одам
билан улашинг
1. Фикрлаш, сўзлаш ва меҳнат қилиш қобилиятига эга бўлган, шу туфайли бошқа ҳамма махлуқотдан устун турувчи жонли зот; киши, инсон.
-
Ибтидоий одам.
2. Кишилик жамиятининг айрим бир аъзоси, шахс.
-
Яхши одам. Ҳалол одам. Асл одам. Аблаҳ одам. Одам борки, одамларнинг нақшидир, одам борки, ҳайвон ундан яхшидир. Мақол
-
Одам тафтини одам кўтаради деганидек, Низомжон келиб, уй тўлиб қолгандек бўлди. С. Аҳмад, Уфқ
-
Аваз ўзича ўйланди: Бир улуғ одамнинг, бир ғарибнинг жанозасига одам кўп келади, деганлари рост экан-да. С. Сиёев, Ёруғлик
-
Булар бу ерга ўтиргани келгани йўқ, бир одамни қидириб келишган. А. Қаҳҳор, Оғайнилар
-
Бизнинг Набигул одам эмас-э ўзи! Ёш-да, ҳали ошна-оғайнигарчиликни билмайди. А. Қаҳҳор, Қанотсиз читтак
3. Жамоа хўжалиги, оила аъзоларининг ҳар бири; жон.
-
Одам бошига беш сўмдан. Харажат ва даромадларни одамга қараб тақсимламоқ.
-
Ҳашарга ҳар бир хўжалик қирқтадан одам беради. Т. Ашуров, Оқ от
4. Бирор бой-бадавлат ёки амалдор кишининг хизматкори ёки тарафдори.
-
Кейинги йилларда хон одамлари қишлоқма-қишлоқ юриб, кўпроқ пахта экишни талаб қилишяпти. С. Сиёев, Ёруғлик
-
Бундан кейин гапларимни уқиб олинг, модомики мен билан биргасиз, менинг одамимсиз, ҳар бир ишни мен билан баҳамжиҳат қилинг. Ойбек, Танланган асарлар
5. Ўзга жамоа ёки оила вакили.
-
Лекин қизларидан яширинча куёвникидан одам келиб қолар, деб кутдилар. С. Зуннунова, Кўк чироқлар
одам сўзи қатнашган жумлалар:
Одам боласи (ёки фарзанди)
-
Одам боласининг қўллари қўл ҳолида турганда чиройли экан. Х. Тўхтабоев, Йииллар ва йўллар
-
Тавба, хурсандчилик одам боласини нималар қилмайди-я! М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Отанг боласи бўлма, одам боласи бўл! Мақол
-
Ҳе, хотин, улар бизни одам боласи деб келган, одамгарчилигимиздан миннатдор бўлиб, хурсанд бўлиб кетишди. Шукрулло, Сайланма
Одам бўлмаслик
-
Мен севган дўстларимдан ажралдим, одам бўлмадим, бу кунимдан ўлганим яхши, деб кайф билан эшикдан кириб келиб қолди. Шукрулло, Сайланма
Одам бўлмоқ
-
Ҳар бир ота-она ўғил ва қизининг одам бўлишини, бахт-саодатли ҳаёт кечиришини, турмуши лаззатли бўлишини истайди. Газетадан
-
Турсунбойни кўриб қолдим, анча тўлишиб, одам бўлиб қолибди. Ёшлик
Одам қилмоқ
-
Гап шуки, шу канал, шу муҳит мени одам қилди. С. Аҳмад, Уфқ
-
Худойқул менинг ўз жигарим, аммамдан қолган сағир. Етти ёшидан боқиб, одам қилдим. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Ташландиқ Урални одам қилган, шу приёмникни тузата олмайсанми? Т. Ашуров, Оқ от
Нима деган одам бўлди
-
Вой шўрим, энди нима қиламан, Расулжон олдида нима деган одам бўлдим. Т. Ашуров, Оқ от
ОДАМ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
ODAM сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
одам сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар