куч
билан улашинг
1. Одам ва жониворларнинг ўз мускулларини ишлатиб, жисмоний ҳаракат қилиш қобилияти; жисмоний энергия; қувват.
-
Жисмоний куч. Мускул кучи. Эсинг борида эл тани, кучинг борида ер тани. Мақол
-
Бола кучи етса, челак судраб, етмаса, кўра кўтариб, саҳнга сув сепар эди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Кимнинг билагида кучи бўлса, ким ишнинг ҳавосини олса ўша илғор бўлаверади. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
2. Меҳнат қилиш, яратиш, юзага келтириш қобилияти, иш-меҳнат.
-
Бир парча куйган қора нон учун Ёшлик чоғингдан ўз кучинг сотиб. Ҳамза
-
[Бойлар] кўкламгача ювинди билан боқади, олти ой ёз текинга ишлатади. Одамнинг кучи эшак кучидин паст баҳога тушади уларга! Ойбек, Танланган асарлар
3. Маънавий, ақлий ва руҳий қувват.
-
Ақлий куч.
-
Ҳайдар ота кампирнинг ирода кучига ишонмас, шунинг учун ҳозир Асрор-қулнинг унга рўпара бўлишини истамас эди. А. Қаҳҳор, Асрор бобо
-
Уни тўхтатиб қолишга ҳеч қандай андишанинг, ҳеч қандай севги ва ҳурматнинг кучи етмас эди. С. Зуннунова, Кўк чироқлар
4. физика Жисмларнинг ўзаро механик таъсир этиш қобилияти ва унинг ўлчови.
-
Марказдан қочма куч. Куч бирлиги.
-
Тортиш кучи ёки, бошқача айтганда, гравитациянинг нима экани ҳозирча бирон олимга ошкор эмас. Фан ва турмуш
5. Қувват, энергия.
-
Электростанциянинг кучи.
6. Таъсир қилиш даражаси; таъсир.
-
Дорининг кучи.
-
Бу кунги қора совуқ қуёш кучинида кесган эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Очлик ўз кучини кўрсатиб, уни ҳолдан тойдирган эди. С. Аҳмад, Уфқ
-
Бу лаҳзада ароқ Валижонга ўз кучини кўрсатиб қўйган эди. Гулдаста
7. Тўйимлилик, қувват бериш белги-хусусияти, кўрсаткичи.
-
Ернинг кучи. Таомнинг кучи.
8. Бирор ишни амалга ошира билиш имкони, имконияти; ҳол-қудрат, қурб.
-
Унинг автомашина сотиб олишга ҳам кучи етади.
-
Ҳамбарали акани сотиб олгани кучингиз етмаса керак. Милтиқ билан бўлмади, энди пул билан рахна солмоқчимисизлар? А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
9. Бирор соҳада ва умуман ишлаб чиқаришда ишловчи кишилар.
-
Хотин-қизлар — корхонада катта куч.
-
Бугун Ўзбекистонда биринчи марта қурилаётган металл заводига ФЗОни битирган ёш кучлар келди. Н. Сафаров, Саодатнинг қиссаси
-
Кўчиб келган заводларга қизларни юбордик: кучимиз озайиб қолди, вазифамиз катта, юкимиз оғир. И. Раҳим, Чин муҳаббат
10. Бирор ишни амалга оширишга қаратилган, бирор мақсад учун фойдаланиладиган шахс ёки нарсалар.
-
Душман десантчиларни денгизга улоқтириб ташлаш учун қўшимча куч келтирарди. Т. Рустамов, Мангу жасорат
-
Хуросон тахти учун исён кўтарган Мирзо Ёдгор ҳам шу атрофда куч тўплаган эди. Ойбек, Навоий
-
[Биз] Келишмовчиликларни четдан куч жалб қилмасдан, ўз кучимиз билан, ўзаро кенг муҳокама қилиш йўли билан бевосита бартараф қиладиган бўлиб қолдик. А. Қаҳҳор, Нутқ
11. асосан кўплик шаклида) (Ҳарбий қўшилмалар; қўшин.
-
Қуролли кучлар.
-
Танк ва мотодивизиялардан йигирма иккитаси катта ҳаво кучларининг ёрдами билан Калинин, Орёл, Тулага қараб бормоқда. И. Раҳим, Чин муҳаббат
12. асосан кўплик шаклида Жамиятнинг бирор белги-хусусияти, дунёқараши ва шу кабилар билан фарқланувчи қисми.
-
Реаксион кучлар. Синфий кучлар муносабати. Қора кучлар.
13. ҳуқуқ Қарор, қонун ва шу кабиларнинг қўлланиши, амали, жорийлиги.
-
Қонун кучга кирди. Ҳукм кучда қолди. Қарор кучини йўқотди.
куч сўзи қатнашган жумлалар:
Кучдан қолмоқ
Ёмоннинг кучи япалоққа етар
От кучи
Оғзига кучи етмаган
-
Билган у деди, билмаган бу. Ҳатто оғзига кучи етмаган баъзи бировлар, юзига бўлмаса-да, орқаворатдан нотавон кўнгилга қўтир жомашов, деб луқма ташлашарди. С. Сиёев, Райҳон
-
Қўйинг, хафа бўлманг, хола, бунга йўргакда тегган касал бу Оғзига кучи етмаган киши ҳар нарсани гапираверади. Н. Сафаров, Танланган асарлар
КУЧ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
KUCH сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
куч сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар