из
билан улашинг
1. Бирор нарса сатҳида (юзасида) бошқа нарсанинг тегиши, босилиши ва шу кабилар натижасида ундан қолган, уни билдирувчи акси.
-
Бармоқ изи. Оёқ изи. Ғилдирак изи.
-
Бу ерда гиёҳ ҳам қолмабди. Фақат мол туёқларининг тартибсиз излари кўринади. И. Раҳим, Чин муҳаббат
-
[Содиқ:] Бўйнидан бўғилган.
-
[Нодир:] Панжа излари бор. Н. Сафаров, Ҳаёт мактаби
-
Тунда қалин ёққан қор изларни беркитишга улгурган эди. Газетадан
2. Бирор нарсадан ёки кимсадан қолган асар, белги.
-
Ҳамма ёқда даҳшатли зилзила излари кўринади: йиқилган уйлар, урилмаган деворлар, вайрона жинкўчалар М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
— Самарқандда ҳар қадамда асрларнинг изи бор, — деди Аҳроров. Ойбек, Олтин водийдан шабадалар
-
Қотиллар мурданинг шағал тагида қолиб кетиб, умрбод изи йўқолишини мўлжаллагандилар. Газетадан
-
Раҳим Саидов суриштиришга қарор қилди Балки изи чиқиб қолар. Ў. Умарбеков, Ёз ёмғири
3. кўчма Бирор нарсанинг (уни ифодаловчи) кичик бир акси; нишонаси.
-
Юзида эски гўзалликнинг излари ҳали сақланган қирқ ёшли хотин меҳрибонлик билан қизига қаради. Ойбек, Танланган асарлар
-
юзларида табассум излари кўрина бошлади-ю, бир зумда тарқалиб кетди. Ойдин, Ҳикоялар
4. Маълум йўналишдаги ҳаракат (юриш) туфайли ер сатҳида қоладиган узун из, йўл.
-
У, ўнг томонга қийшайганча инграб, тепаликка кўтарилаётган машина изидан одимлаб кетди. С. Кароматов, Олтин қум
-
Сойлик дарёнинг баҳорги тошқин вақтидаги изи бўлиб, Кичик дарё номини олган, кичик дарё пайдо бўлганда, ҳалиги тўқай оролга айланар экан. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
5. Босиб ўтилган (ўтилаётган ёки келинадиган) томон, йўл.
-
Поезднинг қораси ўчгунча, мўлтираб қараб турдим, кейин йиғлаб-йиғлаб, изимга қайтдим. С. Сиёев, Ёруғлик
-
Изингда термилиб қолди кекса чол, Кўзда таважжуҳи, дуоси тилда. А. Орипов, Йиллар армони
-
Кўзим изингга, қулоғим товушингга зор бўлиб ўтирибман. Ойбек, Олтин водийдан шабадалар
6. Иш-ҳаракат, фаолиятдаги йўл, йўналиш.
-
Мен ҳам сиз ўша тасвирини қилган табаррук зотлар изидан боряпман. К. Яшин, Ҳамза
-
Бу уйда икки хотин олиш бир расм бўлиб қолган экан. Эрим отаси, акаси изидан кетиб, устимга хотин олса-я. Ойбек, Танланган асарлар
7. Трамвай, поезд ва шу кабилар ғилдираклари остига (юриш учун) ётқизиладиган махсус қурилма.
-
бу йигитлар оломоннинг олдига тушиб, темир йўлни босдилар ва бир соатда бир неча чақирим темир йўлнинг из ва шпалларини бузиб ташладилар. С. Айний, Қуллар
из сўзи қатнашган жумлалар:
Из олмоқ
-
Пошшоликда из оладиган изчиларни шаҳарнинг тўрт тарафига жўнатди. Нурали
Из қувмоқ
-
Сувонжон бир қадам ҳам четга чиқмасдан, жилғанинг оғзигача из қувиб борди. С. Анорбоев, Оқсой
Изга тушмоқ
-
Шербек қидирган нарсасини Тошкентдан топиб келган, бу ердаги ишлари изга тушиб кетган бир пайт эди. С. Анорбоев, Оқсой
Издан чиқмоқ
-
Трамвай издан чиқибди;
-
Меҳнат интизоми издан чиққан, ҳамма тармоқда бошбошдоқлик, эгасизлик ҳукм суряпти. Муштум
-
Кўзбўямачилик ва хушомадгўйлик йўлига ўтиб олиб, қанча раҳбарлар издан чиқмади, жамиятга қанча зарар келтирмади. Э. Юсупов, Истиқлол йўлида
Изига тушмоқ
-
Кейин ҳаёт яна ўз изига тушиб кетади. О. Ёқубов, Эр бошига иш тушса
-
[Саодат:] Уйинг куйгур миршаблар изингга тушиб қувладими? Ойбек, Қутлуғ қон;
-
[Навоий:] Кўриниб турибдики, рақиблар изимга тушиб, менга чуқур қазимоқдалар. М. Осим, Аждодларимиз қиссаси
Изига қайтмоқ
-
Боргин-у изингга қайт;
-
Ишлар яна изига қайтди.
ИЗ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
IZ сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
из сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар