хаёл
билан улашинг
1. Ўйлаш, фикрлаш жараёни; ўй, фикр.
-
Ҳар каллада минг хаёл. Мақол
-
[Ибн Яминнинг] Хаёлида қўрқинчли фикрлар айланарди. К. Яшин, Ҳамза
-
Ёш шоир дўстларимга тинчимас хаёл, илҳом завқлари тилайман. Газетадан
2. Тасаввур.
-
Гулнорнинг кўзлари, юзи ёлғиз Йўлчининг хаёлларидагина кулади, жилваланади. Ойбек, Танланган асарлар
-
[Бобурнинг] Хаста хаёлида бирдан қилич тутган Танбал гавдаланди. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
3. Орзу, фантазия.
-
Истиқболнинг ширин хаёлларига кўмилган ҳолда махдум аср намози учун таҳорат олар эди. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
-
Аммо ўз элимга қайтиб кўрдимки, Шамайда ўйлаганларим, ошиққанларим ширин бир хаёл эмиш! А. Қодирий, Ўтган кунлар
4. Эс, хотира.
-
Ўшанда бу қиз унинг [Йод-горнинг] назарида фариштадек жонланган, хаёлида алланечук муқаддас бир из қолдирган эди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Хаёлим мени узоқ ўтмишга олиб кетади. Газетадан
хаёл сўзи қатнашган жумлалар:
...деган хаёлда ёки ...деган хаёл билан
-
Бир оздан кейин балкон эшиги ғийқиллаб очилиб, ёпилди. У Тамила опами, Зокиржонми, деган хаёлда қайрилиб қарамади. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Сидиқжон уни [болани] албатта бир нима чақди, деган хаёлда тура солиб югурди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
У [чол], уйимнинг бузилишини кўрмай, деган хаёлда орқасини ўгиргач ўт ёқа бошлади. Ў. Усмонов, Сирли соҳил
Пуч хаёл
-
Аммо олий мактаб орзуси мен учун ёлғиз пуч хаёл бўлса ҳам, ундан воз кеча олмадим. Ойбек, Нур қидириб
Хаёл олиб кетмоқ (ёки қочмоқ)
-
Саодатхонни яна хаёл олиб кетди. С. Зуннунова, Янги директор
Хаёл сурмоқ
-
Пастаккина айвон ёнида ўрта ёшлардаги бир одам., хаёл суриб тикка турибди. С. Зуннунова, Олов
Хаёл қилмоқ
-
Мадраса қурилишида бир ишкаллик чиқмадимикин, деб хаёл қилди у [Қавом]. Мирмуҳсин, Меъмор;
-
У [Йўлчи] дам ўйлаб, хафа бўлади, дам анча пул юбориб, онасини севинтиришни хаёл қилади. Ойбек, Танланган асарлар;
-
Рафқон ва Шўрсув дашти-да душман билан тўқнашувни хаёл қилиб, [Аҳмад мирзо] Рафқон текислигига боргоҳ қурди. Мирмуҳсин, Меъмор
Хаёлга ботмоқ (ёки толмоқ, чўммоқ)
-
Думалоқ стол ортида бир одам хаёлга чўмиб ўтирибди.
-
Расулжон ҳозиргина ўқиб бўлган хатнинг бир четидан ушлаганича, хаёлга ботган эди. Ж. Абдуллахонов, Хонадон
-
[Авазнинг] Тушидаги ишоралар уни хаёлга толдирган эди. С. Сиёев, Ёруғлик
Хаёлга келмоқ
-
Хаёлига келган ҳамма нарсани Гавҳарга бир-бир айтиб берди. П. Қодиров, Уч илдиз
-
Кўпдан бери хаёлимга келмаган нарсаларни эсимга солиб қўйгани учунми, у билан баҳслашгани сўз тополмай қолдим. И. Раҳим, Ҳилола
Хаёл(и)га (ҳам) келтирмаслик
-
Рад жавоби олиш қанчалик оғир эканини сен хаёлингга ҳам келтирмайсан. Х. Султонов, Онамнинг юрти;
-
Мирзакаримбой ерга ўч одам эди. Ҳатто ер сотишни хаёлига келтирмаган одамларнинг ерларини ўзиникига қўшиш учун ҳеч нимадан тоймас эди. Ойбек, Танланган асарлар;
-
Доктор, Ҳамзани бу ерда учратишни хаёлига ҳам келтирмаганди. К. Яшин, Ҳамза
Хаёлдан кетмаслик
-
Аммо тушлик пайтгача Иблис хаёлимдан нари кетмади. Х. Тўхтабоев, Ширин қовунлар мамлакати
-
Авазнинг хаёлидан бир-биридан машъум, юракни тилка-пора қилувчи манзаралар кетмай қолди. С. Сиёев, Ёруғлик
Хаёл(и)дан кечмоқ (ёки ўтмоқ)
-
Шу билан бирга унинг хаёлидан ғалати фикрлар ҳам кечиб турди. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Ҳар иккаласи ҳам ҳар бир икир-чикирни хаёлидан кечириб бирон нарса топишга уринар эди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Негадир [Чароснинг] хаёлидан Дилшод айтган деган фикр лип этиб ўтди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
Хаёл(и)дан кўтарилмоқ
-
Китобни кутубхонага топшириш хаёлимдан кўтарилибди.
Хаёли жойида эмас
-
Болам боёқиш нотинчроқ бўлиб қолди. Хаёли ҳам жойида эмас. Мирмуҳсин, Меъмор
Чодир хаёл
Ҳар хил хаёлга бормоқ
-
[Нигорани] Шу қадар кўргиси келадики! Бироқ кеч бўлиб қолди. Уй эгалари ҳар хил хаёлга боришлари мумкин. С. Анорбоев, Оқсой;
-
[Степан Соколов:] Келдингларми Нега шунча қолиб кетдиларингиз, ҳар хил хаёлга бориб, ҳайрон бўлиб тургандим. К. Яшин, Ҳамза
ХАЁЛ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
XAYOL сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
хаёл сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар