ўқи
билан улашинг
1. Сўз, жумла, гап, матн ва шу кабиларнинг ёзма шаклини ичда ёки оғзаки ифодаламоқ.
-
Мақолани ўқимоқ. Қадимий ёзувни ўқимоқ. Товуш чиқариб ўқимоқ. Ўқиб эшиттирмоқ. Рўйхатни ўқимоқ. Нотўғри ўқимоқ. Қийналиб ўқимоқ. Биринчи саволни ўқиди.
-
Кўп ўтмай, у дурустгина ўқийдиган ва унча-мунча ёзадиган бўлиб қолди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
2. Шеърий ёки насрий матнни ёддан айтмоқ.
-
Йигит форсча бир байт ўқиди. — Бобо Урёний бу, биламан! — деди Аваз. — Бошқа ўқи! С. Сиёев, Ёруғлик
-
Чойхонада узун қулоқли қаландар кўзларини юмиб, янгроқ овозини баланд қўйиб, Машрабдан ғазаллар ўқийди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Бувижон, дуоларингизни ўзимизнинг тилимизда ўқийверсангиз, худо тушунмасмикин-а? Гулдаста
3. Диққат билан, таҳлил қилиб назардан ўтказмоқ; мутолаа қилмоқ.
-
Диққат билан қайта-қайта ўқимоқ.
-
Кўп ўқигансиз, лекин кам биласиз, синглим! Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Фузулийни яхшилаб ўқиш керак! А. Қодирий, Ўтган кунлар
4. Ўзи бирикиб келган сўзни ёки унга хос маънони (мазмунни) билдирувчи сўзларни, ибораларни айтмоқ.
-
Лаънат ўқимоқ. Тасаннолар ўқимоқ.
-
Бу ерда ишлаётган экскурсоводлар ҳамда қайиқчилар маҳорати ва матонатига офаринлар ўқидик. Газетадан
-
бугун Эрбўта билан йўлда келаётиб, болани эсдан чиқариб қўйганда ҳам, Ҳаёти дилрозини ўқиётганда ҳам шу ўй миясида, тилининг учида эди. М. Исмоилий, Фарғона т. о.
5. Диний тушунчаларни ифодаловчи баъзи сўзлар билан қўлланиб, шу сўз иштирокидаги жумла, гап ва шу кабиларни айтмоқ, унга оид ҳолат, маросимни ўтамоқ маъносини билдиради.
-
Никоҳ ўқимоқ. Фотиҳа ўқимоқ. Дуо ўқимоқ. Намоз ўқимоқ.
-
— Шариат бўйича никоҳ хутбаси ўқилган, — деди шайх К. Яшин, Ҳамза
-
Мансур онасининг қабри тепасида узоқ ўтирди. Қоровул чол қуръон ўқиганидан кейин ҳувуллаб қолган ҳовлига қайтди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
6. кўчма Ўз тилида сўзламоқ (шахсдан бошқа нарсаларга нисбатан).
-
Тонг ёришгани, дунёга нур тўлгани учун қувонаётгандек, осмонда тўрғайлар ҳамд-у сано ўқийдилар М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Бир неча қалдирғоч Салор оқими бўйлаб учар ва учган кўйи валфажри ўқир эдилар. А. Қодирий, Ўтган кунлар
7. Шахс ёки нарсанинг қиёфа, ҳолатидан бирор маънони англамоқ, билмоқ, тушунмоқ, уқмоқ.
-
Гўё бу сеҳргар чол ҳамма сирни бетдан ўқиб олар эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Унинг кўзларида, сени суйганимдан жўрттага ноз қиляпман, дегандай бир маъно ўқиди Комила. Ойбек, Танланган асарлар
-
Табиат ўз тилида роз айтиб шувуллар экан, йигит бундан ўз қувончининг мадҳини ўқирди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
8. Ўқув юртларида таҳсил олмоқ.
-
Мактабда ўқимоқ. Лицейда ўқимоқ. Мадрасада ўқимоқ. Бешинчи курсда ўқимоқ.
-
Қунт билан ўқиди. Олий маълумотли бўлди. Х. Ёдгоров, Ҳаёт тўлқинлари
-
Бўлди! Театр-рассомчилик институтида ўқийдиган қиз. Худди ўшанинг ўзи! Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
9. кўчма Бирор мақсадга кўндирувчи, оғдирувчи гапларни қилмоқ, миясига қуймоқ.
-
Биз ҳам анойи эмасмиз, ахир. Мухбирни ўртага олиб, роса ўқиймиз Муштум
-
Кейин аста устидан сув сочдим, тушунган хотинлар тугун кўтариб юрмайди, бир кило — икки кило ширинлик ёки бирор кийимлик олади-қўяди, деб роса ўқидим. Т. Алимов, Дашшў
ЎҚИ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
O‘QI сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
ўқи сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар