пиш
билан улашинг
1. Ўсиб, ривожланиб, таркиби яхшиланиб, истеъмол қилиш ёки ишлатиш учун яроқли ҳолга келмоқ, етилмоқ (мева, сабзавот, дон, сув кабилар).
-
Қулупнай пишди. Помидор пишгани йўқ.
-
Мол ўтмайдиган баландликдаги деворлари ҳам нураган, боғ ичидаги олма ва тоғолчалар эса пишиб ётибди. Ш. Холмирзаев, Йўллар, йўлдошлар.
-
Мана бу узумни олинг, жуда яхши пишибди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Қора гилослар ғарқ пишиб, шохлари томга тушиб турар эди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча.
-
Оқар сувларнинг барчаси пишган, ер остидаги кам ҳаракатдаги сувлар хомдир. Газетадан
2. Ривожланиб етилмоқ.
-
Пишмаган новда. Пишган уруғ.
-
Эгатлардаги тутларнинг новдалари пишибди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
3. Қайнатиш, қовуриш, димлаш ва шу кабилар натижасида истеъмол учун тайёр бўлмоқ.
-
Палов пишди. Тухум пишди. Нон қизариб пишди. Бермаснинг оши пишмас, пишса ҳам, қозондан тушмас. Мақол
-
Пишган ошнинг умри қисқа. Мақол
-
Кечки норин учун катта қозонда ёғли қази пишади. Ойбек, Танланган асарлар
-
Қурбоннинг бир томонида пишиб қотиб кетган кабоблар устма-уст тахлаб қўйилган. Э. Усмонов, Ёлқин
-
Феруз бирла бир хонада ўтириб гурунг этмакка, бир қозонда пишган таомни емакка оп қилганими бу? С. Сиёев, Ёруғлик
4. Ўтда ишлов еб, зарур технологик хусусият касб этмоқ.
-
Ғишт яхши пишибди.
5. Тобланмоқ, қораймоқ; чиниқмоқ.
-
Офтобда роса пишдик.
-
— Оҳо, агрономча, — деди Ҳамдам қошини чимириб, — далада роса пишибсан-ку. Ҳ. Аҳмар, Ким ҳақ?
-
Ёшлар ишласин, пишсин, энди бизлар чарчаб қолдик, десак ҳам, қари билганни пари билмас, деб юз балога рўпара қилишаверади. С. Нуров, Нарвон
-
Шукуровнинг офтобда пишган қорача юзи, сал қисилган қўй кўзларига чуқур ўйчанлик чўккан эди. О. Ёқубов, Диёнат
6. сўзлашув тили Тўлишиб, ёрилиш даражасига келмоқ (яра-чақа ҳақида).
-
Малҳам қўйилса, чипқон тез пишади.
7. кўчма Умри охирига етиб, қартайиб, ўлими яқинлашмоқ.
-
— Ўзи пишиб қолгандай-ку, Назар ака, — дедим.
-
— Қўйинг, уч-тўрт кунлиги борми-йўқми. М. М. Дўст, Лолазор
-
Эшон аянинг бирдан-бир нияти — қўлда қолган қўр-қутларни сақлаб қолиш, пишиб, ҳилвираб турган эшонни ўз масканига қўйиб, бойликларга эга бўлиш. С. Аҳмад, Ҳукм
8. кўчма с. т. Ҳал бўлмоқ, тайёр бўлмоқ.
-
Иш пишди — Тешабойнинг ўрнига сизни бригадир қилмоқчи бўлдик. Уйғун, Дўстлар
-
[Эгам хотинига:] Гапни бўлма! Ҳой, нари бор! Иш пишди. Шукрулло, Сайланма
-
Мунаввар, Назокат фожиасини ўз фожиасидай юрагига яқин олди. Шунгами, постановка тез пиша қолди. С. Анорбоев, Меҳр
9. кўчма Мукаммал ҳолга келмоқ.
-
Фикрлар пишиб, етилиб, юракдан тўлиб чиқмасидан асар ёзишга, айниқса, уни нашр этишга шошилиш керак эмас. Шукрулло, Жавоҳирлар сандиғи
-
Бу ҳол Ойбекнинг дастлаб ўз хаёлида пишиб етилган эпизодларнигина ёза бошлаганини кўрсатади. ЎТА
10. кўчма Ой-куни яқинлашмоқ.
-
Шуни яхши билингки, ишингиз энди кўп бўлади. Пишиб турган хотин кўп. Уйма-уй юриб, консультация берасиз. С. Аҳмад, Чўл шамоллари
пиш сўзи қатнашган жумлалар:
Ичи пишмоқ
-
Қўзибойнинг ичи пишиб кетаётган эди. У чўққига чиқиб, Тошбулоқни топишга ҳам, бошқа вақтдагидай, биринчи бўлиш пайида эди. Ҳ. Назир, Сўнмас чақмоқлар
Ичидан пишган
-
Аслида Тўпори жудаям унчалик тўпори эмас, ичидан пишган, ўлгудай қув, қувлиги шунчаликки, бирор ўн беш йилдан бери Ошнога довдирроқ бўлиб кўринмоқнинг уддасидан чиқяпти. М. М. Дўст, Лолазор
Калла пишмоқ
-
— Калла пишдими, полвон? — деди Тўланбой сабзи тахтадан бош кўтармай. С. Аҳмад, Уфқ
Кўзи пишмоқ
-
Маҳкам устаникида мустақил ишламаган бўлса ҳамки, кўзи пишган, қўли кўп нарсага ўрганиб қолган эди. Р. Файзий, Ҳазрати инсон
-
Жанг кўриб, қон тўкиб кўзи пишиб кетган Анвар., бундай пайтда айтиладиган бир оғиз сўз, ҳатто бир имо тақдирни ҳал қилиб юборишини ҳам биларди. Ш. Холмирзаев, Қил кўприк
Сувга, суюқликка ботириб ҳўл қилмоқ.
-
Дўпписини сувга пишди.
-
Ойим аралашса ҳам, Солиҳ қўйвормай, мени ҳовузчага пишмоқчи бўляпти. Ҳ. Назир, Ёнар дарё
-
Унинг очиқ ёқали узун кўйлаги, устидаги олача яктаги сувга пишгандай жиққа ҳўл бўлган. Ойбек, Танланган асарлар
ПИШ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
PISH сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
пиш сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар