соя
билан улашинг
Дуккаклилар оиласига мансуб, ловияга ўхшаш бир йиллик ўсимлик ва унинг озиқ-овқат саноатида кенг қўлланадиган дони.
-
Соя унидан сут, творог, қандолат маҳсулотлари тайёрлашда фойдаланилади. ЎзМE
1. Қуёш нури тушмайдиган салқин жой; кўланка.
-
Сояда дам олмоқ. Ёнғоқ бутун ҳовлини соя қилиб турибди. Сада соя берар, тол хода берар. Мақол
-
Ортиқ, сувсизлик юрак-бағрини ўртаб, иссиққа чидамай, юлғун тагига сурилади, бошини сояга олиб, қўлларини қумга тиқиб, салқин излайди. М. Мансуров, Ёмби
-
Шунча қилдим тол дарахтни парвариш, Сояси бор, мевасини кўрмадим. Қўшиқлар
2. Ёруғликни, нурни тўсувчи нарсалардан тушган тасвир, кўланка.
-
Эгрининг сояси ҳам эгри. Мақол
-
Қўрқоқ от ўз соясидан қўрқар. Мақол
-
Теракнинг сояси тагига тушмас. Мақол
-
Чодирнинг чети кўтарилиб, майкачан бўлиб олган Азизхониннг сояси кўринди. С. Аҳмад, Уфқ
3. кўчма Шарпа, кўланка.
-
[Қудрат:] Урушнинг шум сояси бу ерга ҳам етибди. Н. Сафаров, Уйғониш
-
Вазир: — Подшонинг ўзи худонинг сояси, подшо сўзи Қуръон эмасми, лаънати! Қани, халойиқ қаерда, дарров айт!— деди. Тоҳир ва Зуҳра
-
— Вой, Роҳиланинг ўғли келибдими?! Роҳила шўрлик кутавериб, соя бўлиб қолувди. Бир жойга айтгани бор экан, беармон ўладиган бўлди, — деди энамиз севиниб. Ёшлик
4. кўчма Ҳомийлик, паноҳ.
-
Маъқул, маъқул, бой ота, сояйи давлатингиз кам бўлмасин. Ойбек, Танланган асарлар
-
— Биздан Тўрахўжаевга кўпдан-кўп дуо денг, тақсир! Биз бу ерларда ўша одамларни соя қилиб юрибмиз,— деди Мадамин. П. Турсун, Ўқитувчи
соя сўзи қатнашган жумлалар:
Соя солмоқ (ёки ташламоқ)
-
Шипга осиғлиқ қирқинчи чироқнинг қалпоғи уй деворларининг тепа ёғига чўзиқ соя солган. Ҳ. Ғулом, Машъал
-
У [Азиза] қуюқ соя таш-лаган дарахт остига ўтириб, хаёлга толди. Ёшлик
-
— Кумуш менга тик қаролмас, юзларига хижолат соя солган эди, — деди Камолиддин. Т. Жалолов, Олтин қафас
Соя қайтди
-
Кечки пайт, соя қайтганда, Анзират хола унга [Сидиқжонга] даричанинг олдидаги супага жой қилиб берди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Офтобни сояга етказмай (ёки келтирмай)
-
[Холмат:] Тасаддуғингиз кетай. Дўпписини олиб кел, десангиз, ахир биз жаллод кимнинг ажази етса, пойқадамингизда офтобни сояга етказмай, бошини кесиб келтирамиз-да! Ҳамза, Бой ила хизматчи
Сояда қолдирмоқ
-
Йиллар ўтган сари Исломхоннинг таърифи кўп усталарни сояда қолдириб кетди. М. Исмоилий, Одамийлик қиссаси
Сояда қолмоқ
-
Жўра полвон бригадасига андижонлик полвонларни танлаб олган эди, аммо биронтаси Азизхонга етолмас, унинг соясида қолиб кетарди. С. Аҳмад, Уфқ
Сояси юпқа
-
[Гулчеҳра:] Келин-пошшанинг сояси жуда юпқа, тил теккизманглар унга. Ойбек, Улуғ йўл
Соясига кўрпача солмоқ (ёки салом бермоқ)
-
— Қўрқдингизми? — дейди Абдужалил тегирмончи ўз даъвосига асос солиб, — қишлоқ халқи бизнинг соямизга салом беради. А. Қодирий, Обид кетмон
-
У [Яхшибоев] келди нима-ю келмади нима, боғ қилмоқчи бўлса, ана, мендан бошқа мингта боғбон бор, соясига кўрпача соладиган шогирдлари кўп, майли, ўшалар экиб, ўшалар кўкартириб бера қолсин. М. М. Дўст, Лолазор
Ўз соясидан қўрқмоқ (ёки чўчимоқ, ҳадиксирамоқ, ҳуркмоқ)
-
Қўрқоқ от соясидан ҳуркар. Мақол
-
Яхши эмас, Фармонқул ака, нега қуёнга ўхшаб ўз соянгиздан ҳадиксирайдиган бўлиб қолдингиз? С. Маҳкамов, Шогирд
СОЯ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
SOYA сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
соя сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар