қўш
билан улашинг
1. мат. Қўшув амалини бажармоқ, жам қилмоқ.
-
Бешни бешга қўшмоқ.
2. Бирор нарсага бошқа нарсани аралаштирмоқ ёки солмоқ.
-
Сутга сув қўшмоқ. Чойга шакар қўшмоқ. Лойга сомон қўшмоқ.
-
Гулнор ўқчиб-ўқчиб сўзлади: — Заҳар Салим қўшган. Ойбек, Танланган асарлар
-
Ҳар бир ақли бор одам қовунга пиёз қўшиб ейиш нотўғри эканини билса керак. А. Қаҳҳор, Мунофиқ
-
Дарахтларнинг гулларидан сочилаётган ҳидни ҳаво билан қўшиб, ҳар қанча шимирсанг ҳам тўймайсан, киши. Н. Сафаров, Жангчи шоир
3. Бўлак-бўлак, алоҳида, мустақил нарсалардан бир бутунлик ҳосил қилмоқ, бирлаштирмоқ.
-
Икки институтни қўшмоқ. Мол-у мулкни қўшмоқ. Сўзларни бир-бирига қўшиб, гап тузмоқ.
-
Бешинчи ва еттинчи синфларни қўшиб ўқитяпти дадам. С. Сиёев, Ёруғлик
4. Бирини бошқасининг ёнига, устига қўймоқ, тиркамоқ, ташламоқ; бир қилмоқ, бир қилиб қўймоқ.
-
Хирмонга этак-этак пахта қўшмоқ.
-
Шинел ва гимнастёркаларини ечди-да, тугун қилиб, бошқаларникига қўшди. Ойбек, Қуёш қораймас
5. Қўшимча тарзда бермоқ, киритмоқ.
-
[Мирзакаримбой] Бир нафас ўйлаб, яна уч сўмлик қоғоз ва бир сўлкавой қўшиб, Йўлчига ташлади. Ойбек, Танланган асарлар
6. Гап, фикр ва шу кабилар қўшимча қилмоқ; гап қистирмоқ.
-
У Хадичахоннинг сўзига нимадир қўшмоқчи бўлди-да, ҳозир айтиб қолмаса, худди кечикиб қоладигандек шошди. Н. Сафаров, Хадича Аҳророва
-
Ўша кув-нок вазиятини ўзгартирмай, қўшиб қўйди: — Оёғингиз оғримаяптими? С. Кароматов, Олтин қум
7. Борига яна нимадир киритмоқ, бирор нарсани яна нима биландир тўлдирмоқ. ||Умрга умр қўшмоқ. Ҳуснига ҳусн қўшмоқ.
-
Ҳазин мисралар унинг дардига дард қўшар эди. Х. Султонов, Онамнинг юрти
-
бу сайил навбаҳорга файз қўшарди. Мирмуҳсин, Меъмор
8. Қаторига киритмоқ, бирга қилмоқ.
-
[Ўзбек ойим:] Отабекнинг ёнига Ҳасаналини қўшиб, Марғилонга юбораман. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Бу йигитни аскарий машқ ўтказаётган навкарларга қўшинг! П. Қодиров, Юлдузли тунлар
-
Ишонмасак, сени тўдамизга қўшмасдик. С. Сиёев, Ёруғлик
9. Бирга қилмоқ; бириктирмоқ.
-
Бири Робияни оёқларидан ушлаб олган, иккинчиси унинг кўлларини белига қўшиб, маҳкам қисиб турган П. Қодиров, Юлдузли тунлар
10. этн. Сарпо қилмоқ, сарпо, сеп тариқасида бермоқ.
-
Битта хитой жужун мурсакни кам кўриб, ёнига ўзининг қимматбаҳо заррин мурсагини қўшган эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
11. Арава, извош, омоч ва шу кабиларни тортиш учун тегишли абзал ёрдамида бириктирмоқ (от-улов ҳақида).
-
Ҳозир нариги тўриқ қашқани қўшаман жувозга. Н. Фозилов, Оқим
-
[Ёрмат] Отни қўшгандан кейин аравага қалин намат солди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Офицер ҳозир: Қўшга қўшсанг ҳам, майли, ишқилиб ўлдирма, деб кетаётибди. А. Қаҳҳор, Олтин юлдуз
12. От-улов тиркаб тайёр қилмоқ (арава, извош, омоч ва шу кабилар ҳақида).
-
Фазлиддин аччиқ чойни ичиб қониққач, извошни қўшди. Ойбек, Танланган асарлар
-
У [Сидиқжон] бир куни, тушки дам олиш вақтида, Зиёдахоннинг сўровига кўра, эшак-аравани қўшиб, дарёдан сув келтиргани борди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
13. Эркак киши билан аёлни уйламоқ, бир ёстиққа бош қўйдирмоқ, қовуштирмоқ.
-
Қирқ кун тўй қилиб, қирқ биринчи кечаси йигитларни қизларга қўшдилар. Эртаклар
-
[Ҳасанали:] Бекни уйлантирдим, севганига қўшиб қувонтирдим! А. Қодирий, Ўтган кунлар
қўш сўзи қатнашган жумлалар:
Бошини қўшмоқ
-
Бир амаллаб қишдан чиқсак, Полвоннинг ҳам бошини қўшиб қўярмиз. Ж. Шарипов, Хоразм
Қўшилиб турган, қўшилган; қўшалоқ нарса, қўшимча.
-
Қўрққанга қўш кўринар, қўшмоғи билан беш кўринар. Мақол
ҚЎШ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
QO‘SH сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
қўш сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар