тўполон
билан улашинг
1. Беҳаловат, тартибсиз ўйин, шўхлик.
-
Бола-да. Бола бўлгандан кейин, тўполони, шўхлиги билан бўлади-да! Шуҳрат, Шинелли йиллар
-
Ҳамроев кечки овқатдан кейин бирпас чўзилмоқчи бўлган эди, тўғри келмади: нариги уй тўполон — болалар бир-бирини ёстиқ билан уриб ўйнаётибди. А. Қаҳҳор, Айб кимда?
-
Ҳар бир тўйда тўполон қилиб, беармон ўйнаб-кулишга ўрганган болалар бу улуғ тўйдан норози эдилар. Ойбек, Танланган асарлар
2. Умуман, бетартиб ғовур-ғувур ҳаракат; югур-югур, қий-чув, ур-йиқит.
-
[Жўра:] Оғайни, бу яна нима тўполон? И. Султонов, Бургутнинг парвози
-
Сен тўполонда билмадинг. Мелис иккаламиз Ғани тўтини ҳам роса дўппосладик. Э. Раимов, Ажаб қишлоқ
-
Ваҳимага тушган қўшин бирдан ўзини орқага ташлади, аммо ур-сур тўполонда кўприкка сиғмай, от-уловлари билан сувга тутдай тўкила бошлади. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
3. Уриш-жанжал, машмаша, можаро.
-
Арзимаган гап устида дунё бузган кундош тўполонлари кимнинг қулоғига ёқсин? А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Шербек Оқсойга тўрт кун деганда, тўполон устига етиб келди. С. Анорбоев, Оқсой
-
Бир тўполон чиқазиб, обрўсини уч пул қилай дедим-у, яна шайтонга ҳай бердим. Муштум
4. кўчма Исён, ғалаён.
-
Тўполон чиқармоқ (кўтармоқ).
-
[Навоий :] Шоҳим мендан нима истайдилар. [Ҳусайн:] Дарвешали тўполонини бартараф қилиш ва фитначини тириклай тутиб келтиришни ўзларига ҳавола қилсак. Уйғун ва И. Султон, Алишер Навоий
-
Суворий казаклар кимдандир дарак топиб, ғалаённи бостиргани келишган эди. Тўполон босилиб, Мадраса олди жимжит бўлгач, яна казармага қайтиб кетдилар. С. Сиёев, Аваз
ТЎПОЛОН сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
TO‘POLON сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
тўполон сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар