ўч
билан улашинг
1. Ёнишдан, ёлқин беришдан тўхтамоқ; сўнмоқ.
-
Ўтни ковласанг — ўчади, Қўшнингни ковласанг — кўчади. Мақол
-
Шу чоғда на учундир токчада ёниб турган шам ҳам лип-лип қилди-да, ўчди. А. Қодирий. Ўтган кунлар
-
Самандаров бир қоши паст ва бир қоши баланд бўлиб, ўчиб қолган махоркасини чироқдан тутатиб олди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
2. Асл тусини йўқотмоқ; хиралашмоқ, ўнгмоқ.
-
Читнинг ранги ўчибди. Қадимий минора нақшларининг бўёғи ҳамон ўчмаган.
-
Ғафур тобора асабийлашар эди, бунинг оқибатида кўзлари хиралашиб, лаблари пирпирар, ранглари ўчиб, қўллари титрарди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
3. Кўздан ғойиб бўлмоқ, кўринмай қолмоқ, йўқолмоқ.
-
Ғуллар, яшилликлар орасида унинг адил — келишган қомати, шаффоф бир хаёл каби гоҳ ялт этиб кўринар, гоҳ ўчар эди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Водийни ярим доира шаклида ўраган баланд-паст тоғлар аста ўча бошлаган. Ҳ. Аҳмар, Ким ҳақ?
4. кўчма Йўқ бўлмоқ, йўқолмоқ.
-
Уйқуси ўчмоқ. Тарихдан номи ўчмоқ.
-
Саҳронинг номи ўчар, Ўзгаради қумлоқлар Қ. Муҳаммадий.
-
Ундаги улуғ зотлик аломатлари бирданига ўчди. Н. Сафаров, Оловли излар
-
Оқподшонинг тахти куйсин, қораси ўчсин! Ойбек, Танланган асарлар
-
[Таннозхон:] Дийдоринг ўчсин сенинг! З. Саид, Н. Сафаров, Тарих тилга кирди
5. Тўхтамоқ, тинмоқ; эшитилмай қолмоқ.
-
Ҳозиргина сўзлашиб ўтирган Кумуш билан онасининг товушлари ўчган эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Саидғозининг момақалдироқ қалдирашидек асабий кулгиси қандай бошланган бўлса, ўшандай тўсатдан ўчди. С. Анорбоев, Оқсой
-
Извош қўнғироғи, от туёқларининг овозлари бора-бора ўчади. Н. Сафаров, Уйғониш
6. кўчма Хотирадан кўтарилмоқ, эсдан чиқмоқ, унутилмоқ.
-
Номи ўчиб кетган Боқи мирзо кўп вақт ўтмай инобатлик мирзо номи билан бош кўтарди. А. Қаҳҳор, Мирзо
-
Шоир сўзи мармар тошга ўйилган — Ўйма хатдек турар, дунёда ўчмас. Қ. Муҳаммадий
7. сўзлашув тили Сафдан ёки ҳисобдан чиқмоқ.
-
Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан ўчган киши. Рўйхатдан ўчганлар.
ўч сўзи қатнашган жумлалар:
Нафаси ўчмоқ
-
Элмурод салом бериб, эшикдан кириши билан, унинг нафаси ўчиб қолди. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Салқинда чирилдоқнинг ҳам нафаси ўчганди. С. Юнусов, Кутилмаган хазина
ЎЧ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
O‘CH сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
ўч сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар