вақт
билан улашинг
1. Юз бериб турувчи воқеа-ҳодиса, нарсаларнинг асрлар, йиллар, соатлар, минутлар ва шу кабилар билан ўлчанадиган давомийлиги, шундай ўлчов белгисига эга бўлган объектив ҳодиса.
-
Вақт ғоят имиллаб ўтарди. Ҳамма хавотирланиб безовта бўла бошлади. К. Яшин, Ҳамза
-
Лекин вақт ўз ишини қилди — ойни ғарб уфқидан тортиб кириб кетди. Демак, тонг отди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
2. Шу объектив ҳодисанинг минут, соат, кун, йил ва шу кабилар билан алмашинувидаги оралиғи, қисми, бўлаги.
-
Байрамлардагина киядиган, бошқа вақтларда чамадонида авайлаб сақлайдиган оқ сурп кўйлагини кийди. С. Кароматов, Олтин қум
-
Биз буларнинг ёшида ўқишни билардик. Бўш вақтларни жамоат ишига сарфлардик. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Отабек кейинги вақтларда савдога юришни тарк қилиб қўйгани учун, Ҳасанали ишсиз қолган. А. Қодирий, Ўтган кунлар
3. Соат, кун, ой, йил ва шу кабиларнинг узлуксиз изчил алмашувида бирор мақсад учун белгиланган ёки бирор мақсад учун фойдаланилиши мумкин бўлган муддат оралиғи; фурсат.
-
Вақтни қўлдан бермоқ. Вақтдан ютмоқ. Вақтдан тўғри фойдаланмоқ. Вақ-тинг кетди — нақдинг кетди. Мақол
-
Унинг овозини эшитиб, қўни-қўшнилар йиғила бошлашди. Вақтни бой бериш мумкин эмасди. К. Яшин, Ҳамза
-
бошингизни икки қилиш учун, албатта, вақт етгандир, деб ўйлайман. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
-
Вақт ўтди, биз озчиликмиз. К. Яшин. Ҳамза
-
Вақтингиз бўлса, бирпас гаплашайлик. С. Аҳмад, Юлдуз
4. Вақтнинг бирор нарса, иш-машғулот учун белгиланган, ажратилган бўлаги; муддат.
-
Масалани тўғри ечди-ю, оққа кўчира-ётганида, вақти тугаб қолди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Танаффус вақтида ҳамма мукофотланганларни, мукофотланганлар эса
-
бир-бирларини табриклаб, зал ва фоелар ғовур бўлиб кетди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
-
Суҳбатимиз шу ерга етганда соқчи кириб, вақтларинг тугади, дея огоҳлантириб қўйди. Х. Тўхтабоев, Ширин қовунлар мамлакати
5. Объектив ўтувчи вақтнинг маълум ижтимоий ҳодиса, ҳолатлар билан боғлиқ, улар билан кечган бўлаги; замон, давр.
-
Қулдорлик вақтида. Мўғумар ҳукмронлиги вақтида.
-
Чор ҳукумат вақтидаги қуллигингни ўйласанг. Ҳамза
6. Объектив тарзда кечувчи замон, даврнинг, киши ҳаётининг маълум, аниқ бир бўлаги, нуқтаси, оралиғи.
-
Вақт кеч бўлиб қолди. Болалик вақти. Ёшлик вақти. Ёз вақти. Намоз вақти. Эрталаб Қўқондан чиқса, аср вақтларида Марғилонга кирадир А. Қодирий Ўтган кунлар
-
Вақт пешиндан ўтган, кўк юзида қуёш чарақлаб турарди. С. Кароматов, Олтин қум
-
қизлик вақтида Нури уларнинг кулбасига жуда оз чиқар эди. Ойбек, Танланган асарлар
7. флс. Борлиқнинг, макон каби, объектив реал шакли, материянинг яшаш шаклларидан бири.
-
Нисбийлик назарияси — материя мавжуд бўладиган фазо ва вақт назариясидир. Фан ва турмуш
вақт сўзи қатнашган жумлалар:
Айни вақт(да)
-
Айни вақтда концерт давом этяпти.
-
Журналистика шу қадар оммавий, айни вақтда, шу қадар ёқимли ишки, шу касбнинг соҳиблари доимо юртнинг фикри-зикрида яшайдилар. Х. Ёдгоров, Ҳаёт тўлқинлари
-
У биров билан шахмат ўйнар ва, айни вақтда, йигирмага яқин одамни оғзига қаратиб, кулдириб ўтирар эди. А. Қаҳҳор, Қуюшқон
Аксар вақт
-
Аваз ёзда., боғ-ҳовлига чиқиб кетар, кўлларга бориб, балиқ овлар, аксар вақти ижод билан банд бўлар эди. С. Сиёев, Ёруғлик
Баъзи вақт
-
Баъзи вақт шуларни ўйлаб қоламан.
Беш вақт намоз
-
Беш вақт намозни канда қилмасдан ўқийди, ихлос билан рўза тутади. Ойбек, Танланган асарлар
Бир вақт
-
Унинг ўзи бир вақт Рустамни яхши кўрарди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол;
-
Бир вақт эшикдан икки ўспирин кириб келди. Гулдаста
-
Бир вақт мундай қараса, уни чақираётган Оқила буви эмас, жигарранг пальтоли чиройли қиз экан. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Бир вақт Мажид қулоғи тепасида Файзи отанинг овозини эшитиб, бошини кўтарди. Гулдаста
Бир вақтлар
-
Бир вақтлар эркак зотини телба қилишга қодир бўлган бу оҳу кўзларига, ҳамон бичими бузилмаган қадди-қоматига тикилганча, миқ этмай ўтираверди. К. Яшин, Ҳамза
-
Бир вақтлар жўр бўлиб ўтли ёшликка, Юрардим ҳеч сўнмас тилагим билан. А. Орипов, Йиллар армони
Бир вақти келиб
-
Бу қишлоқда ўсадиган болалар бир вақти келиб, эҳтимол, бизнинг кўп ишларимиздан кулишар. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Вақти келиб
-
Вақти келиб, бу одамга нима учун инобатлик сифати берилгани кишиларнинг эсидан чиқиб кетади. А. Қаҳҳор, Асарлар
-
Шундай янги хил ўсимликларни яратиш мумкинки, улар, вақти келиб, овқат хилларини кўпайтиради. Газетадан
ВАҚТ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
VAQT сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
вақт сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар