паст
билан улашинг
1. Юқори томон ўлчами, қадди, бўйи унча баланд бўлмаган, баландлиги, бўйи нисбатан қисқа; пакана, пастак.
-
Паст девор. Паст бўйли дарахт. Бўйи паст одам.
-
Боғнинг атрофи эски, паст, лекин ямалиб, ясалиб бутунланган деворлар билан ўралган. Ойбек, Танланган асарлар
-
Шу заҳоти ҳовлида паст бўйли йигит пайдо бўлди. Шарқ юлдузи
2. Унча чуқур бўлмаган, саёз.
-
Паст дарё.
3. Миқдори, даражаси, нархи унча катта, баланд бўлмаган, нисбатан кам, оз, қуйи.
4. Шиддати, кучи, даражаси унча катта бўлмаган, нисбатан кучсиз, заиф (иссиқлик, босим кабилар ҳақида).
-
Паст температура.
-
Стрелка сал кўтарилди-ю, яна ҳоли келмай, пастга тушди. Ортиқ, бензин қанча қолганини кўриб, ўзининг ҳам капалаги учиб кетди. М. Мансуров, Ёмби
5. Унча баланд бўлмаган, бўш (овоз, нота кабилар ҳақида).
-
Кейин бегуноҳ кўзларини Алимардондан узмай, яна ўша паст, ўйчан оҳангда гапирди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
У ўзини бир оз тутиб олди-да, паст овозда давом этди: — Қўрқманг, институтдан ҳайдамаймиз. Лекин одам деган бунақа маҳмадона бўлмайди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
6. Сифати унча яхши бўлмаган; оддий, жўн.
-
— Кўп хонали уйлар қуриш масаласига келсак, аввало, бизда сифат паст, — деди Ёдгор ўйланиб. — Қўлингизни чўзсангиз, шифтга тегади. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Лекин агар бирон ёш ёзувчи ўз имконияти даражасидан пастроқ асар ёзса, уни дарров огоҳлантириб қўяр эдилар. К. Қаҳҳорова, Чорак аср ҳамнафас
7. Унчалик яхши эмас, юришмаган (“бахт”, омад, толе каби сўзлар билан).
-
Ҳа, ўша толеи паст Жамила. Ҳамза, Бой ила хизматчи
8. Серёғин, ёмон, совуқ;
-
Бу йил ҳаво паст келди.
-
Барг етилмаяпти, баҳор паст келди. А. Мухтор, Кумуш тола
9. Келиб чиқиши, насл-насаби юқори табақаларга хос бўлмаган, асилзода эмас.
-
[Қизнинг] Юзида оз-моз чиройи бўлгани билан, ўзи таги паст. Сизнинг остонангизга сира арзимайди. Ҳамза, Танланган асарлар
-
[Имом:] Отасини кўндирамиз, унинг таги паст, жазоси пул-да. Ж. Шарипов, Хоразм
10. айнан Пасткаш.
-
Ҳаммага ҳам қилиғингиз шуми ёки мени шундай паст хотин деб ўйладингизми? Ойдин, Икки кўзи шунда
-
Паст кишида одамият нима қилсин. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
-
Денгиз тубида дур, устида чўп-хас, Ўзгани паст билур кимки ўзи паст. Ш. Шомуҳамедов, Одам борки
11. Нисбатан қуйи ўрнашган жой; пастлик, чуқурлик.
-
Пастга тушмоқ.
-
Алимардон сирғаниб, соҳилдан авайлаб юриб, пастга тушди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Олмани тутиб, орқасига қайтса, тут шохидан шошиб, пастга ёшгина бир қиз тушиб келяпти. С. Зуннунова, Олов
12. сўзлашув тили Ер, пол.
-
Челакни пастга қўй.
13. Уйнинг кираверишидаги эшикка яқин жой; пойгак.
-
Ибодулла ҳам акасидан бир қадам пастга тиз чўка қолди. Ҳ. Ғулом, Машъал
-
Этиги лой бўлганидан, Йўлчи танчага ўтирмай, наматнинг учини қайириб, пастроққа чўккалади. Ойбек, Танланган асарлар
паст сўзи қатнашган жумлалар:
Нархи паст
-
Бунақа ювош хотинларга қайси эркак паст молни раво кўради. Э. Самандар, Дарёсини йўқотган қирғоқ
Тузи паст
-
Овқатнинг тузи паст;
-
Намунча гапингнинг тузи паст.
Назари паст ёки паст назар
-
Ҳазрат гоҳо сезиб қоларди: кўпларга паст назар билан қарашни ҳам ўрганганди Қурбон Ш. Холмирзаев, Қил кўприк
-
Арз-у ҳолинг эшитмас, Унда ишинг ҳеч битмас. Шунчалик назари паст — Нима берсанг олар у. Муштум
Авжи паст
-
Авжи паст экинлар;
-
Бугун дўстимнинг авжи пастроқ кўринади.
Ақли (ёки зеҳни, эси) паст
-
— Эси паст, — деди Деҳқонбой аканинг энсаси қотиб. С. Зуннунова, Олов
-
Ақлинг паст, миянг ёғочдан, қалбинг темирдан! Х. Тўхтабоев, Ширин қовунлар мамлакати
-
Сен зеҳни паст, беэътиқод одам экансан. Луқмони Ҳаким
Машқи паст
Паст келмоқ
-
Сахийлик, меҳмондўстликда андижонликлар Ҳотамдан ўтса ўтардики, аммо паст келмас эди. Шукрулло, Сайланма
Паст тушмоқ
-
[Боботой ота] Ўзининг бу ерга нима мақсадда келгани ёдига тушди шекилли: — Бир санамас, мен ҳам дор тагидан қочганлар неварасиман, — деди бир поғона паст тушиб. Ёшлик
-
Мен ҳали ҳасратимни, дардимни келиб-келиб сизларга айтдимми? Мен ҳали келиб-келиб одамгарчиликни, диёнатни, номусни тупроқ, билан тенг қилган сиздай разил хотинфуруш, қўшмачилар олдида шунчалик паст тушдимми? Ҳамза, Бой ила хизматчи
Пастга урмоқ
-
Сизни ҳеч ким ҳозиргидай пастга урмайди. У ёғидан ҳам ташвиш тортиб юрмай қўя қолинг. Тўйни мана шу ерда ўтказамиз. К. Яшин, Ҳамза
-
Бировнинг уйига бостириб кирибки, шунчалик пасткашлик қилишяптими, қўйинг, гаплашманг, нима қиласиз ўзингизни пастга уриб, жон ўғлим. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
Қўли паст
ПАСТ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
PAST сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
паст сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар