қоч
билан улашинг
1. Таъқиб, хавф-хатар ва шу кабилардан қутулиш учун (одатда, чопиб-югуриб) мавжуд жойини ташлаб жўнамоқ.
-
Бўрилар ўрмонга қараб қочди. От бўшалиб қочиб кетибди. Кўпчиликдан қуён қочиб қутулмас. Мақол
-
Мажлис ўтказсак, болалар қочиб кетмасин, деб эшик олдига қоровул қўйгудек бўламиз. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Кўчада югур-югур, шовқин, итлар вангиллаган, товуқлар қийқиллаб қочган. А. Қаҳҳор, Башорат
-
Фашистлар дастлаб саросимага тушди-да, сўнг бирдан тирақайлаб қочди. Ойбек, Қуёш қораймас
2. Яшириниш, хавф-хатардан холи бўлиш мақсадида ўз (турган) жойи, маконини яширинча тарк этмоқ, бошқа ерлардан жой-макон қилмоқ, бошқа ерларга кетмоқ, ўзга ерларда бўлмоқ, юрмоқ.
-
Асрорқул ўшандан бери қишлоқма-қишлоқ қочиб юрар экан, А. Қаҳҳор, Асрор бобо
-
Ҳеч бўлмаса, жонни сақла энди сан, Бир йўл топиб қочмоқ керак бу элдан. Ҳ. Олимжон
-
Нега уйдан қочдинг? Ёшлик
3. Бирор нуқтадан (жойдан) нари йўналмоқ, силжимоқ.
-
Марказдан қочувчи нервлар.
-
Боши гир-гир айланар, деворлар ундан қочаётгандек эди. Ёшлик
4. Оралиқ жой пайдо бўлмоқ ёки очиқ оралиғи узаймоқ (ёнма-ён, қатор жойлашган нарсалар ҳақида).
-
Пол тахталари бир-биридан қочибди. Тишлари бир-биридан қочибди.
5. Ўзини четга олмоқ, дахл қилмаслик; четланмоқ; ажралмоқ; сақланмоқ.
-
Иш иштаҳа очар, дангаса ишдан қочар. Мақол
-
Қаранг, бу ерда ҳам ишдан қочганлар топилибди. Х. Тўхтабоев, Сирли қалпоқча
-
Ўз қўли билан тупроққа қўйишдан қочган ярамас! С. Аҳмад, Уфқ
-
[Отабек] Бундай бўлмағур таклифни эшитмас(лик) учун ўзини четга олиб, отаси, айниқса, онасига йўлиқишдан қочиб юришга мажбур бўлди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
[Сидиқжон:] Яхши хотиндан одам қочадими? А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
У фалокатдан билиб қочган экансиз-да, болага, ўз боласига меҳри шу бўлса, ундан нима умид қилади киши? А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
6. кўчма Тийилмоқ, сақланмоқ.
-
Умуман, адабиёт фани ўқитилганда, сийқаликдан қочиш керак. Газетадан
-
Юракни чарчатадиган ва заифлаштирадиган ҳолларнинг ҳаммасидан ҳам қочиш керак. Анатомия
7. Уришиш, олишишда енгилмоқ (асо-сан, ҳайвон, паррандалар ҳақида).
-
Қўчқор уриштирдик. Меники қочди.
-
Нега қочган беданадай, писиб чирқиллайсан ? А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
8. этн. Бегона эркакдан юзини беркитмоқ, яширинмоқ (хотин-қизлар ҳақида).
-
Тўғриси, Сорахон кишидан қочади. А. Қаҳҳор, Сароб
-
[Эъзозхон] Ўтап билан қиёматли ака-сингил тутиниб, ундан қочмай қўйди. Ҳ. Ғулом, Машъал
-
Назирқул туз берган эшонга астойдил хизмат қилди. Эшон ая ундан қочмайдиган бўлиб қолди. С. Аҳмад, Ҳукм
9. Йўқолмоқ, йўқ бўлмоқ, кетмоқ.
-
Ернинг нами қочибди. Суви қочган нон. Унинг ранги қочди.
-
Ҳасрат, алам, кудурат бутунлай қочган. Ғайратий
-
Хонадан файз қочиб, бирдан харобага айланди. Ф. Мусажонов, Ҳиммат
-
Элмурод шундай ўйлар селида ғарқ бўлиб, уйқуси қочди. Шуҳрат, Шинелли йиллар
10. Учи ичкари тортилиб йўқолмоқ (липпадан, парда, қоп оғзи ва шу кабиларнинг тешигидан ўтказилган ип, боғ ва шу кабилар ҳақида).
-
Боғи (ипи) қочиб кетган халта оғзини бўғиб ушламоқ.
11. ёки (келгуси замон шаклида — қочмас қочмайди) Ўзи боғланиб келган сўз ёки сўз бирикмаси англатган нарсанинг ўрни (вақти) билан амалга ошишини, йўқ бўлмаслигини билдиради.
-
Зиёфат қочмас (қочмайди), аввал ишларни бир ёқлик қилиб олайлик.
-
Чой қочмас Хайр, эсингдан чиқмасин С. Сиёев, Ёруғлик
-
Пахтани териб олайлик, дам олиш бўлса қочмас. Н. Сафаров, Ҳаёт мактаби
-
Зуҳра ҳали ёш, эрга тегиш қочмайди. С. Зуннунова, Янги директор
қоч сўзи қатнашган жумлалар:
Аравани қуруқ олиб қочмоқ
Гўшти қочган
-
Ҳожия хола гўшти қочган кафти билан Светлананинг пешонасини силади. В. Ғофуров, Вафодор
Кайфи қочмоқ
Кўздан қочмоқ
-
[Зокир ота:] Мен сизга айтсам, катта кўрмаганни кичик кўради, кичик кўрмаганни катта кўради, иккаласи бирлашиб қараса, ҳеч нарса кўздан қочмайди, дейди халқ. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Мазаси қочмоқ
-
Менинг сал мазам қочиб турибди. Ғайратий, Унутилмас кунлар
-
Даромаднинг мазаси қочди.
-
Далада ишнинг мазаси қочди. С. Аҳмад, Ҳукм
Олиб қочмоқ
Орада гап қочмоқ
Оғзининг таноби қочмоқ
Сафар қочди
Тоби қочмоқ
Хаёл (ёки ўй) олиб қочди
-
Қиммат холани хаёли олиб қочди: — Ўзим ўйлаганим келиб чиқди Саодат шундай данғиллама уйда бир ўзи турармишми? Н. Сафаров, Саодатнинг қиссаси
-
Бир ўй олиб қочмасин, занжир ҳалқаларидек бир-бирига уланиб, чиқиб келаверади. Т. Ашуров, Оқ от
Ўзини олиб қочмоқ
-
Кулиб туриб, қизларга ярашиб тушган бир уятчанлик билан ўзини олиб қочмоқчи бўлди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
Қочиб кетмаган ёки қочиб кетибдими
-
Оҳангарон қочиб кетмаган бўлса ҳам, боришга имконият топа олмаяпти. С. Кароматов, Олтин қум
-
Қўшариқ қочиб кетибдими, қош қорайгунча етиб оламан С. Зуннунова, Гулхан
Бўғоз, ҳомиладор бўлмоқ (ҳайвонлар ҳақида).
ҚОЧ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
QOCH сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
қоч сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар