замон
билан улашинг
1. флс. Материя (объект) ҳолатларининг ҳамда ҳодиса (жараён)ларнинг изчил алмашиниш шакли; давомлилик, такрорланмаслик, қайтарилмаслик каби умумий хоссаларга эга бўлган вақт.
2. Сўз бораётган пайт; умуман вақт, пайт, давр, маҳал.
-
Ҳозирги замон. Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ. Мақол
-
Ҳасаналининг Отабеклар оиласида бўлганига эллик йиллар чамаси замон ўтиб, энди Отабеклар оиласининг чин бир аъзоси бўлиб кетган. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Эсини таниганидан бошлаб онаси билан кечирган замонлар Йўлчининг кўз олидан бир-бир ўтади. Ойбек, Танланган асарлар
-
Мана, энди янги давр, янги замон келди. К. Яшин, Ҳамза
-
Чол [Шокир ота] замондан кўпроқ шикоят қилди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Энди у замонлар қамишкапаликларга ўтмиш хотираси бўлиб қолди. П. Турсун, Ўқитувчи
3. Бирор муҳим, ўзига хос ҳодиса, тарихий воқеа рўй берган ёки бирор шахс, ҳоким табақа, сулола ҳукмронлик қилган даврни қамраб олган вақт.
-
Тинчлик замони. Уруш замони. Истиқлол замони. Амир замони. Темурийлар замони.
4. Кутилган пайт, давр-у даврон.
-
Умрларинг узун бўлсин. Замонларинг келибди: ўйнанглар, кулинглар. П. Турсун, Ўқитувчи
5. тилшунослик Махсус шакллар ёрдамида ҳаракатнинг нутқ пайтига муносабатини билдирувчи феъл категорияси.
-
Ўтган замон. Ҳозирги-келаси замон. Келаси замон сифатдоши.
6. Замон (эркаклар исми).
замон сўзи қатнашган жумлалар:
Айни замонда
-
Айни замонда, ана шу миллий ўзига хослик конкрет индивидуал услуб билан боғлиқ ҳолда изоҳланиши керак. ЎТА
Бир замон
-
Бир замон чойхоначи келди. С. Сиёев, Ёруғлик;
-
Бу кенг кўкрак бир замон Қақраб ётарди. Ваҳшат азоб, ўлим, қон Тўлиб ётарди. Ғайратий
Бир замонлар
-
Рўзимбой бир замонлар бу ёғи Бухоро, бу ёғи Қўнғирот-у Марвгача бориб кураш тушган. С. Сиёев, Ёруғлик
-
— Эсингиздами, бир замонлар ҳовлингизда бир етимча хизматингизни қилар эди? — деди эшонга Элмурод. П. Турсун, Ўқитувчи
Бобомнинг замонида
Охир замон
-
— Билмадим, бўёқчининг нили бузилганми ё охир замон яқинлашиб, яъжуж-маъжуж хуруж қилганми? — Султон-бек атрофидагиларга кўз югуртди. Ойбек, Танланган асарлар
Шу замон
-
Шу замоннинг ёшлари;
-
Шитир этса тушган барг, Эшитилар шу замон Уйғун
Ҳали замон
-
Сержант ўшқириб: — Нима дейсан? Ётиб ухласанг-чи, ҳали замон постга борасан, — деди-да, ўқишда давом этди. И. Раҳим, Чин муҳаббат
Ҳар замон(да)
-
Ҳар замон яқин-йироқдан гадой товуши эшитилади. А. Қаҳҳор, Бемор
-
Ҳар замон-ҳар замон бу йўлдан ғувуллаб, оғир юк машиналари ўтиб қоларди. Газетадан
Ҳеч замонда
-
Ҳеч замонда шундай ишлар бўлами, Одамзод наслидан душман келами. Муродхон
ЗАМОН сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
ZAMON сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
замон сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар