дийдор
билан улашинг
1. Кишининг юзи, жамоли, рухсор; башара.
-
Азизхон ҳеч кимнинг Лутфинисо дийдорига тўйиб қарашини истамасди. С. Аҳмад, Уфқ
-
Саккиз ойдан бери энди кўриб ўтирибман дийдорингизни. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча.
-
Кўзим ололмайман гул дийдорингдан, Толган юракларга жон бўлур пайванд. Миртемир, Асарлар
2. кўчма Узоқ айрилиқ, соғинчдан кейин кўришиш, учрашиш.
-
Хат — ярим дийдор. Мақол
-
Айриликларни кўравериб зада бўлган юраклар бу кутилмаган дийдордан ларзага тушди. Шарқ юлдузи
3. кўчма Меҳрибонлик, ғамхўрлик.
-
Нима қиласиз гўдакни ота дийдоридан маҳрум қилиб. С.Аҳмад, Уфқ
-
Дўстлар дийдоридан ортиқ қувонч, фироқидан ортиқроқ ғам йўқ. Газетадан
дийдор сўзи қатнашган жумлалар:
Бола(ёки гул, мол) баҳона, дийдор ғанимат
-
Соддасиз, саркор, соддасиз! Бола баҳона, дийдор ғанимат, деган гапни эшитганмисиз? Уйғун, Асарлар
-
Мол баҳона, дийдор ғанимат қилиб, кўришиб олардим. Р. Файзий, Чўлга баҳор келди
Дийдор кўришгунча
-
— Дийдор кўришгунча, — деди у секин. Ш. Тошматов, Эрк қуши
-
Хайр энди, баҳорим, кўришгунча то дийдор. А. Орипов, Йиллар армони
Дийдор кўришмоқ
-
Дийдор кўришар кун яқин. Аммо ҳужум қилаётир дилимга фироқ. Т. Тўла
-
Биз Сўнагул билан неча бор видолашиб, неча бор дийдор кўришдик. А. Мухтор, Асарлар
-
Жўрахоннинг айтаётган ашуласи бахт ҳақида, муҳаббат ҳақида севгилиси билан дийдор кўришишни истаб, соғиниб юрган йигитнинг висол орзулари ҳақида эди. Т. Рустамов, Мангу жасорат
-
Она ёлғиз ўғли билан дийдор кўриша олмади. Газетадан
Дийдор кўрсатмоқ
-
Бир кўрсатиб ғамза билан дийдор ўзинг, Лутфу карам қилдинг кулиб изҳор ўзинг. Ҳабибий
Дийдор очмоқ
-
Тўйлар муборак, э севгили ёр! Келдим йироқ-дин, оч менга дийдор. С. Абдулла
Дийдор — ғанимат!
-
Одам — омонат, дийдор — ғанимат. Мақол
Дийдор қўшмоқ
-
Дийдор қўшса, қиёматда кўргаймиз. Холдорхон
Дийдори ўчсин (ёки қурсин)
-
Қора чироғингни ўчир, дийдори қурсин! Уйғун, Асарлар
-
Таннозхон! Дийдоринг ўчсин сенинг! Н. Сафаров, Танланган асарлар
Дийдорига зор бўлмоқ
-
Лекин фақат дийдорингга бўлиб зор Тўпланишдик, ҳамма ортиқ беқарор. Ҳ. Олимжон
Дийдорига муяссар этмоқ (ёки қилмоқ)
-
Охири ўз дийдорига муяссар қилган қутлуғ ва шарофатли кун келди. Шуҳрат, Шинелли йиллар
Дийдорига тўймоқ
-
У қанча-қанча термилса ҳам, эрининг дийдорига тўя олмасди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
-
Вой болам-эй, келганингдан бери кўчадан кирмайсан, бундоқ бирпасгина дийдорингга тўйиб гаплашолмайман. С. Аҳмад, Қадрдон далалар
Қиёмат дийдор бўлмоқ
-
Нуралиман, қон йиғлайман зор-зор, Отам қолди ушбу ишдан бехабар. Шу сабабдан бўлдим қиёмат дийдор. Зулфизар билан Авазхон
ДИЙДОР сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
DIYDOR сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
дийдор сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар