дум
билан улашинг
1. Ҳайвон танасининг чиқарув тешиги тепасидан бошланадиган ва ингичкаланиб борувчи энг ортки, охирги қисми; қуйруқ.
-
Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига. Мақол
-
Туянинг думи ерга тегар, Хўжанинг қизи эрга тегар. Мақол
-
Шошган ўрдак ҳам боши билан, ҳам думи билан шўнғийди. Мақол
-
У [ит] думини ликиллатди-да, Нигоранинг оёғи остига ёта қолди. С. Анорбоев, Оқсой
2. Баъзи жониворлар танасининг кет томонидаги узун патлар ёки ингичкалашган қисми.
-
Хўрознинг думи. Қалдирғочнинг думи. Илоннинг думи.
-
Ҳалиги чавоқ балиқ қор устида ялт-юлт қилиб сакрайди, думи билан савалайди. Н. Фозилов, Дийдор
-
Раиснинг ориқ, қорамтир юзига ярашмаган тақасимон мўйловининг учлари чаён думидай гажакланди. С. Нуров, Майсаларни аёз урмайди
3. Мева, барг ва шу кабиларнинг банди.
4. Сабзавот ўсимликларининг ер юзасида ўсиб турган барги.
-
Сабзининг думини кесмоқ.
5. Учиш аппаратларининг ингичкалашган кет томони.
-
Бирпасдан кейин лагер устида думига каттакон пуфак боғлаб олган самолёт пайдо бўлди. А. Қаҳҳор, Олтин юлдуз
-
Самолётнинг думида елкамни қисганча биқиниб ўтиравердим. Гулдаста
6. Умуман бирор нарсанинг кети, охири.
-
Юлдузнинг думи. Қанча машиналар қаторлашиб ўтди, ҳали думи кўринмайди.
-
Чарос дераза панжарасидан думи ликиллаб турган даканг варракни кўрди. Ў. Ҳошимов,Қалбингга қулоқ сол
-
Чопа беришнинг беҳуда эканини пайқаб, эшелоннинг думига уланган қизил вагонларга толиққан кўзларини умид билан тикди. Н. Сафаров, Танланган асарлар
7. кўчма Доим бировга эргашиб ёки унга хушомад қилиб, бирга ортидан юрадиган одам; шотир.
-
Абдурасул Тожибойнинг мажлисда ўз тарафини оладиган думлар тўплай бошлаганини гапирди. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Дум эмиш, хўжа келиб менга дум бўлсин. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
8. кўчма с.т. Қарз, топширилмаган имтиҳон
-
Унинг математикадан думи бор.
дум сўзи қатнашган жумлалар:
Думини хода қилиб
-
— Сигир бирдан ирғиб ўрнидан туриб, думини хода қилиб, бир қочиб берди, — деди Шум бола. Ғ. Ғулом, Шум бола
-
Молхонадан келаётсам, олдимдан думини хода қилиб, бир бузоқ югуриб ўтди. Муштум
-
Олдингга қанча бордим? Нуқул бадбашара махлуқдан қочган юраксиздай думингни хода қилиб қоласан-ку? Ж. Абдуллахонов,Хонадон
-
зўр келганда кўпинча беллашишдан бош тортади-да, думини хода қилиб қочади. Т. Рустамов, Мангу жасорат
Думи юлинган мусичадай (ёки товуқдай)
-
Бердибой гарчи шаҳардан думи юлинган мусичадай бўлиб келган бўлса ҳам, фаҳмсиз эмас. А. Қодирий, Обид кетмон
-
орамизда Икром деган бир кимса ҳам бор эди. Думи юлинган товуқдай бир четга чиқиб, шумшайиб турибди. Ёшлик
Дум бермоқ
-
Бир кун пахта чопиб юрсам, битта қовун жуда ҳам тўри келган, мени е! деб дум бериб турибди. Ғ. Ғулом, Тирилган мурда
-
Нимадир тирс этди: қизилуруғ қовун дум берди шекилли. А. Эшонов, Дутор
Бурганинг думини кўрган
-
Биламан, Гавҳар яхши қиз. Лекин анави иблис бурганинг думини кўрган! Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
Думини босмоқ
-
Идорада, иш устида, иш юзасидан гапираётирман. Думингизни босганим йўқ. А. Қаҳҳор, Сароб
-
Мен бир-иккитасининг думини босдим шекилли. С. Сиёев, Отлиқ аёл
Думини ликиллатмоқ
-
Саройда биз ҳам дум ликиллатиб, қуйруқ қоқиб юрибмиз. С. Сиёев, Ёруғлик
-
У
-
калондимоғ, энди қаршисидаги одамдан ўзига ўхшаб дум ликиллатишини талаб қилувчи нусхага айланади. ЎТА
Думини тугмоқ ёки думи тугилмоқ
-
[Розиқ сўфи] Бир магазинга кечки қоровул бўлиб олган эди. Ундан ҳам ишкал чиқариб, думи тугилди. С. Абдулла, Соялар
-
Турсунбой қўпол ва дағал муомалали бўлгани сабабли бригадирликдан думи тугилган эди. Муштум
-
Ҳаммамизнинг думимизни тугар эмишлар. Уйғун,Асарлар
-
иккинчи бу гапдан оғиз очманг, акс ҳолда, думингизни тугаман. Ҳ. Ғулом, Машъал
Думини тутқазмаслик (ёки ушлатмаслик)
-
Ғаффор қўрбоши думини тутқазмасга, ўзини ютқизмасга уринади. Н. Сафаров, Водиллик қаҳрамон
Думини қисмоқ
-
Мен ўз юртимда мусофир итдай думимни қисиб юришни хоҳламайман. А. Қаҳҳор, Асарлар
-
Девона ўша заҳоти думини қисиб, жуфтакни ростлаб қолди. К. Яшин, Ҳамза
-
Сув думини қисди, энди шошмасдан [тўғонни] мустаҳкамлаш керак. Ойбек, О.в. шабадалар.
Думи хуржун (ёки хуржунда)
-
Думи хуржун гап. Думи хуржун иш.
-
Бўрибой ўша одамларнинг номини тилга олгиси келмай, думи хуржунда қолди. Ҳ. Назир, Ўтлар туташганда
-
Гўшт топширишнинг ҳам думи хуржунда. Муштум
Думи қисиқ
-
Мусофир итнинг думи қисиқ. Мақол
-
Илгари ўғрининг думи қисиқ бўларди, эл олдида сазойи қилинарди. С. Нуров, Нарвон
ДУМ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
DUM сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
дум сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар