бозор
билан улашинг
1. Аҳоли савдо-сотиқ қиладиган махсус жой, майдон.
-
Отанг — бозор, онанг — бозор. Мақол
-
Ақл бозорда сотилмас. Мақол
-
Юрт бой бўлса, унинг бозори ҳам тўкин бўлади. У. Норматов, Талант тарбияси
-
Бир айланиб келай, деб Қува бозорига чиқдим. С. Аҳмад, Уфқ
2. Шундай жойда савдо-сотиқ қилинадиган кун.
-
Ойда-йилда бир бозор, униям ёмғир бузар. Мақол
-
Бугун бозор бўлгани учун Ёдгор кеч уйғонди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Қўяверинг, бугун бозор-ку, бирпас дам олсинлар. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
3. кўчма Ғала-ғовур, чуғур-чуғур, шовқин-сурон, шўхлик ҳолати.
-
Болали уй — бозор, боласиз уй — мозор. Мақол
-
Бугун дала шийпонида бозор бўлди. Ҳамма сиздан дарғазаб, раисликдан туширмоқчилар. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
-
Мунира туғруқхонадан чиққан куни уй бозор бўлиб кетди. Ф. Мусажонов, Ҳиммат
-
Тонг ёришиб, гужумларда қушлар бозори бошланган эди. С. Сиёев, Ёруғлик
4. иқт. Сотувчилар билан харидорлар ўртасидаги товар айирбошлаш муносабатлари.
-
Жаҳон бозори. Ташқи бозор. Ички бозор. Бозор ислоҳотлари. Бозор хўжалиги.
-
Бозор иштирокчилари товар ва хизматларни пул воситасида айирбошлаш юзасидан муносабатларга киришадилар. ЎзМE
-
Дунё бозорида териларимизнинг нархи тушмаса дейман. С. Аҳмад, Юлдуз
5. кўчма Тақдир, қисмат.
-
Изинда жўраси кўрмакка зордир, Маъшуқлик деганинг қизиқ бозордир. Қўшиқлар
-
Қурилганда ишқ савдонинг бозори, Ўйнаб-кулиб шу кун турса дилдори. Эрали ва Шерали
6. кўчма Бирор ҳаракат ёки фаолиятнинг ҳаддан ошиши, авжига чиқиши, қизиши.
-
Ўлим бозори (уруш).
-
Гап бозори.
-
Феруза билан Норқўзининг тўйи овоза бўлгандан бери Меҳнат — роҳат қизларининг гап бозори қизиди. Ҳ. Ғулом, Сенга интиламан
-
Хуросон мамлакатида ўлимнинг бозори қизиб, хароб бўлган бинолар устида бойқушлар сайрашга киришди. М. Осим, Аждодларимиз қиссаси
-
Ажалнинг бозори шундай қизиди, Қизил қонга тулпор отлар тўзиди. Эргаш Жуманбулбул ўғли
-
Базми жамшидларда, кўнглим тиламаган давраларда, сафсата бозорларида кунларим тамаки тутунидай кўкка учди. Х. Султонов, Онамнинг юрти
7. Бозор, Бозорхон (эркаклар ва аёллар исми).
бозор сўзи қатнашган жумлалар:
Бозор қилмоқ
-
Сиддиқа бозор қилгани кетди. С. Зуннунова, Кўзлар
-
Нусратбек икки кун эрталаб ўзи билан тўрва олиб кетиб, ишдан кейин бозор қилиб келди. С. Нуров, Майсаларни аёз урмайди
Бозор(и) касод
-
— Аммо, — давом этди Гуландом, — бозор касодлигиданми ё иши яхши унмаганлигиданми, дадам тўқувчиликдан ёлчимади. Ойбек, Танланган асарлар
Бозор куни
-
Бозор куни, одам қалин. Ойбек, Танланган асарлар
Бозор кўтармайди
-
ишхоналарда, айниқса кўпчилик билан муомала қилинадиган жойларда дағаллик ва майнавозчиликларни бозор кўтармайди. Т. Алимов. Илжайинг, асакангиз кетмайди
Бозор нон(и)
-
Ҳаял ўтмай, бир чойнакда кўк чой, сири кўчган патнисда тўртта бозор нони кўтариб келди Қудрат. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
Бозор қайтди
Бозорга солмоқ
-
Гаждумбек бозорга борса, Ҳамза бир қулни бозорга солиб турибди. Гўрўғли
-
Эрта барча халойиқлар келади, Кули, чўрисини бозор солади. Нурали
-
Бозор қизигандан кейин, отни миниб, у ёқ-бу ёққа чопиб, қамчилаб, сакратиб ўйнатиб, бозорга сола берди. Ҳасанхон
-
Ўз ишини битириш учун туйғуларини бозорга солишдан тоймайди. С. Кароматов, Олтин қум
Бозори чаққон
-
— Марғилонда газмол билан пойабзалнинг бозори чаққон, — деди Ҳомид. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Туркистонда ўрик бозори чаққон экан, сотиб келай, деб баҳона қилдим. С. Сиёев, Ёруғлик
-
Имомликнинг бозори чаққон бўлиб кетганидан бизга ўхшаш ўртача аҳли илмларга шафқат кўзи билан боқувчи бўлмай қолган эди. Ғайратий, Довдираш
-
Табибнинг бозори чаққон ҳовлисида камдан-кам бўлар экан. Мирмуҳсин, Меъмор
Бозори ўтмади
Бозор(ини) олмоқ ёки бозор қилмоқ
-
Бозорингни ўзинг қил, тегирмонингни ўзинг торт! Мақол
-
Кеч билан бозорни олиб, сомон сотиб қайтган туячининг туясига иккита-иккита мингашиб, чопон бозорга қараб йўл солдик. Ғ. Ғулом, Шум бола
Борига бозор
Ўзини бозорга солмоқ
-
Агар севгининг нималигини билсангиз, юзингиздаги пардани йиртиб ташлаб, ўзингизни бозорга солиб ўтирмас эдингиз, Жўрахон! М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Лоф уриб, ўзини бозор соларми? Лоф билан қўлидан бир гап келарми? Алпомиш
Бозор иқтисодиёти
Бозор мувозанати
БОЗОР сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
BOZOR сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
бозор сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар