қоқ
билан улашинг
1. Зарб билан киритмоқ (қозиқ, мих кабилар ҳақида).
-
Ерга қозиқ қоқмоқ. Ёғочга мих қоқмоқ. || Унгур чуқурлашган сари қозиқлар шу зайлда қоқиб борилса, йўлдан адашмаймиз. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
[Унсин] Ичкари уйда ўтириб, маҳсиларга шон қоқади, шондан туширади, пардозлайди, қорагул, лок суркайди. Ойбек, Танланган асарлар
2. Михлаб ёпиштирмоқ, маҳкамламоқ.
-
Пол қоқмоқ. Отга тақа қоқмоқ. Томга тунука қоқмоқ.
-
Нима учун деворларга гилам қоқмадинглар? М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Нима бўлди-ю, ҳеч ким билан кенгашмай правлениенинг эшигига шундай бир эълоннома қоқиб қўйди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
3. Уриб овоз чиқармоқ, тақиллатмоқ, дукуллатмоқ.
-
Ҳамма ухлаганда, у муллаваччанинг ҳужрасини қаттиқроқ қоқсангиз, ҳаммасини кўрасиз. Ж. Шарипов, Хоразм
-
Самандаров қаламнинг орқаси билан столни қоқиб, ғовурни босди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
[Шарофат] Уйнинг нариги деворини қоқиб, қўшнини чақириш учун ўрнидан аранг турди. Ҳ. Зиёхонова, Арзанда
4. Елкага ёки орқага кафт билан секингина урмоқ, шаппатиламоқ.
-
Керишаётган жангчининг елкасига панжаси билан қоқиб: — Кетдикми, Деҳқонбой! — деди ўзбек тилида бир жангчи. Н. Сафаров, Жангчи шоир
-
Бобом мени қаттиқ қучиб, қўли билан орқамни бир-икки қоқади, тағин ишга тутинади. Ойбек, Болалик
5. Уриб, чертиб, силкитиб ва бошқалар йўл билан ичидаги, устидаги нарсани туширмоқ, шу йўл билан тозаламоқ.
-
Гиламнинг чангини қоқмоқ. Илиқ қоқмоқ. Бурнини қоқмоқ. Дастурхонни қоқмоқ. Кийимларни қоқмоқ. Телпакнинг қорини қоқмоқ.
-
У этакка илашиб қолган пахталарни қоқаётганда, бошидаги чопон бирдан сирғалиб, тушиб кетди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Имом, тўполонда бошидан тушиб, тупроққа қоришган салласини қоқиб-қоқиб, қайтадан ўраркан, ўз қавмига ваъз-насиҳат қилди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Сиз келгунингизча, мен кўрпачаларингизни қоқиб, супуриб қўяман. Мирмуҳсин, Меъмор
6. Уриб ёки силкиб, меваларни туширмоқ.
-
Жийда қоқмоқ. Олма қоқмоқ. Шафтоли қоқмоқ.
-
Саломатнинг онаси элликбошининг боғидаги азим туп ёнғоғини қоқаётганда, йиқилиб ётиб қолди. С. Аҳмад, Ҳукм
-
Мен сизга айтсам, баҳорда гул териб, кузда ўрик қоқиб бериб, кўнглини олиб юрдим. П. Турсун, Ўқитувчи
7. Бирор аъзони силкитмоқ, қимирлатмоқ.
-
Қошини қоқмоқ. Қанот қоқмоқ.
-
Шакар буви белини ушлаб, кифтини қоққанча бобиллади. Ҳ. Назир, Томоша
-
Раис дарров ўрнидан турди, бир қўлини орқасига қўйиб, иккинчи қўлини боши узра камалак қилиб, икки-уч елка қоқди-да, шундай йўғон гавдали бўлишига қарамасдан, беданадай йўрғалади. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
8. кўчма Ҳолдан тойдирмоқ, толиқтирмоқ.
-
— Юр бизникига, — таклиф этди раис, — андак дам ол, бирга овқатланайлик, машина кишини қоқиб қўяди. Ойбек, Олтин водийдан шабадалар
-
Йўл қоқиб, ўзи адойи тамом бўлган-у, кетидаги Зулхумордан номус қилганидан ҳам йўлдан қолмай чидаб боради. М. Мансуров, Ёмби
-
Кеча мени от қоққан экан, ўрнимга киришим билан қотиб ухлабман. А. Қодирий, Улоқса
9. этн. Қоқим қилмоқ, қоқим қилиб даволамоқ.
-
Ҳакка келиб чўқисин, Мулла келиб ўқисин, Қоқимчи келиб қоқсин, Кўзинг сув бўлиб оқсин. Фольклор
қоқ сўзи қатнашган жумлалар:
Жонимни қоқай
-
Ўтиринг, айланай, ўтира қолинг, жонимни қоқай. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
Жонини қоқмоқ
-
Табассум-ла икки ёш ерга боқиб, Она хизмат қиларди жонин қоқиб. М. Алавия
Им қоқмоқ
-
Сеитов секретарга чақиринг, дегандай им қоқди. Муштум
-
Қизлар бу нима экан, деб бир-бирларига им қоқишди. Ҳ. Назир, Бир туп ғўза
Киприк қоқмоқ
-
Секретар қиз кўзларини сузиб, бир-икки киприк қоқди. С. Аҳмад, Бош оғриғи
-
Тонг отганда киприк қоқмасдан, Тағин қир бағрида ҳозир бўламан. Миртемир
Мижжа қоқмаслик
-
Бўрон бўлиб, кучли ёмғир қуйди, бригадир мижжа қоқмай дала айланди. Ўзбекистон қўриқлари
Мияни (ёки қулоқ-мияни) қоқиб қўлга бермоқ
-
Тошкентдан яп-янги машина олиб келиши ҳақида мақтанавериб, миямизни қоқиб қўлимизга берди. И. Раҳим, Зангори кема капитани
-
Биродарлар, Рихсиев қулоқ-миямни қоқиб қўлимга берди Т. Мурод, От кишнаган оқшом
Оғзига қоқмоқ (ёки урмоқ)
-
Дарсига тушунмай савол берсанг, дарров оғзингга уради. Р. Азизхўжаев, Яшил чайла
Сим (ёки телефон) қоқмоқ
-
Исфандиёрга сичқоннинг уяси минг тилла бўлди. У кетма-кет Тошкентга сим қоқар эди. С. Сиёев, Аваз
-
Муродова Қосимовга, Қосимов эса бошқармага телефон қоқа бошлади. И. Раҳим, Ихлос
Танда қоқмоқ
-
Тикувчилик артелига танда қоқавериб, ишдан қоладиган бўлди Ғайратий, Довдираш
Четга қоқмоқ
-
Кейин Гулнорга худо беради, у эрка-арзанда хотин бўлиб кўнглига нима келса, шуни қилади, бизни ҳар нарсадан четга қоқади, балки бошимизда ёнғоқ чақади. Ойбек, Танланган асарлар
Этак қоқмоқ
-
— Тортавер аравангни ўзларинг! — дедим-да, этак қоқиб чиқиб кетдим. М. Абдукаримов, Чигал ёзилди
-
Кўнса, кўнди, кўнмаса, этагимни қоқиб чиқаман-кетаман. С. Аҳмад, Уфқ
Эшик қоқмоқ
-
Машинадан тушиб, ўймакорли жигарранг бир эшикни қоқдим. У. Назаров, Одамлар
-
Илғорлар учун буйруқ кузда берилган эди баҳор эшик қоқяпти, қанисиз, опа? дейди. Н. Сафаров, Хадича Аҳророва
Қанот қоқмоқ
-
Ўй-хаёлим Ватан бўйлаб қоқади қанот! Ё. Мирзо, Ўғил меҳри
Қулоқ қоқмоқ
-
Ёшларингга арз этармишсан: “Қачон тугар ёримнинг жанги? Ёш демишки: Ғарбга қулоқ сол, Келаётир зафар оҳанги. Т. Тўла
-
Доно халқимиз ҳам бу ҳақда ҳамиша қулоғимизга қоқиб туради: Гўзаллик юзда эмас, ақлда! М. Исмоилий, Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши керак
-
Ҳожи она менинг онам бўлади! Кимки онамнинг сўзига қулоқ қоқса, хафа қилса, ундай хотин менга — талоқ. Ҳамза, Бой ила хизматчи
-
Жонкелди, ўлиб турган экан, қулоқ қоқмай, хўп деди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
ҚОҚ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
QOQ сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
қоқ сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар