узат
билан улашинг
1. Қўлидаги бирор нарсани бошқа бир шахсга бермоқ, қўл чўзиб тутқизмоқ, бировга тутмоқ.
-
Чой узатмоқ. Гул узатмоқ.
-
Раъно китобни секингина ёпиб, Анварга узатди. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
-
Тамила унга сўрғич кийгизилган сутли шишани узатди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Юзини рўмол билан тўсган бир аёл деразадан ош узатди. С. Аҳмад, Ҳукм
2. кўчма с.т. Пора (пора тарзидаги нарса) бермоқ.
-
Унга бирор нарса узатмасангиз, ишингиз битмайди.
3. Бирор томонга йўналтирмоқ, чўзмоқ, ёзмоқ; ростламоқ (оёқни, қўлни).
-
Шерали дум-думалоқ қўлини Каримга узатди. С. Кароматов, Олтин қум. У иккала оёғини уза-тиб, ўзини уйқу ихтиёрига топширди. Ф. Мусажонов, Ҳиммат
4. спрт. Ирғитиб, тепиб, иккинчи ўйинчига ўтказмоқ, етказиб бермоқ; оширмоқ (тўп, шайба ва шу кабиларни).
-
бир-бирларининг қарши ҳужумларини мустаҳкамлаб, тўпни қисқа ва аниқ узатиб ўйнар эдилар. Газетадан
5. Маълум жойгача биргалашиб бормоқ, кузатмоқ.
-
Уни электр чироқли столба тагигача узатиб, сўнг хайрлашди. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Уста Олим Отабекни кўчагача узатиб чиқди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
6. Бирор манзилга йўлламоқ, жўнатмоқ.
-
Она бугун узатади ўз ўғлини фронтга. Ҳ. Олимжон
-
Менгбой танишларини узатди, яна Ғаффор билан буфетга қайтиб кирди. Ш. Холмирзаев, Оғир тош кўчса
7. Етказмоқ, етказиб бермоқ.
-
Хабарларни узатмоқ, Электр токини узатмоқ.
8. Турмушга чиқармоқ, эрга бермоқ.
-
Қиз бола ота-онага омонат, узатиб тинчий! С. Зуннунова, Янги директор
-
Сиз узатишни хоҳламасангиз ҳам, балки у эрга тегишни хоҳлаб қолгандир. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Келин қилсанг — йўқдан қил, қиз узатсанг — борга қил. Қанотли сўзлар
узат сўзи қатнашган жумлалар:
Кўрпага қараб оёқ узатмоқ
Оёқ узатиб
-
[Фотима:] Мен ҳам дунёга умид билан келганман, оёғимни узатиб ўтирармиканман, деб ўғил ўстирганман. А. Қаҳҳор, Оғриқ тишлар
-
Пенсияга чиқиб кетиб, энди оёқни узатиб ётаман. З. Эгамбердиев, К. Холмуҳамедов, Қари билганни — пари билмас
Қаёққа узатса, қўли етади ёки қўлини қаёққа узатса, етади
-
[Зуҳра:]
-
Кимга гапирсанг, гапинг ўтади; қаёққа узатсанг, қўлинг етади. А. Қаҳҳор, Оғриқ тишлар
УЗАТ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
UZAT сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
узат сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар