қайна
билан улашинг
1. Кучли иссиқсан кўпириб, буғланиб вақирлаб турмоқ.
-
Юз градус иссиқликда сув қайнайди. Қозонда шўрва қайнамоқда.
-
Бақирлаб қайнаётган дорини биров қошиқ билан шопириб турди. А. Қаҳҳор, Кўр кўзнинг очилиши
2. кўчма Қайнаган ҳолатни билдирувчи товуш чиқармоқ (ичида сув, суюқлик бўлган идиш ҳақида).
-
Самовар қайнади. Тикилган қозон қайнамас. Мақол.
-
Печка устида учта котелок [қозонча] буғ буриқтириб, шақирлаб қайнарди. Ойбек, Қуёш қораймас
3. кўчма Худди қайнаган кўринишли ҳолатда бўлмоқ; отилиб чиқмоқ (булоқ, дарё кабилар ҳақида).
-
Аммо дарё қайнар, кўпирар — Тўнка остин ялаб ўпирар. Муштум
-
Қадимий чинор тагида чойхона, унинг ҳовлисида биллурдек тиниқ чашмалар қайнаб ётади. Газетадан
-
Қайнаб тошсин нефт булоқлари. Ё, Мирзо
-
уларнинг ҳозирги ҳолларини сезиб ётган Кумушнинг-да қайнаб чиққан кўз ёшлари икки чеккасидан ёстиққа оқиб туша бошлади. А. Қодирий, Ўтган кунлар
4. Пишмоқ, пишиб ейишли ҳолга келмоқ.
-
Икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамас. Мақол
-
Декчада сабзи-пиёз ҳам мириқиб қайнади. Ҳ. Ғулом, Машъал.
-
[Пулдорларнинг] Қоринлари тўқ. Болачақалари роҳатда, уйларида қази-қарта қайнайди. Ойбек, Танланган асарлар
5. кўчма Ачимоқ, бижғимоқ, ачиб-бижғиб бижирламоқ; шу тариқа етилмоқ.
-
Бочкага босилган узум қайнай бошлади.
-
Кун кишиларнинг уйларида мусаллас билан бўзалар хумлаб қайнаб ётса, иккинчи томонда расмий суратда ичкилик сотиш билан тириклик қилувчилар ҳам йўқ эмас эдилар. А. Қодирий, Ўтган кунлар
6. кўчма Кучли хатти-ҳаракатли, қўзғалган, тўлқинланган ҳолатда бўлмоқ (кўпчилик одамлар ҳақида).
-
Султонмурод қайнаган оломон ичида туртки еб, босилиб, эзилиб, узоқ юрди. Ойбек, Навоий
-
Кун совуқ, лекин бозор қайнарди. Ойбек, Улуғ йўл
7. кўчма Кучли, қизғин тус олмоқ.
-
Далаларда иш қайнайди: кимлар пахта теради, кимлар беда ўради, кимлар шудгор қилади. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча.
-
Уста Ҳазратқулнинг қурилиш майдончасида ҳам меҳнат қайнайди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
8. кўчма Жаҳли, асаби кучли қўзғалмоқ.
-
Телефон дастасини қўпол ҳаракат билан, пешонасидан тер чиққунча айлантиради-да, жавоб ололмай қайнаб кетади. А. Мухтор, Опа-сингиллар
9. кўчма Айрим сўзлар билан бирикиб, шу сўзлар англатган нарсанинг кучли, ортиқ даражада бўлишини билдиради.
-
Ичида қайнаган ҳислар булоғи қўлига қалам олдирди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Мен унча-мунчага бепарво қизлардан, деб юрсам, ичида шунақа фикрлар қайнаб ётган экан. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Жапақнинг миясида саволлар қайнаб тошди. А. Мухтор, Қорақалпоқ қиссаси
-
Ростини айтсам, шу замонда гап-сўз қайнаб кетган, лекин бировининг ҳам маъноси йўқ. Ойбек, Танланган асарлар
10. кўчма Ниҳоятда исимоқ; ёнмоқ.
-
Кун қайнаб кетган. Тўрт томонни ёндириб ётган саратон оловининг тафти чайла ичкарисига дам-бадам урилади. Ёшлик
11. кўчма Кўп миқдорда тиқилиб кетмоқ.
-
Булоқда балиқ қайнаб ётибди.
-
Бу коридорда танаффус вақтида одам қайнайди. П. Қодиров, Уч илдиз
-
Ҳовлига чиққанда, катта ҳовли хотинлар билан қайнар эди. Ойбек, Танланган асарлар
қайна сўзи қатнашган жумлалар:
Ичи қайнамоқ
-
Қаршибой ота саломатлигини йўқотган ошнасига озор беришни истамаса ҳам, ичи қайнаб кетди. Ҳ. Назир, Сув гадо-си — оқпадар
-
Унинг ишига разм соларкан, ичи қайнаб кетгудай бўларди-да, жаҳли чиқиб: — Ё ҳайдаб юбораман, ё чаққон ишлашни ўргатиб қўяман, — дерди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
Шўри қайнади
-
— Яна камбағалларнинг шўри қайнайди денг — деди Йўлчи ғазабланиб. Ойбек, Танланган асарлар
Қони қайнамоқ
-
Томирларда қони қайнаб, кўзларидан ўт чақнарди, мушак гўштлари пўлатдай қотиб кетган эди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
-
Самандаровнинг қони қайнаб кетди: — Мундай гапирсангиз-чи. Забон борми!? А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
ҚАЙНА сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
QAYNA сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
қайна сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар