1. Тананинг бўйиндан юқориги, олдинги (одамда, ҳайвонларда) қисми; калла.
Бош косаси (анатомия). Бош мия. Бош кийимлар магазини. Дўст бошга боқар, Душман — оёққа. Мақол
Ўзбек ойим боши билан келинига ризолик билдириб, баракалла! деб қўйди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
— Баданим ўт бўлиб ёнди, бошим оғриб, кўзларим тинди, — деди Ҳожи хола. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
У шошиб, от бошини чап тарафга бурди. С. Аҳмад, Уфқ
2. кўчма Ақл-ҳуш, мия.
Бош билан иш қилмоқ. Тоғнинг кўрки тош билан, одамнинг кўрки бош билан. Мақол
Агрономга ўз боши билан иш қилишга рухсат бериш керак. С. Нуров, Нарвой
Қоратой Йўлчининг елкасини дўстона қоқиб деди: — Роса бошинг бор, иним Йўлчи, олтин бошинг бор. Гапларинг — бари ҳақ. Ойбек, Танланган асарлар
3. Бошлиқ, раҳбар.
Яхши йигит — давранинг боши. Мақол
Яхши хотин эрни элга бош қилур, Ёмон хотин эрини гадо қилур. Мақол
Ёмонга бош бўлгунча, яхшига йўлдош бўл! Мақол
Қирқ йигитга бош бўладиган хотин эди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Синглингнинг тўйига сен бош бўласан, сенинг тўйингга Робия бош бўлади. Ў. Ҳошимов, Икки эшик ораси
4. сфт. Лавозим, мансаб жиҳатдан катта, юқори турувчи.
Бош врач. Бош агроном.
Рустам Сурхондарё вилоятидаги колхозда бош агроном бўлиб ишлаётибди. Муштум
Директорнинг бу гапи бош инжэнерга қаймоқдай ёқиб кетди. Муштум
Унинг отаси бош чўпон, ўзи эса чўпон ёрдамчиси бўлиб ишлай бошлади. Газетадан
Бундан сўнг ҳам бош мирзолигингизни эмас, мирза Анварлигингизни эҳтиром қиламиз. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
5. Улкан, катта, асосий.
Озгина юргач, Боғизоғоннинг бош арки олдидан чиқдилар. Ойбек, Навоий
Мана Хоразмнинг жанубий бош дарвозаси. И. Жабборов, Кўҳна харобалар сири
Бош соврин таъсис этилди Газетадан
6. сфт. Энг муҳим, асосий, етакчи.
Бош масала. Бош сабаб. Пахта — бош вазифа.
Кейинчалик мактаб саҳнасида ўйналадиган спектаклларда ҳамиша бош ролларни ижро этадиган бўлди. С. Кароматов, Ҳижрон
— Ҳузурингизга келишимнинг бош сабаби шундадир! — деди Ҳасанали. А. Қодирий, Ўтган кунлар
7. сфт. Энг олдинги, биринчи.
Бош бола. Бош келин.
Қутидор бўлса, кўз очиб кўрган қудамиз, хотининг бўлса, бош келинимиз. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Ёши улғайганда уйланганидан, бош боласи мен эдим. Ойбек, Танланган асарлар
8. кўчма с.т. Одам, киши.
Бир бошга бир ўлим. Мақол
Бир бошга юзта хўжайин бор. С. Нуров, Нарвой
Бу бош дунёга келиб нималарни кўрмади-а! А. Қодирий, Ўтган кунлар
9. (саноқ сонлар билан) Чорва ҳисобида ҳар бир адад жонивор.
Ўн бош от. Икки бош қўй. Ҳар бош сигирдан икки ярим минг литрдан сут соғиб олинди.
Колхоз чорвасига бир юз ўн тўққиз бош мол қўшилди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
10. Тик нарсаларнинг тепа қисми, учи, чўққиси.
Шамол бўлмаса, дарахтнинг боши қимирламайди. Мақол
Тоқатлига тоғлар эгар бошини, тоқатсизнинг бировлар ер ошини. Мақол
Қуёш тик кўтарилиб иссиқдан майсаларнинг боши эгилди. Шуҳрат, Шинелли йиллар
Гул очилгай қонларнинг бошида, Лолалар бор булоқларнинг тошида. Ҳ. Олимжон
11. Бирор маросим, тадбир, воқеа-ҳодисанинг рўй бериш, амалга ошиш жараёнидаги дастлабки босқич.
Юсуфбек ҳожининг ўзи иш бошида туриб, Ойбодоққа ташқари ҳовлини тозалатарди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Юринг, холажон, қизни ўзим топа-ман, тўйнинг бошида ўзим бўламан, ёр-ёрни ҳам ўзим айтаман О. Ёқубов, Пьесалар
Билдимки, бу иғволарнинг бошида ўзи бош-қош. К. Яшин, Ҳамза
12. Ён, олд, томон.
Саидмурод ака хашакчилар бошига борганда, улар тушликка чиқишган экан. Н. Қобул, Беморлар
Тез-тез бошимга бориб тур. С. Аҳмад, Юлдуз
13. Ўрин, каравот ва шу кабиларнинг бош қўйиладиган юқори томони; шундай ўринда ётган кишининг белдан юқори томонидаги жой.
сўри устига ёзилган ўриннинг бош томонидаги учи тепага чўнқайтириб қўйилган ёстиқлар озода ҳаётдан хабар берарди. Шуҳрат, Шинелли йиллар
ўрнидан дик этиб туриб, каравот бошига ташлаб қўйилган шимнинг камарини суғуриб олди. М. М. Дўст, Лолазор
Асқар ота бориб, сағананинг бош томонига чўкка тушди ва баланд овоз билан қурон ўқиди. А. Қаҳҳор, Асарлар
Ҳожи Кумушнинг бошига келиб ўтирди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
— Бир вақт ҳушимга келсам, отам бошимда йиғлаб ўтирибди, — деди Ҳожи хола. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
14. Баъзи отлар билан бирикиб, шу от орқали ифодаланган нарсанинг ўзини ёки у ўрнашган жойни, ён-атрофини билдиради.
Нигор ойим ўчоқ бошида овқат пишириш билан машғул эди. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
Мулланаврўз хирмон бошида қолди. С. Айний, Қуллар
Отам машъалани тутиб, охур бошига бордилар. Ш. Холмирзаев, Оғир тош кўчса
Ҳайдар ота шу баҳона билан у ёқ-бу ёқни ҳам кўрай деб, айланишроқ бўлса ҳам, бозор бошидан юрди. А. Қаҳҳор, Асарлар
15. Чўзиқ, давомли, бўйли нарсалар, жой, майдонларнинг бошланиш жойи ёки охири, этаги; шундай нарсаларнинг икки учидан, чеккасидан, томонидан бири.
Дарё бошланган жой дарё боши дейилади. География
Ёрмат Йўлчини судраб, кўчанинг бошига, аравалар тўхтаган жойга югурди. Ойбек, Танланган асарлар
Хиёбоннинг бу бошида нақшдор, ҳаворанг баланд айвоннинг бир чеккаси кўриниб турарди. А. Қаҳҳор, Асарлар
Аваз дала бошида, омонат бир чайла соясида соч олиб турарди. С. Сиёев, Аваз
Хонанинг у бошидан бу бошига юрди. Шуҳрат, Шинелли йиллар
16. Воқеа, ҳодисанинг, бирор муддат ёки фаслнинг, асар, матн ва шу кабиларнинг бошланиш жойи, пайти, аввали, муқаддимаси.
Ҳикоянинг боши. Йилнинг боши. Ишимнинг боши йўқ, Ошимнинг моши йўқ. Мақол
Тўйнинг боши — бошлангунча. Мақол
Қиз сўзнинг бошини эшитиб илжайди, охирини эшитиб, қўрқувдан бўзарди. П. Турсун, Ўқитувчи
Мамлакат урушнинг бошидаёқ отадан айрилиб, она қўлида қолди. Ў. Умарбеков, Сирли соҳил
Тўти бу хатнинг бошини эшитибоқ, ўзини ерга кўтариб урган эди. С. Зуннунова, Олов
— Мен, бўлмаса, гапни бошидан бошлай, — деди Абдурасул. П. Турсун, Ўқитувчи
Сентябр бошларида полк ғарбга томон йўл олди. Ойбек, Танланган асарлар
Ҳомиднинг совчиси бошқа совчиларнинг муқаддимаси, ёз бошида келадиган қалдирғочларнинг йўлбошчиси эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
17. Воқеа, ҳодиса ва шу кабиларнинг бошланиши учун баҳона бўлган нарса, дастлабки сабаб.
Қўшнимнинг оши — жанжалнинг боши. Мақол
Қумринисо Собирахонга кўз қисиб: — Ўйин-кулгимизнинг боши Баҳрихоннинг тўйи бўлади, — деди. А. Қаҳҳор, Хотинлар
Бахтни бировларнинг остонасидан қидиришнинг ўзи бахтсизликнинг боши! А. Қаҳҳор, Оғриқ тишлар
18. Баъзи ўсимликларнинг калла ёки чочоқ шаклидаги ҳосили, меваси.
Бир бош узум. Бир бош карам. Топган гул келтирар, топмаган — бир бош пиёз. Мақол
Пеш-тахта олдига бориб, саватдаги узумдан бир бош танлади-да, тарози палласига қўйди. К. Яшин, Ҳамза
Қаёқдан ҳам бир бош кўкнор топиб ичирдик, оғзига жийданинг сувини томизиб кўрдик. С. Сиёев, Ёруғлик
19. (саноқ сонлар билан) Карра, ҳисоб.
Беш бош қилиб олмоқ. Ўн бош қилиб тўламоқ.
20. 3-шахс эгалик ва жўналиш келишик, ўрин-пайт келишик, чиқиш келишик аффикслари билан кўмакчи вазифасида қўлланади (бошига, бошида, бошидан).
Бошга тушган (ёки келган)
Бошга тушганни кўз кўрар. Мақол
Ўзбек ойим ҳам бошига тушган бу кулфатни кўришга мажбур эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Уф Муҳаббат нима эканини бошингга тушганда биласан! А. Қаҳҳор, Асарлар
Бошимизга тушган неки кулфат бўлса, фалокат, бадбахтлик, зулм, хорлик бўлса, бари шундан — нафсимиздан. С. Сиёев, Ёруғлик
Бошда бор
Гулсумбибининг ёнига Хонимбиби қўшилишди: — Кўп ўйлашманг, ўртоқлар! Бари бир, бу гап ҳаммамизнинг бошимизда бор. А. Қодирий, Ўтган кунлар
— Тақдири аза/и, ўғлим, хафа бўлма, ҳамманинг бошида бор гап, — деб юпатди. С. Кароматов, Олтин қум
Бошдан кечир(ил)ган (ёки ўтган)
Табиб табиб эмас, бошидан ўтган — табиб. Матал
Сайид Жалолхон бутун бошдан кечирганларини инқиллай-инқиллай ҳикоя қилиб берди. А. Қаҳҳор, Кўр кўзнинг очилиши
Бекмуродов бошидан ўтган воқеаларни ўзи айтиб берган эди. С. Аҳмад, Юлдуз
Киши ҳаёт йўлида бошдан кечирган воқеалар орасида бахтли деб ўйлаган замонларини ёдлашдан ҳар чоқ завқланади. Ойбек, Танланган асарлар
Бошига ёғилган
Ногаҳоний бошига ёғилган фалокатни ўзинг даф қилгин. Х. Тўхтабоев, Ширин қовунлар мамлакати
Бошига солмоқ
Жоним, ман мунча бахти қора яратилган эканманки, худо шўрлик бошимга шунча кулфатларни солди. Ойбек, Танланган асарлар
бундан кейин кўрган азобимни худо ҳеч банданинг бошига солмасин. Ойбек, Танланган асарлар
Бошим кал, кўнглим нозик
Бош оғритмоқ (ёки қотирмоқ)
Ҳаётни мукаммал қиламан, деб сиздан олдин ҳам не-не одамлар бош қотирган. С. Сиёев, Ёруғлик
Ҳосил Ёқубов нозикроқ бир нарса устида бош қотириб ўтирган экан Муштум
Ҳар нарсага ақлингиз етади Лоақал бу бахтсиз синглингиз учун биргина бош оғритсангиз-чи. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Агар бошни оғритмоқчи бўлсангиз — катта кўча; тўрт томонингиз қибла. Ҳ. Ғулом, Машъал
Нима учун бошимни оғритганингизга тушуна олмадим, ўртоқ раис. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
Сўз билан деҳқоннинг бошини қотириб, ниҳоят, тўрт ярим сўмга кўнишга мажбур қилди. Ойбек, Танланган асарлар
Бошига келмоқ
Шу савол бошига келганда, кўзига тўсатдан Канизак кўриниб, Сидиқжоннинг юраги ўйнаб кетди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Бош ҳарф
Ёзувда ҳар бир гап бош ҳарф билан бошланади. Ўзбек тили дарслиги
Кимнинг номига хат ёки бошқа нарса келса, почталон адресат номининг бош ҳарфида ёзилган яшикка қўйиб, юбориладиган хат бўлса, олиб кетар эди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Бош гап
Ўзича мустақил, бошқа гапга эргашмаган гап бош гап деб аталади. Ўзбек тили дарслиги
Бош мақола
Бош мақолада илғор колхозчиларнинг иш тажрибалари умумлаштирилган эди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Бош тўғон
1940 йилнинг май ойида бош тўғон битди. Ўзбекистон қўриқлари
Бош бармоқ
Сал нарида қаердандир Шукруллони бош бармоғи билан имлаб чақирарди. Ёшлик
Эшагини тепганда, чап оёғининг бош бармоғи чиқиб кетган экан. О. Ёқубов, Эр бошига иш тушса
Бош хотин
Нажмиддинбойнинг бош хотинидан Абдуллабой, кичик хотинидан Фазлиддин туғилган. Ойбек, Танланган асарлар
Қилич халифанинг бош хотини Қумрибиби жуда ташвишга тушган эди. С. Айний, Қуллар
Ул кишига куёвга чиқсанг, сен бош хотин, барча хотинлари сенинг чўринг бўладилар. М. Осим, Карвон йўлларида
Жон бошига
Бизнинг ферма мудиримиз жон бошига сут истеъмол қилишда Америкадан аллақачон ўтиб кетган. Муштум
Сўққа бош (тўғриси сўққабош)
Ҳидоят қори, сўққабош бўлгани сабабли онасини ишга чиқарарди. Мирмуҳсин, Михлар ва пўпанаклар
Боши берк кўча
Извош боши берк кўчада тўхтади. Ойбек, Танланган асарлар
Бу боши берк кўчада у узоқ қамалиб қолмайди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Отабек боши берк кўчада қолгандек бўлди, жавобига қийналди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Ахир ҳали биз боши берк кўчага кириб қолганимиз йўқ-ку. Улар билан олишиб кўрамиз. С. Аҳмад, Уфқ
Боши-кети йўқ (ёки кўринмаслик)
Траншея қирғоғи бўйлаб ялтироқ йўғон қувур чўзилиб кетган, боши-кети кўринмайди. Ҳ. Назир, Ўтлар туташганда
боши-кети йўқ меҳнат давом этмоқда. П. Турсун, Ўқитувчи
Аввал боши
Бу гапни аввал бошда ўзи ковлаб қўйганлиги учун жим туришга мажбур эди. К. Яшин, Ҳамза
Бу саволга аввал боши Бўтабой акам жавоб беришлари керак: А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Аввал боши ўзимизнинг колхозчиларга тушунтириш керак. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Бир бошдан
Мен ҳадеб савол бераверганимдан кейин инженер ҳамма воқеани бир бошдан гапириб берди. Ҳ. Назир, Чўл ҳавоси
У ўз бошидан кечирган кулфатлар қанчалик оғир бўлса ҳам, бу жонажон дўстларига бир бошдан сўзлаб беришга тайёр эди. П. Турсун, Ўқитувчи
Проводник кўзойнагини бурун четига тушириб олиб, бир бошдан билетларни текширишга киришди. З. Фатхуллин
Ойимхон унга [Гулсумга]: — Майли, қийналиб ўтирма, сенга бир бошдан ҳамма ҳарфларни ўргатиб қўя қолай, — дебди. П. Турсун, Ўқитувчи
Хат (ёки сатр) боши
Хат бошидан такрор ўқимоқ. Қайта бошдан Қайтадан, янгидан
Аёл (ёки хотин) боши билан
Энди хотин боши билан Марғилонга мурожаат қилсинми? А. Қодирий, Ўтган кунлар
Аёл боши билан мистовоқдек кетмонда ишлаганда, биз юрамизми кафтдек кетмон тутиб. Т. Ашуров, Оқ от
Бева (ёлғиз) боши билан
Наинки битта шу қизи деб умрини ўтказса, кўзимнинг оқ-у қораси деб авайласа, бева боши билан шунчалик ўстирса-ю, у юзига тик қараса? Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
Сени севмасам, ярим кечада, қоронғи кўчада ёлғиз бошим билан орқангдан югуриб юрармидим?! С. Айний, Қуллар
Бир ёстиққа бош қўймоқ
Зайнаб ҳам умид билан бир ёстиққа бош қўйган. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Бир ёқадан бош чиқармоқ
Кўпчилик бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилса, унинг кучи океан тўлқинидан ҳам зўр бўлади. С. Маҳкамов, Шогирд
Эндиги гап ўзларингда қолди. Бир ёқадан бош чиқа-ринглар. С. Аҳмад, Уфқ
Бирор ишнинг бошини ушламоқ (ёки тутмоқ)
Бундоқ далаларга чиқиб, бирор фойдалироқ ишнинг бошини тутсангиз бўлмайдими? С. Нуров, Карвон
Вақти-соати келса, ўқиб оларман ундан кўра бир ишнинг бошини тутай. М. Ҳазратқулов, Журъат
Бош бурмоқ
Мен шу қилган яхшилигингга сендан рухсатсиз бош бурсам, ўттиз пора каломулло урсин! Ҳамза, Танланган асарлар
Бошга битган бало
Ўртоғингиз бошимга битган бир бало бўлди. А. Қаҳҳор, Асарлар
Бошга қўймоқ
Бошга қўндирмоқ
Курткани елкамга ташладим, дўнгалак грузинча шапкани бошга қўндирдим. С. Сиёев, Ёруғлик
Боши билан
Олимжон кўпдан кутилган ишга боши билан кўмилиб кетган эди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
агар бундан бир хиёнат чиқмаса, ҳаммадан бурун мен бунга бошим билан жавоб бераман. С. Айний, Қуллар
Қоратой боши билан йўқ деди. Ойбек, Танланган асарлар
Ўзбек ойим боши билан келинига ризолик билдириб, баракалла! деб қўйди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Боши боғлиқ
Аччиқланма, бек йигит, ўзи уятчан қиз, яна боши боғлиқ. Ойбек, Навоий
Боши бузуқ ёки бузуқ бош
Мана сенга, уйингга боши бузуқларни йиғганинг учун! С. Сиёев, Ёруғлик
Амир қозига буйруқ юбориб, боши бузуқ оёқялангларни ва эски қулларнинг авлодини тутиб қама, деган. С. Айний, Қуллар
Бошига етмоқ
Отангнинг бошига етган ўшалар. А. Кўчимов, Ҳалқа
Ўпкасида қолган осколка ўн йилгача азоб бериб, охири бошига етди. Ҳ. Турсунқулов, Ҳаётим қиссаси
Ҳозиргача олтмиш тугуннинг бошига етдингиз. С. Сиёев, Ёруғлик
Бошига кўтармоқ
Шарафларга буркаб ота номини, Бошига кўтарди онажонини. Б. Бойқобилов, Садоқат
Қани энди бошқа оталардек бўлса, бошимга кўтармасмидим. С. Аҳмад, Уфқ
товоқнинг жиндай жойи учган экан. Қайнанам шуни кўриб қолди-ю, бутун ҳовлини бошига кўтарди. Муштум
Шунча эркакнинг орасида уялмайсанми ҳовлини бошингга кўтариб бақиргани, шарманда!!! К. Яшин, Ҳамза
Тўйиб-тўйиб шўхлик, бебошлик, жиннилик қилсанг, водийни бошингга кўтариб қаҳқаҳа урсанг. Ф. Мусажонов, Ҳиммат
Қизлар уйни бошларига кўтариб, ёр-ёр айтишаётган пайтда, Сано-барга яқин келиб, унинг кифтига қўлини қўйди. К. Яшин, Ҳамза
Бошига сув қуймоқ
Ҳаш-паш дегунча бригадага берилган 14 минг сўмнинг бошига сув қуйди. Муштум
Сендан нима кўряпман? Қайтанга топган-тутганимнинг ҳам бошига сув қуяяпсан. Э. Раимов, Ажаб қишлоқ
— Манави-ку, —бувим мени кўрсатдилар, — ўқишнинг ҳам бошига сув қуйди. Э. Раимов, Ажаб қишлоқ
Бошига урадими?
Опоқижон, ундай деманг, бошингизга урасизми ўша бетайин қизларнинг мол-у дунёсини? Х. Тўхтабоев, Ширин қовунлар мамлакати
Ҳе, иззатини билмаган пасткашлар, икки мингни бошимга ураманми? Муштум
Бошига чиқиб (ёки миниб) олмоқ
Бундай йигитнинг эса у бошига миниб олиши турган гап эди. Ў. Умарбеков, Ёз ёмғири
Сенларда ўзи инсоф деган нарса борми? Пенсионерман деб бошимизга чиқиб оласанлар, шекилли. С. Аҳмад, Юлдуз
Чўри қиз бошимизга чиқиб, бизларни оёқ учи билан кўрсатади. Ойбек, Танланган асарлар
Бошига ўтқазиб қўймоқ
Ёш, чиройли хотинга ёқиш, унинг кўнглини кўтариш учун уни ҳаммамизнинг бошимизга ўтқазиб қўйди. Ойбек, Танланган асарлар
Бошида ёнғоқ (ёки тош) чақмоқ
Кейин Гулнорга худо беради, у эрка-арзанда хотин бўлиб кўнглига нима келса, шуни қилади бошимизда ёнғоқ чақади. Ойбек, Танланган асарлар
Уч кун ўтмай [кундошим] бошимда тош чақишга бошлади. Ойбек, Танланган асарлар
Бошида калтак (ёки таёқ) синмоқ
мудирнинг таёғи кўпроқ унинг бошида сина бошлади. Гулдаста
Бошидан зар қуймоқ
Бошида қолмоқ
Қараб туринг, тўйига ҳам бормайман, тўйи бошида қолсин. Т. Алимов, Совға
Топиб келган матоҳинг бошингда қолсин. С. Аҳмад, Юлдуз
Боши ёстиққа тегмоқ
Боши кетмоқ
тўғри гапир, бўлмаса бошинг кетади. У. Исмоилов, Сайланма
Бошимиз кетсаям, қайтмаймиз бу йўлдан. О. Ёқубов, Эр бошига иш тушса
Боши кўкка (ёки осмонга) етмоқ
Масалани шундай ҳал қилиш керак эди. Каримқул акадан эшитиб, бошим кўкка етди. Ойбек, Олтин водийдан
шабадалар
Тўсатдан кириб борсам, онам бечоранинг боши кўкка етар Гулдаста
Бошинг тошдан бўлсин
Ҳа, ишқилиб, боши тошдан бўлсин. А. Қаҳҳор, Асарлар
Хайр, ўғлим, қаерда бўлсанг ҳам, омон бўл, бошинг тошдан бўлсин. Гулдаста
Бошини айлантирмоқ
Оилали бўла туриб, ёш қизнинг бошини айлантиришга уялмадингизми? Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
Бошини боғламоқ
Биз Отабекни Тошкентдан уйлантириб, бошини боғламасак, кун сайин унинг Марғилон югуришидан қутула олмасмиз. А. Қодирий, Ўтган кунлар
— Иккала томоннинг кели-шувидан сўнг фотиҳа қилиниб, қизнинг боши боғланди. Муштум
Бошини букмоқ
Секин гапир, секин шарманда қилдинг, бошимни ерга букдинг, сен жувонмарг! Ойбек, Танланган асарлар
— Туринг, қизим, — элликбошининг товуши бирдан мулойимлашади, — ота-онанинг бошини букманг. Ойбек, Танланган асарлар
Ўйла, Қоратой. Ишқилиб, Йўлчи боламга таянч бўл, ёлғизлатма, йигитнинг кўнгли бузилмасин, боши букилмасин. Ойбек, Танланган асарлар
Қарз кишининг бошини букади. Ойбек, Танланган асарлар
Бошини емоқ
Ҳуснинг бошингни ейди А. Мухтор, Қорақалпоқ қиссаси
Ота-онасининг бошини еган шум етим. П. Турсун, Ўқитувчи
Бошини иккита қилмоқ (ёки қўшмоқ)
— Биз ҳам орзу-ҳавас кўрмай ўтмасак: кўзимизнинг очиқлигида бошингни иккита қилиб қўйсак деймиз-да, ўғлим, — деди чол. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
Бир амаллаб қишдан чиқсак, Полвонбойнинг бошини ҳам қўшиб қўярмиз. Ж. Шарипов, Хоразм
Бошини силамоқ
Йўлчи Гулнорнинг бошини силаб, воқеани қисқача айтиб берди. Ойбек, Танланган асарлар
Нозим Зуҳранинг бошини аста силаб, ўз, кўз ёшини белбоғи учига артди. Гулдаста
Элга берсанг ошингни, эрлар силар бошингни. Мақол
Нодира онаси ўрнида Анварнинг бошини силаб, истиқболи учун қайғурди. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
Бошини тикмоқ
Нега энди меҳнаткаш мусулмон учун бошини тиккан йигитни жаллод болтасига топширар экан? К. Яшин, Ҳамза
Ҳа, Ҳомид ака, сиз жонни аямасангиз, мен ҳам йўлингизга бошимни тикдим А. Қодирий, Ўтган кунлар
Бошини хам қилмоқ
Эл-юрт олдида бошимни хам қилиб кетдинг, орқангдан қувмадим. С. Аҳмад, Уфқ
Арзимаган иш деб бошини хам қилманг. С. Аҳмад, Уфқ
Бошини қовуштирмоқ (ёки бириктирмоқ)
Бошини қотирмоқ (ёки оғритмоқ)
Бемаъни саволларинг билан бошимни қотирма;
Бу азлий жумбоқ устида не-не амомалар бош қотирмади дейсиз. Фан ва турмуш
Букун ҳам худди шу мақсадда йиғилишиб, декча қайнатиш ғамида бош оғритишарди. Ойбек, Навоий
Боши очиқ (ёки бўш)
Энди у [Мунаввар] боши очиқ қиз бола эмас. Оилали. С. Анорбоев, Меҳр
— Бугундан бошинг очиқ. Уч талоқ қўйдим. Ёшлик
Ўзбекларнинг яхши қизи бор бўлса, Боши бўшми дейин, аввал сўрайин. Алпомиш
Боши чиқмаслик
Унинг боши касалдан чиқмай қолди.
Ана шундан бошлаб ташвишдан боши чиқмай қолди. Ж. Абдуллахонов, Хона-дон
ҳеч яхшилик қилмай дейман-у, кўнгил бўшлик қилиб қўяман, кейин бошим ғалвадан чиқмайди. Ў. Умарбеков, Ёз ёмғири
Боши қоронғи
Унинг анорга боши қоронғи. Боши қоронғига олам қоронғи. Мақол
Вика ҳомиладор, унинг иттифоқо кока-колага боши қоронғи бўлиб қолди. Мирмуҳсин, Ҳикоялар ва қиссалар
Боши қотмоқ (ёки шишмоқ)
Бу битмайдиган савдодан Элчиевнинг ҳам боши қотиб юрарди. Э. Аъзамов, Жавоб
Ёш журналист топшириқни олишга олиб қўйиб, боши қотиб қолди. Муштум
Эшитдим, лекин нима чора? Шу кунда ҳамманинг боши шишган. Ойбек, Танланган асарлар
Бош кўтариб юрмоқ
Сиз эсингизни еб қўйибсиз, ўғлингизни марғилонликка топшириб қўйиб, яна эл ичида бошингизни кўтариб юрмоқчи бўласизми? А. Қодирий, Ўтган кунлар
Қизингизни деб шаҳарда бош кўтариб юролмайдиган бўлдим. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Бош кўтармоқ
Бемор касалдан бош кўтарди;
Профессор Шерзоднинг касаллик варақасидан бош кўтарди-да, негадир жилмайди. Ў. Ҳошимов, Нур борки, соя бор
— Яхши, — деди Турсунбой ишидан бош кўтармай. С. Аҳмад, Уфқ
Кўклам келиши билан бегона ўт бош кўтармасин деб ер молаланди, чизелланди. Ҳ. Нурий, Яшил хирмон
Қишлоқ ёмғирдан ювилиб, яшнаб кетган эди. Деворлар тагида адашиб бош кўтарган мунис майсалар эртага қор остида қолишидан бехабар яшнаб турарди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
Қуёш уфқдан аста бош кўтариб, ўзининг заррин нурларини соча бошлади. Ёшлик
Қишлоқ қизларидай лўппи юзли ой Бошини кўтарди, кулди саҳро, сой. Ғайратий
Тошкент ҳокими бўлган Азизбек Қўқонга қарши бош кўтарган. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Камбағал бош кўтарса, бой тош кўтаради. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Бир вақт келиб, дадамнинг куни етса, Гулнорнинг чурвақалари бош кўтаради. Ойбек, Танланган асарлар
Бош олиб кетмоқ
Ўз акамга мен сиғинди бўлгунча, Бу ўлкадан бошим олиб кетайин. Алпомиш
Бугун у саройдан мутлақо бош олиб кетди. С. Сиёев, Ёруғлик
Меҳри касалхонадан чиққандан кейин, Нисо буви иккала қизи билан номаълум томонга бош олиб кетди. А. Қаҳҳор, Асарлар
Бош оққан томонга кетмоқ
У кўчага чиқди, қаёққа бораётганини билмай, боши оққан томонга юриб кетди. К. Яшин, Ҳамза
Бечора иш қидириб, боши оққан томонга борар экан. Ойбек, Нур қидириб
Бош оғриғи
Ростини айтсам, шу замонда гап-сўз қайнаб кетган, лекин бировининг ҳам маъноси йўқ, борида ҳам маза-матра йўқ. Ҳаммаси бош оғриғи гаплар. Ойбек, Танланган асарлар
Бўлса бўлар, бўлмаса йўқ-да. Бекорга бош оғриғи қилиб, ичингдан ўртаниб юрасанми? П. Турсун, Ўқитувчи
Бош суқмоқ (ёки тиқмоқ)
Кампир энам қиз қидира-қидира тинкаси қуриди, қайси эшикка бош тиқса, сўрашармиш: савдогарми, боғи борми, уй-жойи борми? Ойбек, Танланган асарлар
Сен ўлгур бу уйга бир марта ҳам бошингни тиқмадинг. Ойбек, Танланган асарлар
Хонага Эргаш бош суқади: — Мумкинми? Гулдаста
Шербек кечки пайт оғилхонадан қайтиб келаётиб, идорага бош суқди. С. Анорбоев, Оқсой
У айтган толлар қулабди, бош тиқмоқчи бўлган мактаб-маориф соҳасига тамоман янги одамлар, олов нафасли ёшлар келибди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Собиржон бировларнинг гапига кириб, шунақанги ишларга бош суқмаса эди. А. Мухтор, Опа-сингиллар
Сиз ҳам мени болам десангиз, шу бугун менинг ишимга бош суқманг. О. Ёқубов, Пьесалар
Улар эшик тирқишларидан мўралайдилар ва қия очиб, бошларини суқадирлар. Ойбек, Танланган асарлар
Тоҳир пастки қаватдаги очиқ эшикларга бош тиқиб қаради. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
Гулнор бошини Йўлчининг кўкрагига суқиб йиғлади. Ойбек, Танланган асарлар
Бош тортмоқ
Сизни оғзи қон бўри дедим, чунки сиз янги очилган гулларни, энди бош тортган лолаларни вақтсиз сўлдирасиз, очилиб битмай ўлдирасиз. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Армани уста қора мармар лавҳадаги сўзларни ўчириб, қайта ёзишдан кескин бош тортди. Н. Аминов, Суварак
Қўйдек ювош мусулмонлар бугун мардикорга боришдан бош тортмоқдалар. Н. Сафаров, Танланган асарлар
Бош тўлғамоқ
Бу тақдирда итоатдан бош тўлғаган Тошкент устига, албатта, Мусулмонқул золим қўшин тортар. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Бош урмоқ
Йўлчи қаёққа бош уришини, кимнинг ёқасидан тутишини билмай, анча вақтгача кўчаларда тентираб юрди. Ойбек, Танланган асарлар
Сенинг учун азизларга бош урдим, Боргин, болам, сени ҳаққа топширдим. Маликайи айёр
Ахир фарзанд учун она нималарга бош урмайди?. Гулдаста
Нега ўйламай-нетмай, эшигига бош уриб келган бир йигитни қувлаб соладир? А. Қодирий, Ўтган кунлар
Бош устига
Учрашганингиз тўғрисида менга маълумот ёзсангиз, тағин миннатдор қилардингиз. — Бош устига. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Табибийнинг гапи ножўя бўлиб, бир чаламулла боланинг сўзлари эътиборга лойиқ десангиз, миннатдормиз, бош устига, хоним. С. Сиёев, Ёруғлик
Бош эгмоқ
Қўшиқ тамом бўлди-ю, у боягидай табассум билан оҳиста бош эгиб қўйди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
Аҳмад Ҳусайн бошини сал эгди, унинг туси ҳам алланечук ўзгарди. Ойбек, Нур қидириб
Қачонгача энди биз ётларга бош эгамиз, пора бериб кун кўрамиз. Н. Сафаров, Танланган асарлар
Амирга бошини эгмаган кекса шоирни отга боғлаб, қуриб ётган ўт устида ёқиб юборишган. Газетадан
Кимдир тош отса ҳам гоҳо ортимдан, Қошимда бош эгди, келиб сўнгги дам. А. Орипов, Йиллар армони
Эркак бошимни эгиб қайтиб бораманми, унақада хотиним бўйнимга чиқиб олади, дерди. С. Аҳмад, Уфқ
Мунгли дўппайган қабрлар устида багри қон қизғалдоқлар бош эгди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
Билки у кун бошим узра Дўстлар бош ҳам эгадир. А. Орипов, Йиллар армони
Бош қашимоқ
Ҳовли ўртасида бош қашиб қолди ва кўзини қисиб, хотинига қаради. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
Бош қўшмоқ
Бой, мен ўйлаган бу ишга сиз ҳам бош қўшсангиз, савоб бўлармиди? Н. Сафаров, Танланган асарлар
Укаларимнинг кир-чирини ювиб, бағрига олиб ўтирсин деб, бу ишга мен ўзим бош қўшдим. Ойбек, Танланган асарлар
Менингча, муҳими ишни бошлаб олиш, у ёғига халқнинг ўзи бош қўшади. К. Яшин, Ҳамза
Бош ҳарф
Иши бошидан ошиб ётибди
Набирали бўладиган Ўзбек ойимнинг иши бошидан ошган эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Катта бошини кичик қилиб
Аммо-лекин хатосини тан оляпти, кечирим сўраяпти катта бошини кичик қип. А. Кўчимов, Ҳалқа
Менинг сенга бошим қоронғи эдими?
Оёғига бош қўймоқ
Душман қурсин, эсларимни шоширди, Мирза Маҳмуд оёғига бош урдим. Юсуф ва Аҳмад
Агар кўчада бўлмаса эди, Йўлчи шу онда бу гўзал, тоза юракли, жасур, вафодор қизнинг оёқларига бош қўйишга тайёр эди. Ойбек, Танланган асарлар
Эркак боши билан
Эркак боши билан кўчада оғзига сўрғич тиқиб, бола кўтариб юрсинми?! Т. Алимов, Ишқилиб ўқимаган бўлсин-да
Эркак бошлари билан оғизлари ғийбатдан бўшамайди. С. Сиёев, Отлиқ аёл
Ўз бошига
— Бу ўтирганларнинг кўпи ер олиб, ўз бошига деҳқон бўлиб олди, — деди Абдурасул. П. Турсун, Ўқитувчи
БОШ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
BOSH сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
Izoh.uz — Ўзбек тилининг халқона изоҳли луғати 35 000 дан ортиқ сўзларнинг маънолари ибора ва мисоллар билан келтирилган.
Йиллар давомида “Ўзбек тили куни”га бағишлаб, ўзбек тилини ўрганувчилар, журналистлар, таржимонлар, копирайтерлар, блогерлар ва бошқалар учун фойдали лойиҳаларни ишга туширишни анъанага айлантирганмиз. Бизнинг жамоа Lotin.uz, Imlo.uz, Sinonim.uz, Sarlavha.com лойиҳаларини ҳукмингизга ҳавола қилган.
Батафсил Izoh.uz лойиҳаси ҳақидаTVinfo.uz — Bugun, ertaga va keyingi hafta uchun to‘liq teledasturlar.
TVinfo.uz — Телепрограмма на сегодня, завтра и ближайшую неделю.
O‘zbek Ismlarning to‘liq, batafsil ma’nosi, kelib chiqishi, shakllari. O‘zingiz va yaqinlaringizni ismlari ma’nosini bilib oling.
Полный смысл, происхождение, формы узбекских имён. Узнайте смысл своего имени и имён близких.
DostavkaInfo — Taomlar, dorilar, kitoblar va boshqa uy uchun kerakli bo‘lagan narsalarni yetkazib berish xizmatlari bor servislar.
DostavkaInfo — Каталог сервисов, предлагающих доставку еды, лекарств, книг и товаров для дома.
Lotin.uz — foydalanuvchilarga berilgan matnni lotindan kirillga va aksincha o‘girish xizmatini taklif etadi.
Lotin.uz — поможет транслитерировать с узбекской кириллицы на латиницу и обратно. Легко!
Maqol va naqllarning eng katta kolleksiyasi. Har bir maqol uchta tilda (o‘zbek, rus, ingliz).
Самая большая коллекция пословиц и поговорок на трёх языках (узбекский, русский, английский).
Har kuni eng sara latifalar va kulguli rasmlar. O‘zbek tilidagi kulgu markazi!
Ежедневно только отборные анекдоты, смешные картинки. Кузница юмора на узбекском языке!
Valyutani yuqori kursda almashtirish uchun yaqin punktlarni aniqlab beruvchi servis. Punkt joylashuvini kartada ko‘rsatadi.
Сервис, помогающий найти ближайшие пункты обмена валюты с выгодным курсом. Покажет местоположение пункта прямо на карте.
O‘zbekcha telegram kanallarining eng katta katalogi. Faqt faol kanallar, ruknlarda va batafsil statistikasi bilan.
Самый большой каталог телеграм каналов в Узбекистане. Только активные каналы по категориям и с подробной статистикой.
O‘zbek tilida savodli yozishni biz bilan boshlang.
С нами вы научитесь грамотно писать на узбекском языке.
O‘zbek tilining sinonimlar lug‘ati. Saytda 3300 tadan ortiq so‘zlar, 900 ga yaqin sinonim so‘zlar to‘plamiga jamlangan.
Словарь синонимов узбекского языка на нашем сайте содержит более 3300 слов и 900 синонимов.