шу ишни бажарадиган вазиятни эгалламоқ.
-
Фотиҳадан сўнг ҳар ким ўз ишига ўтирди. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
-
Офтоб ойим Тўйбекани меҳмонхонага буюрди ва ўзи хамир қилишга ўтирди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Файзулла ўзига хос мулойимлик билан кулиб, аста бош силкиди-ю, рулга ўтирди. Газетадан
4. Транспорт воситасига тушмоқ, чиқмоқ; минмоқ.
-
Самолётга ўтирмоқ. Трамвайга ўтирмоқ.
-
Кеча у [
-
Абдишукур] хўжайини билан извошга ўтириб, бу ерга меҳмон бўлиб келган эди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Биринчи аравага Меъмор оила аъзолари билан чиқиб, иккинчи ва учинчи араваларга Зулфиқор, Заврак, Ғаввослар ўтириши керак эди. Мирмуҳсин, Меъмор
5. сўзлашув тили Бирор лавозимни эгалламоқ,,.бўлиб ишламоқ, тайинланмоқ.
-
У ректор бўлиб ўтирибди. У раислик лавозимига ўтирди.
-
Хон икки маротаба тахтдан ҳайдалиб учинчи мартаба тахтга ўтириши рус истибдодининг Тошкентни олиб, Хўжандга қўл узатган саналарига тўғри келган эди. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
6. сўзлашув тили Бирор жойда маълум вақт бўлмоқ; турмоқ, яшамоқ.
-
Узоқ йиллар уларга қўшни бўлиб ўтирдик.
-
Сартарошлик ёмон касб эмас. Оппоқ халатларни кийиб озода хонада ўтирасан Э. Раимов, Ажаб қишлоқ
-
Нури бундай гапларни бепарволик билан эшитишга уриниб боқарди: Аяжонимнинг бағрида ўтирибман-да, шошмасалар ҳам бўлар эди. Ойбек, Танланган асарлар
7. Жазо муддатини ўтамоқ.
-
Турмада ўтирмоқ. Қамоқда ўтирмоқ. Зиндонда ўтирмоқ.
-
Шўхлиги бошига етиб, бир-икки йил ўтириб ҳам чиқибди. Р. Раҳмон, Меҳр кўзда
-
Ғаразли манфаат, нафс балоси йўлида орттирган ҳамтовоқларининг йўриғига юрган Содирнинг иккинчи, учинчи, тўртинчи марта ўтириб чиқишига тўғри келди. Газетадан
8. Инмоқ, ёпишмоқ, ўрнамоқ.
-
Китобларга чанг ўтирибди. Қиш келди-ю, новдаларга ўтирди қиров.
-
Йигитнинг узоққина йўлдан келганлиги унинг киприк ва қошларига, ҳам эндигина чиқа бошлаган соқол-муртларига ўтирган тўзонлардан белгили эди. А.Қодирий, Ўтган кунлар
-
Иссиқ куннинг ўтли ҳароратини пасайтириб, тоғ шабадаси эсиб турар, ҳар томондан атиргул, райҳон, жамбилларнинг ёқимли ислари димоққа ўтирарди. Ҳ. Назир, Сўнмас чақмоқлар
9. сўзлашув тили Мос бўлиб тушмоқ; ярашмоқ.
-
Бу костюм сизга жуда ўтирди.
-
Оёғидаги қизил сахтиён этиги ўзига жуда ўтирган. Ш. Тошматов, Эрк қуши
-
Зуҳра Каримовнанинг кўйлаги ўзига жуда ўтирган эди. С. Анорбоев, Оқсой
10. Хуш келмоқ, ёқмоқ.
-
Инспектор Ориф Саидов унинг [Очиловнинг] дидига ўтирмай қолган. А. Муҳиддин, Ҳадя
-
Кеча мажлисда жияним тўғрисидаги ўтиб кетган гапни пардозлаганингиз менга унча ўтирмади. Муштум
11. Тараққиёт юз бермай, паст, қуйи даражада тўхтаб қолмоқ.
-
Уруш туфайли колхозимиз анча ўтириб қолган экан, шундай бўлиши ҳам табиий Н. Сафаров, Оловли излар
12. кўм. фл. взф. Етакчи феълдаги ҳаракатнинг давомлилиги, маъқул кўрилмаслиги каби маъноларни билдиради.
-
Чой дамлаб, кутиб ўтирибман. Кап-катта бола чойнакни синдириб ўтирибди-я! Арзимаган гапга аразлаб ўтирибсанми?
-
Қассоб лабини бурди: — Бе! Биз нимани тушунамиз. Тушунсак, сиздан сўраб ўтирармидик. П. Турсун, Ўқитувчи
-
— Бу киши ҳидлаб ўтирмайди, тўғри ейди-қўяди, — деди. А. Қаҳҳор, Қўшчи-нор чироқлари
-
Менинг уйим сизнинг ҳам уйингиз. Айттириб юборишимни кутиб ўтирмай, бор-йўғимда ҳам келиб туринг. С. Аҳмад, Ҳукм
ўтир сўзи қатнашган жумлалар:
Ўтириб қолган
-
Ўтириб қолган қиз.
ЎТИР сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
O‘TIR сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
ўтир сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар