ғубор
билан улашинг
1. Чанг, тўзон кабилардан ҳавода сақланган ёки нарса сатҳига инган майда зарралар; гард.
-
Дўл шундай шиддат билан ёғардики, гўё ердан чанг кўтарилиб, ҳавони ғубор босди, кундуз қоронғилашди. Н. Сафаров, Оловли излар
-
Пахта битган ерларингни кўрмоқчиман, Ғуборини кипригимга сурмоқчиман С. Акбарий
-
Шоён меҳнатингнинг нишонаси бу — Қора қошларингга қўнган чанг, ғубор. А. Орипов, Йиллар армони
-
Саратонда муаллақ қотган ғубори шабнам билан яна ўз онаси — тупроқ оғушига оҳиста чўкди. Саодат
2. Умуман, тиниқлик, равшанликни бузувчи, хира қилувчи (хиралаштирувчи) зарралар.
-
Осмонда ғубор йўқ, тиниқдан-тиниқ, Қуёш чарақлайди нурини сочиб. Ғ. Ғулом
-
Қишлоқдан чиққанимизда, ғубор ичида кўринган тоғлар ҳам анча яқин келиб қолди. М. М. Дўст, Лолазор
-
Бугун кун бўлади равшан ва бедоғ, Ғубор йўқдир зарра ҳавода. Ҳ. Олимжон
3. кўчма Умуман, равшанлик, тозалик, покликни бузувчи нарса (масалан, доғ ва бошқалар).
-
Ташқарида оламни жамики ғуборлардан покламоқчидек, уриб жала қуяр эди. М. Мансуров, Ёмби
-
Зайнаб Кумушнинг тўлиб етмаган гавдасига ва ўн олти ёшлар чамали ғубор тегмаган ҳуснига ҳайрон бўлиб, мулоҳазасини айтишдан қўрқди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Дил ҳам бамисоли шундай: севги шаробига қатра ғубор аралашдими — тамом. М. Жўра, Изтироб
4. кўчма Киши руҳини (руҳиятини) бузувчи ҳолат, доғ, хиралик.
-
Ҳар қалай, кундузлари чидаса бўлади: бир-ярим яхши-ёмонни кўради, ундан-бундан икки оғиз сўзлашиб, пича тафти чиқади, ғубори арийди Х. Султонов, Онамнинг юрти
-
Суҳбатда одам ёзилади, дам олади, ғубордан чиқади дерди Юсуфжон ака. Т. Обидов, Юсуфжон қизиқ
-
Бир марта тўйиб ҳидласанг, ичингдаги жами ғуборни ҳайдаб чиқаради. С. Аҳмад, Уфқ
5. махс. Чангсимон доғ; кул (ўсимликлар касаллиги).
-
новдаларда ҳам, худди барглардаги сингари, кулранг ғубор пайдо бўлади. Газетадан
ҒУБОР сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
G‘UBOR сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
ғубор сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар