бил
билан улашинг
1. Бирор нарса, ҳодиса ёки фикрнинг моҳиятига етмоқ, бирор соҳада маълумотга эга бўлмоқ.
-
У биладиган одам. Сиз математикани биласизми?
-
Кошки тил билса-ю, у билан суҳбатлаша қолса! Ойбек, Танланган асарлар
-
Тирик бўлганда, ўнта ўғилнинг ўрнини босадиган қизи борлигини биларди. С. Аҳмад, Уфқ
-
Сиз ярамаснинг қилиб юрган ишларингизни биламан. С. Аҳмад, Уфқ
2. Бирор соҳа ёки ишда маълум ўқув ёки малакага эга бўлмоқ.
-
Шахмат ўйнашни биласизми? У дўппи тикишни яхши билади.
-
Янги от, янги файтун. Ҳа, қўшишни, ҳайдашни биласизми? Ойбек, Танланган асарлар
3. Турмуш тажрибаси туфайли хабардор, ошно, таниш бўлмоқ.
-
Кўп яшаган билмас, кўпни кўрган билар. Мақол
-
Қари билганни пари билмас. Мақол
-
Ақл ёшда эмас, бошда деган одам, билиб айтган. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
4. Хабардор, воқиф бўлмоқ.
-
Сиз уйда экансиз, билсам, дафтаримни олиб келар эканман эсизгина. А. Қаҳҳор, Адабиёт муаллими
-
Кўп гапларни билиб қайтди. С. Аҳмад, Уфқ
5. Ҳис этмоқ, сезмоқ; идрок этмоқ, англамоқ, фаҳмламоқ, тушуниб етмоқ, уқмоқ, пайқамоқ.
-
Ҳар ким ўз айбини билмас. Мақол.
-
Аҳмоқ ҳориганин билмас. Мақол
-
Сен билган бўлсам, вақт қандай ўтганини билмайман. Ойбек, Нур қидириб
-
Гапни айлантириб ўтиришдан фойда йўқлигини билиб, кўнглидаги бор гапни айтди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Биз энди ўз ҳақ-ҳуқуқимизни биламиз. А. Қодирий, Ғирвонлик Маллавой
-
Мен сенга муносиб эмаслигимни бугун билдим. С. Аҳмад, Уфқ
6. Тан олмоқ, қадрига етмоқ, тақдирламоқ.
-
Эр йигитнинг қадрини оғаси эмас, эл билур. Мақол
-
Шошмай тур, ҳали у иззатини билмаган итваччани тутиб, адабини бердирмасам, Мадумар отимни бошқа қўйиб юбораман. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
7. Танимоқ, таниш бўлмоқ.
-
Бу ерда мени ҳеч ким билмайди.
-
Норматовни сизлар қанча билсаларинг, мен ҳам шунча биламан-да. А. Қаҳҳор, Мунофиқ
-
Мен сиз билган Шокирбек эмас, тошкентлик Юсуфбек ҳожининг ўғли ва марғилонлик Мирзакарим аканинг куёви — Отабек. А. Қодирий, Ўтган кунлар
8. Деб ҳисобламоқ, деб санамоқ, деб билмоқ.
-
Ўзингни эр билсанг, ўзгани шер бил. Мақол
-
Ҳалиги гапимни сир деб бил. Ойбек, Танланган асарлар
-
Бола ўз қайғусини бутун бир дунёнинг қайғусидек билар эди. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Чунки у оддий ҳақиқат бир минг бўёқдан соз, деб билади. С. Зуннунова, Олов
9. Уддасидан чиқмоқ, эплай олмоқ.
-
Ҳали сиз ёлғон гапиришни ҳам биласизми? А. Қаҳҳор, Айб кимда?
-
Сиз икки келин ушлашни билмабсиз, Зайнабга жабр қилган кўринасиз. А. Қодирий, Ўтган кунлар
10. Ихтиёри, измида бўлмоқ.
-
Сиз тушунмаяпсиз, ойи ҳали тағин дадаси биладилар. А. Қодирий, Ўтган кунлар
бил сўзи қатнашган жумлалар:
Хат билмоқ
-
Уста Мўмин, раҳматлик, хат билар эди, китоб кўриб, боланинг отини Ёдгор қўйди. А. Қаҳҳор, Асрор бобо
Биламан, биласан, биласиз ёки биласизки
-
Биламиз, Бобомурод полвон, сизнинг қўрангиз марказдан олисда. С. Анорбоев, Тўрткўзнинг бошидан кечирганлари
-
Биламан, тилларнинг ёмони йўқдир, Ҳар тилнинг ўз кўрки, улуғлиги бор. Шуҳрат, Ёшлигимнинг давоми
Биласанми, биласизми
-
— Биласанми, бу ерда фақат 95 дамлайди, — деди у Муродга пиёла тутиб. Т. Ашуров, Оқ от
-
Биласанми, мелисадан дадамнинг эшагини ҳайдаб кетаётганимни ҳамма кўрди. С. Аҳмад, Уфқ
-
Биласизми, Мансур ака, мактабни битириб, институтга кирмоқчиман. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
Билмадим
-
Билмадим, бугун нима важ қилди экан. А . Қаҳҳор, Асрор бобо
-
Билмадим, қайси бир ишимиз худога хуш келмаган экан. К. Яшин, Ҳамза
-
Бу дабдаба-ю бу ҳурмат-у эъзозни кўриб, билмадим, қай аҳволга тушар экан. Х. Тўхтабоев, Ширин қовунлар мамлакати
-
Билмадим, бу хаёл чол бўлиб букчайиб қолганимда ҳам ўзгармаса керак. Ш. Холмирзаев, Йўллар, йўлдошлар
Билмай ёки билмасдан
-
— Эҳтимол, жуда ҳам катта гуноҳ эмасдир, чунки билмасдан, тушунмасдан қилинган иш, — деди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Кечирасиз, билмасдан келибман.
Билмасам
Билсанг, билсангиз
-
Имон, Аваз, билсанг, сувдай гап. С. Сиёев, Ёруғлик
Ким билсин ёки ким билади
-
Ҳай, мен нега уни бевақт уйғотяпман, ким билсин, бу хил уйқу кенжамга яна қачон насиб қилади, бир оз ором олсин. И. Раҳим, Чин муҳаббат
Киши билмас
Худо билсин (ёки билади)
-
Қоронғида яхши ажрата олмадим, тусини ғира-шира анови қора Ҳомидга ўхшатдим. Тағин уми, бошқами, худо билсин. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Ўзинг биласан
-
Ўзинг биласан, Раббим ака битта чивин чақса, Африкагача бориб тутиб, эзғиламагунча қўймайди. С. Аҳмад, Уфқ
Ўзингиз биласиз
-
Ўзингиз биласиз, мен гапирмасдан туролмайман. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Офтоб ойим тилар-тиламас ўзингиз биласиз жавобини берди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
бир кор-ҳол бўлмасин дейман. Тағин ўзингиз биласиз. К. Яшин, Ҳамза
Билганинг билган
-
Кўпчилик бир нафас жим ўтиришди. Сўнгра ора-орадан: — Сизнинг билганингиз билган, мулла, — деган маъқулловчи товушлар эшитилди. П. Турсун, Ўқитувчи
Билганингдан қолма
Билганини қилсин
-
— Шунчалиги ҳам бор, — деди Зокир ота кетгани қўзғалиб, — майли, билганини қилсин. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Тилини билмоқ
-
У пахта териш машинасининг тилини яхши билади.
Қуш тилини қуш билади
БИЛ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
BIL сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
бил сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар