уруғ
билан улашинг
1. Ўсимликнинг муртак, озиқ моддалари ва қобиқдан иборат ҳосили; дон, тухум.
-
Сочилган уруғ униб чиқди. Бемаза қовуннинг уруғи кўп. Мақол
-
Тер тўкиб, сочсанг уруғ, ер сени қўймас қуруқ. Мақол
-
Кўклам-да она-бола тоғ этагидаги қўриққа чиқиб, белкурак билан ер ағдариб, лалми буғдой экишди, лекин қурғоқчилик бўлиб, уруғга ҳам чув тушишди. П. Қодиров, Уч илдиз
2. Жониворлар, ҳашаротларнинг жинсий ҳужайраси; тухум.
-
Бир чуғурчуқ бир кунда ўн мингтагача ҳашаротни ейди. Ҳашарот эса, йўқ бўлиб кетмаслиги учун, миллионлаб тухум қўяди. С. Нуров, Нарвон
3. Ипак қурти капалагининг тухуми, қурт уруғи.
-
Самарқанд қурт уруғи заводи фақат оқ пилла ўрайдиган ипак қурти уруғлари тайёрлай бошлади. Газетадан
4. биология Эркаклар жинсий бези ишлаб чиқарадиган, жинсий ҳужайралардан иборат суюқлик; сперма, маний.
5. кўчма Кўпайтирадиган, кўпаядиган, урчийдиган нарса.
-
Болалигида унинг миясига илм уруғи қадалса, кейин сермева дарахт бўлиб униб чиққай. М. Осим, Ибн Сино қиссаси
-
Низомулмулк фитна уруғини узоқни мўлжаллаб, жуда махфий сепмоқда. Ойбек, Навоий
6. (3-шахс бирлик шаклида: уруғи) Айрим сўзлар билан қўлланиб, шу сўз англатган нарса ёки шахс тоифаси, кўплиги маъносини билдиради; зоти.
-
Бўлса бўлар, бўлмаса — хотиннинг уруғи Ҳиротдан келган эмас! А. Қаҳҳор, Асарлар
-
Дунёда китоб уруғи борки, ҳаммасини ўқиб бўлдим. Муштум
7. Бир ота-бободан, бир аждоддан келиб чиққан кишилар гуруҳи; авлод.
-
Бир уруғиданмиз алоқаларимиз бузилмасин. Ш. Холмирзаев, Оғир тош кўчса
-
Султон Аҳмадбек орага одам қўйган. Бутун уруғлари билан сизнинг марҳаматингизга мунтазир. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
8. Ибтидоий жамоа тузумида: ўзаро қон-қардош бўлган кишилардан иборат даст-лабки асосий ташкилот, уюшма, жамоа.
-
Илгари оқсоқоллар бошчилигидаги ҳар бир уруғ ўзини бир-биридан юқори қўяр, бир-бирининг одатидан, тилидан кулар эди. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Широқ, бизнинг уруғдан. Ўзи эртакчи, достончи доно чол. М. Осим, Широқ
уруғ сўзи қатнашган жумлалар:
Анқонинг уруғи
Уруғини ўйнатмоқ
-
Бир томчи қонинг қолгунча уруғингни ўйнатади. С. Исмоилзода, Темур
Уруғини қуритмоқ
-
[Умирали:] Нусратилла ака, мен-чи мен ҳар қандай душманингизнинг уруғини қуритаман. А. Мухтор, Опа-сингиллар
-
[Дадажон:] Муродова яна бир-икки йил турадиган бўлса, чилимнинг уруғини ҳам қуритадиганга ўхшайди. И. Раҳим, Ихлос
УРУҒ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
URUG‘ сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
уруғ сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар