сўз
билан улашинг
1. тилшунослик Ўз товуш қобиғига эга бўлган, нарса-ҳодисалар, жараёнлар, шахслар, белги ва миқдорларни, хусусиятларни, ҳаракат ва ҳолатни, алоқа ва муносабатларни номлаш учун хизмат қиладиган, мустақил луғавий маънога эга бўлган, шунингдек, турли грамматик маъно ва вазифаларда қўлланадиган энг муҳим тил бирлиги; гапнинг қурилиш материали.
-
Туб сўз. Ясама сўз. Қўшма сўз. Сўз бирикмаси. Сўз таркиби. Сўз ясалиши.
-
Сўзнинг товуш ва маъно томони бор. Лекин ҳар қандай товуш йиғиндиси сўз бўлавермайди. ЎзМE
2. Бирор маъно турига, услубга оид шундай бирлик (тилда, нутқда ифода воситаси сифатида).
-
Дағал сўз. Беадаб сўз. Сўздан сўзнинг фарқи бор, ўттиз икки нархи бор. Мақол
-
не-не ошиқларни рад қилган бу гўзал жувон бир бўз боланинг икки оғизгина ширин сўзига зор бўлиб, қоронғилик қаърига умидсиз тикилиб турарди. С. Аҳмад, Уфқ
-
Афтидан, борлиғимиз Мастура билан банд, қуюндай чарх ураётган таассуротлар, фикрлар, туйғуларни ифода қилгани сўз тополмас эдик. А. Қаҳҳор, Минг бир жон
3. Сўзлашувда, гапда, нутқда шундай воситалардан фойдаланиш қобилияти, санъати.
-
У сўзда йўқроқ.
-
У кишининг сўзлари китобда ҳам йўқ, шундай маъноли ана сўзга усталик. Ойбек, Танланган асарлар
4. Мақол; матал; ибора.
-
Қочирим сўзлар. Ҳикматли сўзлар Оталар сўзи — ақлнинг кўзи. Мақол
-
Кумушнинг гўзаллик таърифини ғойибона эшитиб, оғзининг суви келувчи хотинли ва хотинсиз орзумандлар ётиб қолгунча, отиб қол! сўзига амал қилиб, қутидорникига совчиларни турнақатор юбора бошлаган эдилар. А. Қодирий, Ўтган кунлар
5. Гап, гап-сўз, нутқ.
-
Самимий сўзлар. Нотиқнинг сўзлари. Сўз сўрамоқ. Маърузачига сўз бермоқ. Сўз айтмоқ. Сўз бошламоқ. Сўзга чиқмоқ. Сўзга тушмоқ. Сўзини бўлмоқ. Сўзни қисқа қилмоқ. Сўзини оғзидан олмоқ.
-
Директор билан олдиндан келишиб олинган бўлса керак, биринчи бўлиб Бақалоқ сўзга чиқди. С. Нуров, Майсаларни аёз урмайди. Сўз бошлади чол титраб, Ҳалқумига келиб жон. А. Орипов, Йиллар армони
-
Азизхон бир сўз демай, машинанинг орқа ўриндиғига чиқди. С. Аҳмад, Уфқ
6. Миш-миш гап, овоза; иғво.
-
Эл бор ерда сўз бор. Мақол
-
Ўликми-тирикми — билармиз. Мен ҳам қараб турмайман. Аммо сўз тарқалмасин, айт, хотининг тилини қиссин. Ойбек, Танланган асарлар
7. Ўгит, панд-насиҳат, таълим-тарбия, илтимос ёки буйруқ мазмунидаги гап.
-
Онанинг сўзини қулоққа олмоқ. Катталарнинг сўзига кирмоқ. Сўзини икки қилмаслик. Ёмоннинг бўзини олгунча, Яхшининг сўзини ол. Мақол
-
Дўст сўзини ташлама, ташлаб бошинг қашлама. Мақол
8. Ваъда, лафз; азм-қарор.
-
Сўзида турмоқ. Йигит сўзи бир бўлур. Мақол
-
Турсанг сўзинг-да — ҳурмат юзингда. Мақол
-
[Авазхон:] Эй ота, падари бузруквор, сўздан қайтиш номарднинг иши. Маликайи айёр
-
Мансур энди Гавҳар сўзидан қайтмаслигини тушуниб тўхтади. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Бировга айтмасликка сўз бераман. С. Аҳмад, Юлдуз
сўз сўзи қатнашган жумлалар:
Кириш сўз
-
Ҳайдар аканинг одамларга малол келмайдиган кириш сўзлари ҳаммани хушҳол қилди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
Сўз бермаслик
-
Хотини Карим акага сўз бермайди. Бир гап айтса, бетингда кўзинг борми демай, қайириб ташлайди. М. Ҳазратқулов, Журъат
-
Қишлоқи ёшлигим сарпойчан чопар Сўз бермай декабрь қуюнларига. А. Шер
Сўз очмоқ
-
Муҳаббат қиссасидан сўз очиб, қилсам ғазалхонлик, Ўқишгай ишқ эли назмимни кўп заррин китоб ичра. Ҳабибий, Девон
Сўз эркинлиги
-
Биз сўз эркинлигини сўрар эдик. А. Қодирий, Кичик асарлар
-
Демократик мамлакатларда оммавий ахборот воситаларининг фаолияти сўз эркинлигига асосланган. ЎзМE
Сўз қотмоқ
-
Зайнаб тамом, тамом лол эди, Сўз қотишга у беҳол эди. Ҳ. Олимжон, Танланган асарлар
Сўзини ерда қолдирмоқ
-
Кумушнинг қарши тушмаги тўғрисида, албатта, уларнинг шубҳалари йўқ эди. Шунинг билан бирга, ота-онанинг сўзини ерда қолдиради, деб ҳам ўйламас эдилар, А. Қодирий, Ўтган кунлар
Сўз(и)га кирмоқ
-
Бой афанди: Мана холос, агар ман сизнинг сўзингизга кирсам, тоза шарманда бўлар эканмиз, — деб мени хижолат қилдилар. Ҳамза, Танланган асарлар
Орадан сўз ўтмоқ (ёки чиқмоқ)
-
Мир ҳазратлари билан орангиздан бирон сўз ўтган, деб гумон қилурман. Ойбек, Навоий
Сўз ўйини
-
Уй эгаси дастурхон ёзар экан: — Умридан шунча бўлгандан кейин, худо хоҳласа, умри узоқ бўлади, — деб сўз ўйини қилди. А. Қаҳҳор, Хотинлар
СЎЗ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
SO‘Z сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
сўз сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар