занжир
билан улашинг
1. Бир-бирига тартиб билан, бирин-кетин ўтказилган, бириктирилган металл (ёки бошқа қаттиқ материал) ҳалқалар шаклидаги, рўзғорда, хўжаликда турли мақсадларда ишлатиладиган арқон(ча), тизимча.
-
Темир занжир. Соат занжири.
-
Боғлаб қўйилган шердай ит боғ томонга қараб ириллар, занжирни узиб юборгудай ўзини отарди. Ғ. Ғулом, Машъал
-
Бунақа занжирни янга тугул, қишлоғимиздаги манман деган темирчи ҳам узиши қийин. С. Сиёев, Ёруғлик
2. Металл ҳалқалардан тайёрланган, эшик ёки дарвозаларни беркитиб қўйишда бир томони зулфинга илинадиган илгак.
-
Эшикнинг занжирини илиб қўйинг.
-
[Ҳасанали] Занжирни тушириб, дарвозанинг бир табақасини очиш ҳамоно шу табақага суялиб турган Отабек Ҳасаналининг оёғи остига йиқилиб тушди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
3. кесим взф. Занжир билан беркитилган, занжирланган.
-
[Отабек] Жаннат опанинг эшик занжир деган товушини эшитгач дарича ёнига чўнқайди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
4. Олтин, кумушдан ясалган кичик нозик ҳалқалардан тайёрланган, бўйинга ёки қўлга тақиладиган зийнат буюми.
5. махс. Машина, механизм ва баъзи қурилмаларнинг кетма-кет бириктирилган ҳалқа-қисмлардан иборат эгилувчи, айланадиган қисми.
-
Шу вақт ўрта кўчада занжири узилиб, йўлга кўндаланг бўлиб қолган танкдан якка милтиқ овози эшитилди. И. Раҳим, Чин муҳаббат
6. Маҳбусларнинг қўли ёки оёғига боғланадиган темир ҳалқа; кишан.
-
Шоир Аваз хоннинг ғазабига дучор бўлади ва занжирда азоб-уқубат билан вафот этади. Ўзбек адабиёти тарихи
7. кўчма Қуллик, асорат; бирор нарса-ҳодисанинг қуршови, исканжаси.
-
Эски урф-одатлар занжири ҳамон Гулсумнинг эркини бўғиб, тақдирига хавф солиб турарди. П. Турсун, Ўқитувчи
8. кўчма Бирор нарса ёки кимсаларнинг узлуксиз, тиғиз боғланиб турган қатори, тизмаси.
-
Воқеалар занжири.
-
Ғуломжон миршаблар занжирини узиб, олдинга ўтди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
9. кўчма Икки нарсани, кимсани ўзаро чамбарчас боғловчи нарса; ришта, робита.
-
[Анвар:] Жуфтланишнинг, менимча, энг муҳим бир шарти бор, ул ҳам икки тарафнинг муҳаббат занжири билан бир-бирларига қат-тиқ боғланишларидир. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
10. физика Тех. Узлуксиз, айланма тизим ёки қатор ҳосил қилувчи элементлар бирикмаси.
-
Электр занжири.
занжир сўзи қатнашган жумлалар:
Занжирдай хамир
ЗАНЖИР сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
ZANJIR сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
занжир сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар