тенг
билан улашинг
1. Ўлчами, ҳажми, катта-кичиклиги, сони ва шу кабилар жиҳатидан ўхшаш, бир хил, баравар.
-
Тенг масофалар. Узунлиги тенг ёғочлар. Тенг еганни тангри севибди. Мақол
-
Биз қачон ўқиймиз? деб Қамишкапанинг тенг ярми бўлган аёллар талаб қилса-ю, уларнинг талабини қондириш биринчи галда советнинг вазифаси эмасми? П. Турсун, Ўқитувчи
-
Икки томони тенг бўлган учбурчак тенг ёнли учбурчак дейилади. Геометрия
2. Ёши жиҳатидан баравар, тенгдош, тенгқур.
-
Тенг болалар.
-
Ўктамбой ҳам ўз тенглари ичида дуркун, орқасида олти пуд юк кўтариш билан мақтанадирган йигит. А. Қодирий, Обид кетмон
3. Аҳамияти, тутган ўрни, мавқейи, нуфузи, ҳақ-ҳуқуқи ва шу кабилар жиҳатидан ўхшаш, бир хил, баравар.
-
Бу ерда у [Элмурод] биринчи марта ўзини бошқалар билан тенг одам ҳис қилар эди. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Унинг [Умри] учун оламда ўзига тенг одам йўқ, у билган одамлар ё ўзидан паст, ё ўзидан юқори. А. Қаҳҳор, Хотинлар
-
Тўлиб етилган қиз энди унинг [йигитнинг[ кўз олдида тенги топилмас гўзал бўлиб қолди. П. Турсун, Ўқитувчи
-
[Хуморхон:[ Бурунги вақтда эрларга чўри бўлган хотинлар ҳозир эрлар билан тенг. А. Қаҳҳор, Оғриқ тишлар
4. Бир-бирига мос, мувофиқ, муносиб.
-
Тенгини топсанг, текин бер. Мақол
-
Тенг-тенги билан, тезак қопи билан. Мақол
-
Чин дўст туғишганинг билан тенг. Мақол
-
Мен ҳеч сенинг тенгинг эмасман. Омоним бор — сени демасман. Ҳ. Олимжон
-
Акаси муносиб, ахлоқли, одобли, ор-номусли йигит бўлса, бу қиз ҳам унинг тенги, муносиби эди. Муштум
5. равиш Бир-биридан қолишмай ёки ўз-май, айни бир пайтда, бир вақтнинг ўзида; баравар.
-
Улар тенг туғилган. Бу кўчатлар тенг экилган. Тенг ишламоқ.
-
Тоҳир-Зуҳра ҳолидан бир калима эшитинг: Ўқиб, ўйнаб бир боғда улғаяр эдилар тенг. С. Абдулла, Тоҳир ва Зуҳра
6. кўм. взф. (3-шахс эгалик шаклида) Тенглик жиҳатдан ўхшатиш, қиёс маъносини билдиради; қатори.
-
Бу — қотмадан келган, қорача, лейтенант Султонов тенги йигит эди. Ў. Умарбеков, Ёз ёмғири
-
Анвар уз тенги болалар билан оз алоқа қилар, уларга кам аралашар эди. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
-
[Оқилжон] Ўзи яхшигина, сиз тенги киши эди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Халқ тенги дам олмоқ — бу ҳуқуқимиз Ойбек, Олтин водийдан шабадалар
тенг сўзи қатнашган жумлалар:
Тенг баравар
-
Тенг баравар фойда олмоқ.
Тенг бўлмоқ
-
Қовунни олти кишига тенг бўлмоқ. Ёнғоқларни болаларга тенг бўлиб бермоқ;
-
Мана, ўша қадимий чўл Бахшилар: Унча-мунча ер унга енг бўлмас, енг бўлса ҳам, тенг бўлмас, деб атаган чўл. А. Пўлат, Чўлдаги машъал
-
Кейин ўғлининг қўлтиғидан олиб, бир четга тортди: — Булар билан тенг бўл-манг, ўғлим. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
Тенг келмоқ
-
Маҳалладаги турли қизиқчиликлар ва ҳазилвонликларда Юсуфжонга тенг келадиган йўқ эди. Т. Обидов, Юсуфжон қизиқ
-
Одамлар завқ билан ҳазил қилишди: — Сизга тенг келиб бўладими? Сиздан йиқилиб, бир ҳафта белимизни ололмай юрмайлик тағин, қўйинг-е. П. Турсун, Ўқитувчи
Тенг кўрмоқ (ёки қарамоқ)
-
Дадамиз ҳаммамизни тенг кўрар эдилар;
-
Ҳадемай, масъулият ҳиссини ғурур енгди: Бўтабой ҳеч кимни ўзига тенг кўрмайдиган бўлиб қолди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Тенг шерик
Тенги йўқ
-
Орол бўйидаги кўчманчи қабилаларга ақл-фаросатда тенги йўқ, ҳуснда танҳо Олтиной исмли аёл бошчилик қилар экан. Ўзбекистон қўриқлари
-
— Ерни ковлаш ишлари бўлса, мана бу оғайниларга қўйиб бера-сиз, — деди ёш чўпон чап қаторда ўтирган ака-укаларни кўрсатиб, — қудуқ қазишда буларнинг тенги йўқ. Мирмуҳсин, Меъмор
Тупроқ билан тенг қилмоқ
-
Уруш кўп шаҳар ва қишлоқларни тупроқ билан тенг қилди;
-
[Ғофир:] Мен ҳали келиб-келиб одамгарчиликни, диёнатни, номусни тупроқ билан тенг қилган сиздай разил, хотинфуруш қўшмачилар олдида шунчалик паст тушдимми?! Ҳамза, Бой ила хизматчи
ТЕНГ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
TENG сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
тенг сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар