оёқ
билан улашинг
1. 1 Одам, ҳайвон, қуш ва умуман жонли организмлар гавдасининг таяниб туриши ва юриши ёки ўрмалаши учун хизмат қиладиган аъзо.
-
Ўнг оёқ. Чап оёқ. Ипак қуртининг оёқлари. Отнинг орқа ва олдинги оёқлари.
-
Дўст —
-
бошга, душман оёққа боқади. Мақол
-
Ўнг оёғимни кўтарсам, чап оёғим ерга кириб кетаётгандек бўлаверади. Х. Тўхтабоев, Ширин қовунлар мамлакати
-
У [фаришта] атлас кўйлак, лозим кийган, бош яланг, оёқ яланг, ёшгина бир йигит эди. А. Қаҳҳор, Майиз емаган хотин
-
Шарофат ўзига келди-ю, оёқ учида бориб, дарчанинг ёнига чўнқайди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
2. Стол, стул, сўри, каравот каби буюмларнинг ерга таяниб турадиган қисми, пояси.
-
Дадам сувоғи кўчган деворларга, эски шкаф, оёғи маймоқ стулларга бир қараб қўйди. С. Сиёев, Ёруғлик
3. Охир, одоқ.
-
Кўчанинг бошидан оёғигача тош терилган.
-
Подачи поданинг оёқ томонидан чанг ютиб, элан-қаран юриб келаётган сигирни таёғи билан кўрсатиб: Анави сеники, деди. С. Анорбоев, Ҳамсуҳбатлар
-
Отабек киши орқасидан кетди, олдинма-кетин, сўзлашмасдангина кўчанинг оёғига қараб борар эдилар. А. Қодирий, Ўтган кунлар
4. Фасл, давр ва шу кабиларнинг охири, тугаётган вақти.
-
Куз кунларининг оёғи ва қиш кунларининг боши эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
5. Чет, чекка; қуйи томон; этак.
-
Экинзорнинг оёғи. Ернинг оёғи.
6. Уйнинг, хонанинг эшикка яқин ўрни; пойгак; зид. тўр ИИ.
-
Асалхон бир тўда қизлар билан оёқроқда ғуж бўлиб турганини кўрган Сорахон ўртага тушиб, йигитларни чақиб олди. Ҳ. Ғулом, Сенга интиламан
оёқ сўзи қатнашган жумлалар:
Оёқ босмоқ
-
Бемор энди-энди оёқ босяпти. У ўнг оёғини босолмайди.
-
Сақлаб сукут оёқ босди, Ҳамма жимжит, бошлар қуйи. Ғ. Ғулом, Кўкан
-
Оёғингни билиб бос!;
-
Одам оёқ босмаган саҳро. Сизникига оёқ босмаганим бўлсин!
Оёқ ости (ёки оёғости) бўлмоқ
Оёқ ости (ёки оёғости) қилмоқ
-
У ўз ҳақини таниган, энди ўзини бировга оёқ ости қилдириб қўймайди. С. Аҳмад, Уфқ
Оёқ остида
-
Болалар, оёқ остида ўралашманглар!;
-
Фалокат оёқ остида. Мақол
-
Бу замонда ҳақиқат оёқ остида қолиб кетмайди. С. Аҳмад, Ҳукм
Оёқ устида
-
Мана, ўртоқлар, оёқ устида, иш бошида умумий йиғилиш ҳам ўтказиб олдик. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
Оёқда (ёки оёқ устида, оёқ узра) турмоқ
-
Оёқда турган ҳолда яна бир оз гаплашиб, сўнг Эшвой жўнаб қолди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Отабек ҳолсизланиб, оёқ узра турар. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
У йўлдан чарчаб келганидан, оёқ устида зўрға турар эди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Оёқдан йиқитмоқ (ёки йиқмоқ)
-
Бу ёлғиз Бўтани беобрў қилиш учун эмас, колхозни оёқдан йиқитиш учун қилинган иғво. С. Аҳмад, Ҳукм
Оёқдан қолмоқ
-
— Бошимга бир мушкул тушди, — деб гап бошлади Бозор, — бугун укам бирдан касал бўлиб, ҳам тилдан, ҳам оёқдан қолди. С. Айний, Дохунда
Оёққа босмоқ
-
Колхозимиз сал оёққа босгандан кейин, ўзим бориб, сизни олиб келаман. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Оёққа бостирмоқ
-
Тўғонни қуриб, колхозимизни оёққа бостириб олайлик, уйларингга радио тушириб берамиз. С. Аҳмад, Ҳукм
Оёққа турмоқ
-
Девонбеги меҳмонхонага кирганда бутун меҳмонхонадагилар оёққа турдилар. С. Айний, Қуллар
-
Ўша куни бутун шаҳар оёққа турди. Ж. Шарипов, Хоразм
-
— Яхшилигингизни асло унутмайман, — деди врачга бемор, — оёққа туриб кетай, сизни хурсанд қиламан. Газетадан
-
Қани энди оёққа туриб кетса-ю, бутун умрини ана шу одамни асраб-авайлаш учун бағишласа. С. Зуннунова, Кўк чироқлар
-
Колхозимиз қанча оёққа турса, шу бизнинг душманга зарбамиз бўлади. С. Аҳмад, Ҳукм
Оёққа турғизмоқ (ёки қўймоқ)
-
Колхозни колхоз қилиб, оёққа турғизгунча, эҳа, қанча қурбон бермадик! Ҳ. Назир, Узр, отахон.
-
Абдулла ука, бутун халқни қандай қилиб оёққа турғизиш мумкин? Ш. Холмирзаев, Қаҳрамоннинг сўнги кунлари
Оёқда қолдирмоқ
-
Мен буларга ўргатармишман Мени оёқда қолдириб кетишади бу шумтакалар. Ҳ. Назир, Олмос
Бир оёғи тўрда, бир оёғи гўрда
-
Отамнинг қилаётган ишига қараб, ёшини суриштириб: Тўқсондан ошибсиз, бир оёғингиз тўрда, бир оёғингиз гўрда, тиниб ўтирмайсизми, —дебди. Шукрулло, Сайланма
Енгил (ёки суюқ) оёқ
Ёлғиз оёқ йўл
Икки оёғини бир этикка тиқмоқ (ёки суқмоқ)
-
Отам уйлантираман деб, икки оёғини бир этикка суқиб олган, ҳол-жонимга қўймайди. С. Аҳмад, Қадрдон далалар
Оёқ олиш
-
Умматали хотинининг оёқ олишига қараб юрадиган бўлса, отлиқ келаётган Акбарали ундан олдин Азизхонни топади, унга бирор шикаст етказадигандай бўлиб туюлади. С. Аҳмад, Уфқ
-
Унинг оёқ олиши бежо.
Оёқ остидан чиқмоқ
-
Душман учун кутилмаган бу фалокат худди оёқ остидан чиққандек бўлди. Н. Сафаров, Жангчи Шокир
-
Ўша катта иш кеча оёқнинг остидан чиқиб қолди. С. Аҳмад, Уфқ
Оёқ тирамоқ
-
Болаларнинг бўйи етиб, тўй бошлаймиз деганда, қизи қурмагур бирдан оёғини тираб олди. Ойбек, Олтин водийдан шабадалар
-
У уйлансам, Маҳбубага уйланаман, бўлмаса, фронтга ариза бериб кетаман, деб икки оёқ тираб туриб олди. С. Аҳмад, Уфқ
Оёқ узатмоқ (ёки чўзмоқ)
-
Офтоб ойим ҳамон оёқ узатмади. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Оёқ узмоқ
-
Бўри Пайғамов, Нусратбекнинг бу ердан оёғи узилиб, гаплар бости-бости бўлгунча, панароқда турди. С. Нуров, Майсаларни аёз урмайди
Оёқ учи билан (ёки учида) кўрсатмоқ
-
Чўри қиз бошимизга чиқиб, бизларни оёқ учи билан кўрсатади. Ойбек, Танланган асарлар
-
Одамни оёқ учида кўрсатиб, калака қилади. Ҳ. Назир, Ўтлар туташганда
Оёқ учида
-
Шерали оёқ учида келиб, девор тагида бир ёнбошда ухлашгагина етадиган жойга ўтирди. С. Кароматов, Олтин қум
Оёқ чиқармоқ
-
Бизнинг хотин тил чиқарган десам, оёқ ҳам чиқарипти. А. Қаҳҳор, Оғриқ тишлар
Оёқ қўймоқ
-
Унинг розилигини олмасдан туриб, бу ишга оёқ қўйиш мумкин эмас. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Оёғи куйган товуқдек
-
Одамлар оёғи куйган товуқдек пишиллаб югурдилар. Ойдин, Ўзидан кўрсин
Оёғи олти, қўли етти
-
Зайнаб оёғи олти, қўли етти бўлгани ҳолда, эрини тўрт қават кўрпача устига ўтқазиб, ёнига учта пар ёстиқни қўйди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Оёғи осмонда
-
Лашкарбоши уста бўлса, душман оёғи осмонда. Мақол
Оёғи осмондан бўлди (ёки келди)
-
Чекинадиган жой йўқ, орқада жаҳаннам, бир қадам чекинсак, оёғимиз осмондан келади. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
Оёғи тортмаслик
Оёғига болта урмоқ
Оёғига бош урмоқ (ёки қўймоқ) ёки оёғига йиқилмоқ
Оёғидан тортмоқ
Оёғини осмондан келтирмоқ
Оёғини қўлга олиб
-
Шартта ўрнимдан туриб, қалпоқчамни олдимда, оёғимни қўлга олиб, уй томон югурдим. Ёшлик
Осмонга чиқсанг, оёғингдан тортаман, ерга кирсанг — қулоғингдан
-
[Солиҳбой:] Менинг олтинларим шундай зийрак жосус шундай улуғ ҳокимки, ерга кирсанг — қулоғингдан, осмонга чиқсанг, оёғингдан тортиб, менинг қўйнимга олмадай қилиб солиб қўяди! Ҳамза, Бой ила хизматчи
Оғир оёқ
Совуқ оёқ
-
Кенг соҳилингда кезди шум оёқ, Синдирди нечанинг бошида таёқ. Ғайратий
Юзига оёқ қўймоқ (ёки тирамоқ)
-
Турғун акам билан раиснинг юзларига қандай қилиб оёқ қўя оламан. Н. Сафаров, Ҳаёт мактаби
-
Сен юзингга оёқ тираб кетган ўша бети қаттиқ хотинингникига бордингми? С. Аҳмад, Уфқ
Уз оёғи билан
-
Дард аригиси келса, табиб ўз оёғи билан келади. Мақол
Ўз оёғидан йитмоқ
1. 1 Коса, идиш.
2. айнан Қадаҳ.
-
Аччиғланма, бек йигит ширингина таом қилиб бераман, бир-икки оёқ бўза ҳам келтираман. Ойбек, Навоий
-
Новча йигит сузган бўзадан озгина татиб кўриб, биринчи оёқни Султонга узатди. Ғ. Ғулом, Шум бола
ОЁҚ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
OYOQ сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
оёқ сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар