таг
билан улашинг
1. Нарсанинг остки, пастки қисми, туби.
-
Пақирнинг таги тешилибди. Туфлининг таги лой бўлибди.
-
Қўғазордаги водокачка тикланадиган бўлса, таги билан қўпориб ташлаймиз. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
2. Бирор ҳолатда бўлган, жойлашган нарсанинг ост томони, пастки томон (ер, бўшлиқ ёки бошқа нарса).
-
Столнинг тагига бекинмоқ.
-
Тўғон тагидан ўтган сув
-
шалоласи канални тешиб юбориши ёки қирғоқларни ўпириб кетиши мумкин. С. Сиёев, Ёруғлик
-
Кўкрагини баланд тутди-да, яктак чўнтагидан носини олиб, бир чимдимини тил тагига ташлади. Ойдин, Ҳикоялар
3. Тик ҳолатли нарсаларнинг ост қисми атрофи, ён-беридаги ер сатҳи.
-
Доим девор тагида турадиган стол икки каравот ўртасига олинган. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Кун тиккага келгунча тўхтамай юриб, тик чўққининг шундоқ тагига келдик. Ў. Усмонов, Сирли соҳил
4. Нарса ёки шахснинг бошқа бир нарса, сатҳ ва шу кабиларга тегиб, ўрнаб турган томони; ост.
-
Кўрпачанинг таги. Хат стол устидаги китобнинг тагида.
-
Мактубни ўқиб, ёстиқ тагига қўйди. К. Яшин, Ҳамза
-
У бир оз олдинда, тагидаги саман йўрғанинг бир текис юришига мос сал чайқалиб, хаёлга чўмиб ўтирипти. О. Ёқубов, Эр бошига иш тушса
5. Нарсанинг ўз сиртига қарама-қарши бўлган томони; ич.
-
Домла ер остидан паранжи тагида жилпанглаб турган шўх аяга бир боқди-да, никоҳ хутбасини бошлаб юборди. Муштум
-
Пиджагининг тагидан кийилган оқ садаф тугмали рангдор, катак кўйлак арзон костюмга жуда мос келган. П. Қодиров, Уч илдиз
6. Ер, сув кабиларнинг ост, ич томони; ост, ич.
-
Билмадим, кўкка учдими, ер тагига кирдими Ойбек, Танланган асарлар
7. Асли, зоти (ота-боболари), келиб чиқиши.
-
Тагимиз камбағал. Отамизнинг касби ҳаммоллик эди. П. Турсун, Ўқитувчи
-
У ҳам таги кўрган оиладан чиққан. Мирмуҳсин, Умид
-
Менинг отим — Олим. Таги Чорвоқликман. С. Кароматов, Бир томчи қон
8. Замир; асос.
-
Аҳмад бунинг тагида бир гап борлигини пайқади. Мирмуҳсин, Меъмор
-
Элмурод қассобнинг сиёсат тўғрисидаги саволи тагида унинг ўз ғарази ва ташвиши ётганини пайқади. П. Турсун, Ўқитувчи
9. Охир-оқибат, натижа.
-
Сабр таги — сар(иқ) олтин. Мақол
-
Меҳнат таги — роҳат, деган қадимгилар. Ойбек, Олтин водийдан шабадалар
-
Устод Қавом бу ишнинг таги ёмонлигини биларди. Мирмуҳсин, Меъмор
10. (3-шахс эгалик қўшимчаси билан — таги) Нарсанинг муайян ҳолати, миқдори (кўп ёки оз (кам) сўзи билан қўлланади).
-
Кейин бирини илитиб, бирини пишириб еб, иккисини чўнтагига солиб кетди. Таги кўп бўлса ҳам кошки эди. Муштум
-
Ўғлим, бу икки отга ярашиқли нарсаларнинг ҳам таги камдир. Эрали ва Шерали
таг сўзи қатнашган жумлалар:
Бурни (ёки тумшуғи) тагида
-
Бурнимизнинг тагида экан-у бу лаънатилар, яна қидириб юрибмиз. А. Убайдуллаев, Қонли издан
-
Поезддан тушгандан кейин шундай тумшуғимиз тагида экансан-ку, биз бўлсак қаёқларга бориб юрибмиз. Э. Раимов, Ажаб қишлоқ
Дўппининг тагида одам бор
Ер тагидан қарамоқ
-
Бу гап Бадиага ер тагидан қараётган Зулфиқор Шоший устидан гўё совуқ сув қуйгандек бўлди. Мирмуҳсин, Меъмор
Кўз тагига олмоқ
-
Кўз тагига олиб қўйганинг борми ўзи? М. Қориев, Ойдин кечалар
-
Олдин институтни битирай, кейин ўзим мўлжаллаб, кўз тагига олиб юрган қиз бор. Муштум
Таги зил
-
Ҳазилнинг таги зил.
-
Муҳаммад Арғуннинг таги зил маълумотлари Шоҳруҳни ҳам, Улуғбекни ҳам оёққа турғазди. Мирмуҳсин, Меъмор
Таги очилди
-
Энди таги очилди. Нима демоқчисан? Ҳамза, Танланган асарлар
Таги паст
-
Отасини кўндирамиз, унинг таги паст, жазоси пул-да Ж. Шарипов, Хоразм
Тагига етмоқ
-
Ботирали одамлар оғзидаги миш-мишларнинг тагига етишни истарди. Ҳ. Ғулом, Машъал
-
Ҳақиқатнинг тагига етгунча орада ноқулай гаплар бўлиб ўтди. Газетадан
-
Маҳкам ака гапнинг тагига энди етди, кулиб юборишига сал қолди. Р. Файзий, Ҳазрати инсон;
-
Ўғлим Ҳамзанинг ҳам тагига етиб, оз қолди мени доғ-да қўйиб кетишига. К. Яшин, Ҳамза
Тагига (ёки тагини) олдирмоқ
-
Бизни кутаверишиб, ошини тагига олдирибди. Ҳ. Назир, Ёнар дарё
-
шолини сочмасдан туёлмайди, сув қайнатса ҳам, тагига олдириб қўяди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Тагига сув кетди
-
Ўртада ҳар хил меросхўрлар кўпайди. Бойликнинг тагига сув кетди. Ойбек, Танланган асарлар
-
У кунлар Назирқул учун энг бахтиёр кунлар эди. Ўшандай беозор кунларнинг тагига сув кетди. С. Аҳмад, Ҳукм
Тагида қолмоқ
-
Дуонинг тагида қолмоқ. Бойликнинг тагида қолмоқ.
ТАГ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
TAG сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
таг сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар