бел
билан улашинг
1. Орқа суякнинг (умуртқа поғонасининг) пастки қисми.
-
Одамнинг бели. Отнинг бели. Бели букчайган. Бел мускуллари. Бел оғриғи.
-
Бели синиб ётган сарбоз ҳам ойга тикилар, ундан нажот йўқ. Мирмуҳсин, Меъмор
2. Гавданинг кўкрак қафаси билан бўкса ўртасидаги энг хипча қисми; биқин.
-
Бели йўғон одам. Бели хипча қиз.
-
Тортишмачоқ бошланди: қиз томондан гупчакдек юм-юмалоқ хотин белини белбоғ билан маҳкам боғлаб, ўртага тушди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Улар қизнинг бўйи, бели, елкаси ва қўлларини ўлчаб ёзиб олишди. И. Раҳим, Ихлос
-
Бувинисо икки қўли билан белини ушлаб, қаддини кўтарди. Ойдин, Ҳикоялар
3. кўчма Ён, чўнтак ёки белбоғ маъносида.
-
Белимда пул, бошимда савағичдан тўқилган катта қафасда куккулаб турган бир жуфт қумри. Ғ. Ғулом, Шум бола
-
Беш-ўн қоғозни белимга тугиб, уст-бошимни бут қилиб юртимга жўнаб кетай дегандим. Ойбек, Танланган асарлар
-
— Белимдаги зоғора нонни сувга ботириб еб, кунни кеч қилдим, — деди қаландар йигит Авазга. С. Сиёев, Ёруғлик
4. Бирор нарсанинг ўрта қисми, ўртаси.
-
Шўхсой қишлоқнинг қоқ белидан айқириб оқади. Ҳ. Назар, Сўнмас чақмоқлар
-
Пўлат абзал, найзалар синиб борар белидан. Нурали
-
У [Қўқон Ж Сўх дарёси ва ундан тара-либ чиқадиган кўплаб ариқлардан суғориладиган воҳанинг ўрта белида жойлашган. К. Яшин, Ҳамза
5. кўчма Жисмоний ёки моддий кучнинг рамзи.
-
Ёмонга эл бўлгунча, Яхшига бел бўл. Мақол
6. геогр. Тоғ ва тепаликларнинг эгарсимон энг баланд жойи.
-
Бўз йигитлар бир ғайрати тошиб, Неча тоғдан, неча беллардан ошиб Ёдгор
-
Сени минган беклар дарёдай тошди, Неча бел-у неча тоғлардан ошди. Маликайи айёр
7. Белини синдирмоқ Катта моддий, жисмоний ёки маънавий зарар етказмоқ.
-
Беҳуда ҳаракат белни синдиради. Мақол
-
Гапнинг белини синдирманглар, жим туринг, Ҳайдарча гапираверсин. С. Айний, Жаллодлар
-
ҳосил нобуд бўлди, ишимизнинг бели синди. С. Айний, Қуллар
бел сўзи қатнашган жумлалар:
Бели оғримоқ
-
— Ёш, янги деҳқон-да, ҳали бели оғримаган! — дейди Холмирза ака. А. Қодирий, Ғирвонлик Маллавой
Бел оғритмоқ (ёки қайиштирмоқ)
-
Ҳа, бўлмаса, жонингиз ачиганими бу? Ерни белингиз қайишиб чопганингизда, жонингиз ачир эди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Бели оғримаганнинг нон ейишига қара (ёки нон ейишини кўр)
Бел олишмоқ (ёки ушлашмоқ)
-
Элмурод саҳн ўртасида тўпланишган ёшлар томонга кетди. Бу ерда кураш бошланган бўлиб, Давлатёр билан Маъмуржон бел олишмоқда эди. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Бел ушлашганда, отангни аяма. Мақол
-
Сидиқжон сизга шогирд тушмоқчи. Маллавой кулди: — Мен билан бел ушлашмоқчи денг. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Бел боғламоқ
-
Дўстларим Сиз билан биз улуғ ишга бел боғладик. Бу ғоят хатарли иш. Аммо биз қўрқмаймиз. Ҳ. Ғулом, Машъал
-
Бобур жуда бир қалтис ишга бел боғлаганини сезди. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
Белига тепмоқ
-
Сенмисан? Аммо уйқунинг ҳам белига тепдинг-да, Тинчликми ўзи? О. Ёқубов, Пьесалар
-
Суҳбат авжига чиққанда кириб келган икки йигит гапнинг белига тепди. С. Маҳкамов, Дала тонги
Белини кўтармоқ
-
экин майдонларини кўпайтириш колхознинг белини кўтаришга катта куч бўлар эди. С. Зуннунова, Олов
Бели узилмоқ
-
Биз худонинг суйган бандаларимиз, бизга осилганларнинг бели чўрт узилади! К. Яшин, Ҳамза
Белини букмоқ
-
Тўғри, сенинг қароринг жуда тўғри, қуролимиз бўлмаса, Куропаткин белимизни букиб қўяди! Н. Сафаров
Ер қазиш, сочилган нарсаларни олиб солиш, тўплаш учун ишлатиладиган ёғоч сопли темир қурол; белкурак.
-
Бел билан ер ковламоқ. Белни пешлаган билар, ерни ишлаган билар. Мақол
-
Кўп гапиргандан кўра, қўлингга белни ол-да, далага чиқ. Ёшлик
БЕЛ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
BEL сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
бел сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар