эгалла
билан улашинг
1. Эга бўлмоқ, ўзиники қилиб олмоқ.
-
Уйдаги асл буюмларни ўзи эгаллаб олади, биз унда нима қиламиз? Ойбек, Танланган асарлар
-
Ҳа, муғамбир, менга ёмон кўрсатиб, ўзинг эгаллаб олмоқчисан шекилли. Гулдаста
-
Иш битиб, эшак лойдан ўтгандан кейин зўравонлар чиқиб, ерларни эгаллаб оладиган бўлса, бунинг оқибати ёмон бўлади. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча.
2. Бирор жой, сатҳ ва шу кабиларни банд этмоқ, унда жойлашмоқ, ўрнашмоқ.
-
Минбарни юқори курс студентлари эгаллади. Ж. Абдуллахонов, Орият
-
Хон бошлиқ аркони давлат, дин пешволари тахтиравонни эгаллашди. С. Сиёев, Ёруғлик.
3. Бирор сатҳ, юзани қопламоқ.
-
Бутун айвоннинг бўй-энини эгаллайдиган гилам устидаги пастак стол одатдагидек безатиб қўйилган Ў.Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Гўё хотини ўлмагандай, қоп-қора қалин сочлари бутун ёстиқни эгаллаганча ҳамон ёнида ётгандай туюлди Камолиддинга. Ў. Усмонов, Сирли соҳил
-
Рўпарадаги икки қаватли уйнинг сояси ҳовлининг ярмини эгаллаб олибди. С. Сиёев, Ёруғлик
4. Қамрамоқ, қамраб олмоқ, чулғамоқ, қоплаб олмоқ.
-
Ёдгорнинг бутун вужудини ҳорғин, мудроқ бир кайфият эгаллади. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Саодатхоннинг юзидаги жиддийлик ўрнини ғалати, кинояга ўхшаш табассум эгаллади. С. Зуннунова, Янги директор
-
Кечаги изғирин шамол ўрнини тўсатдан илиқ майин шабада эгаллади Ў. Ҳошимов, Нур борки, соя бор
5. Забт этмоқ, ишғол қилмоқ.
-
Взводга жанг билан муҳим тепаликни эгаллаш вазифаси топширилди. Т. Рустамов, Мангу жасорат
-
Ҳамма юксак маррани тезроқ эгаллаш иштиёқида меҳнат қилмоқда. Газетадан
6. кўчма Билиб, ўрганиб олмоқ; ўзлаштирмоқ.
-
Бу йиллар мобайнида у пахтачиликнинг сир-асрорларини пухта эгаллади. Газетадан
-
Дарс бериш, лекция пайтида аудиторияга жон киритиб юбориш санъатини эгаллади. Ж. Абдуллахонов, Орият
-
Болалар тўгаракларда иштирок этиб, дам олиш билан бирга, касб-ҳунар эгалламоқдалар. Газетадан
7. Бирон ўрин, даража ва шу кабиларни қўлга киритмоқ.
-
Мусобақада фигурачиларимиз бешта совринли ўринни эгаллашди. Газетадан
8. Бирон даража, мавқе, ўринда бўлмоқ, турмоқ.
-
Маънавий камолот босқичлари ичида хушмуомалалик, ширинсуханлик асосий ўринни эгаллайди. Саодат
-
Ўтмишдаги санъаткорлар ичида қизиқчилар алоҳида ўрин эгаллаб келганлар. Т. Обидов, Юсуфжон қизиқ
ЭГАЛЛА сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
EGALLA сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
эгалла сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар