сақла
билан улашинг
1. Эҳтиёт қилмоқ; эҳтиёткорлик билан (бирор жойда) асрамоқ, асраб-авайлаб ишлатмоқ.
-
Сандиқда пул сақламоқ. Омборда қиш учун ғалла сақламоқ.
-
Маҳсини уч кун ҳайитда кийиб, сақлаб қўйгандим, ана уни пуллаб, тагчарм оламиз. Ойбек, Танланган асарлар
-
Мана, ўшал нафис гулингни Китобимда сақладим бир йил. Т. Тўла
-
бутун орттирганини тишининг ковагида сақлаб тўплайди-да, бир жийрон қашқа от олади ва довондан сўнгги марта от миниб ўтади. П. Турсун, Ўқитувчи
2. Ташқи таъсирдан муҳофаза қилмоқ; айниш, бузилиш-ёрилиш, нест-нобуд бўлишдан, барбод бўлишдан асрамоқ, эҳтиёт қилмоқ.
-
Оилани сақлаб қолиш учун, фарзандларим учун ҳаракат қилдим, лекин иложи бўлмади. Газетадан
-
Арча тоғ ёнбағирларидаги тупроқни сув ва шамол эрозиясидан сақлайди. Газетадан
3. Эҳтиёт қилиб, асли ҳолати, хусусияти ёки кўринишини ўзгаришсиз олиб қолмоқ.
-
Кампир холамиз бу сандиқларда энг олдин беҳи сақлаган бўлса ажаб эмас. Х. Тўхтабоев, Ширин қовунлар мамлакати
-
Лайлонинг онаси. элликлардан ошган, лекин ҳали ҳам ўзини яхши сақлаган, зуваласи пишиқ аёл экан. М. Қориев, Ойдин кечалар
-
Фикримизча, ҳар қандай шароитда жуфтлик хусусиятини сақлаган жуфт сўзлар луғатларда берилиши лозим. ЎТА
4. Бирор кимсага атаб ёки бирор мақсад учун (буюм ёки емишларни) асраб қўймоқ.
-
Буларни кимга сақлаб қўйибсиз?
-
Сулувнинг миясига бир фикр келиб, михдай санчилди: отаси энг сўнгги кучини фақат қасос учун сақлаб олиб келган. А. Мухтор, Қорақалпоқ қиссаси
-
Мен унақа кек сақлайдиганлардан эмасман. С. Аҳмад, Ҳукм
5. Ҳимоя, муҳофаза, ғамхўрлик қилмоқ, қўриқламоқ.
-
Давлат чегараларини сақламоқ. Халқларнинг тинчлигини сақламоқ.
-
Бугунги кунда инсоният олдида ниҳоятда муҳим муаммо турибди, у ҳам бўлса, ер юзида тинчликни сақлаб қолиш. Газетадан
-
Табиатни муҳофаза этиш, ҳайвонот дунёсини сақлаш ҳозирги даврда муҳим аҳамиятга эга. Газетадан
6. Халос қилмоқ, қутқармоқ; омон қолдирмоқ.
-
Ўлимдан сақламоқ. Ҳалокатдан сақламоқ.
-
Менинг бурчим — ўлаётган одамнинг олдида бўлиш, — деди у, — эҳтимол, унинг жонини сақлаб қоларман. К. Яшин, Ҳамза
-
Шунда Қиличқора айтибди: — Аждардан элни сақлайдиган мард топиладими? Эртаклар
7. Бирор хатти-ҳаракатдан қайтармоқ, тўхтатиб қолмоқ, тиймоқ.
-
Ёмон сўздан сақла доим тилингни. Нурали
8. Риоя қилмоқ, муайян ҳолатга амал қилмоқ; сукут сақламоқ.
-
Тартиб-одоб, интизом сақламоқ.
-
Жувон ўзини тартибга солиб бўлгунча, жойидан қимир этмай, одоб сақлаб турарди. Ж. Абдуллахонов, Хонадон
9. Белги, из, нишона олиб қолмоқ.
-
Сақлаб қопти одам изларин Бу тоғларнинг мусаффо қори. Ш. Раҳмон
-
Бу осори атиқалар ўзида ўтмиш нафасини сақлаб қолган. Газетадан
-
Ҳар бир ўткинчининг қиёфасини ёдда сақлаб қолиш учун бутун фикр-у ўйлари, идрокларини бир нуқтага тўплаб турибдилар. С. Аҳмад, Юлдуз
10. Доимий равишда қадрламоқ, эҳтиром билан эсламоқ.
-
У [Алимардон] чинакам санъатни қалбининг тўрида сақлашга қодир бўлган чинакам шинавандалар озмунча эмаслигини билмас, билишни хоҳламас эди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
11. Асрамоқ, боқмоқ, тутмоқ.
-
Хизматчи сақламоқ. Қуш сақламоқ.
сақла сўзи қатнашган жумлалар:
Жон сақламоқ
-
— Қочиб қолганми? — дедилар отам, — бостирмада беркиниб, жон сақлаган бўлиши ҳам мумкин. Ш. Холмирзаев, Йўллар, йўлдошлар
Сир сақламоқ
-
Мен бу сирни шу чоғгача ичимда сақлаб келаётган эдим, энди айтмасам бўлмайди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Ҳатто ота-онасидан ҳам сир сақлаган бир йигитнинг ўз ўғлим бўлиб чиққани менга қизиқ кўринадир. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Худо сақласин
-
Одамларнинг юзига қарай олмайдиган бўлиб қолишдан худо сақласин. Т. Ашуров, Оқ от
Эсда (ёки ёдда, хотирада) сақламоқ
Ўз қўлида сақламоқ
-
Ҳокимиятни ўз қўлида сақламоқ.
САҚЛА сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
SAQLA сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
сақла сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар