очил
билан улашинг
1. Очмоқ 1-8 феълининг мажҳул нисбати.
-
Эшик очилди. Сандиқ очилди. Йўл очилди. Янги мактаб очилди. Қинғир иш қирқ йилдан кейин ҳам очилади. Мақол
-
Бир ҳафтага қолмай каналга сув очилади. С. Аҳмад, Уфқ
-
Мана шу тоғларнинг икки тарафидаги адирлар, Макрит чўлидан очилган ерларнинг ҳаммаси меники, менга қарайди. С. Аҳмад, Жимжитлик
-
Ҳайкалчанинг очилиш маросими бўлиб ўтганидан бехабар, парда тутишга ҳожат қолмаганини билишмайди. М. М. Дўст, Лолазор
-
Яқинроғингизда ўлмоқ учун душман томонидан уйингизга очилган туйнукчага кирдим. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Ҳасанали Узоқ; ўйлагандан сўнг ишнинг очилмай қолган қисмини ечишни бошқа вақтга қолдирмоқчи бўлди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
2. Очмоқ 1, 2, 9-12 феълининг ўзлик нисбати.
-
Фикри очилди. Ранги очилди.
-
Келди очилур чоғинг, ўзлигинг намоён қил, Парчалаб кишанларни, ҳар томон паришон қил. Ҳамза
-
Бу пахта экан-ку, ҳали шошмай туринглар, очилган хотинлар бошқатдан паранжига киради. С. Аҳмад, Ҳукм
-
Томлардаги лолалар қип-қизил бўлиб очилди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Сўнгги қуёшли кунларда пахта яна қийғос очилди. И. Раҳим, Ихлос
3. Бошланмоқ, иш бошламоқ.
-
Эртага шу муаммога бағишланган олимларнинг йиғилиши очилади. С. Зуннунова, Кўк чироқ
4. Кўринмоқ, намоён бўлмоқ.
-
Йўлчининг кўзига жаннатдай катта боғ манзараси очилди, томоша қилиб, кекса тоғанинг орқасидан юра берди. Ойбек, Танланган асарлар
-
Агар мана шу Музлоқ тоғнинг сиртига чиқилса, кишининг кўзи олдида бири-бирига зид икки дунё очилади. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
5. Хафалиги ёки қаҳр-ғазаби йўқолиб хушнуд бўлмоқ, ёзилмоқ.
-
— Гоҳо бирон киши [бувимнинг] кўнглини оғритганда, мен унга бир оғиз юмшоқ гап айтсам, ўша замони очилиб кетақоларди, — деди Кенжа. Ҳ. Назир, Асарлар
-
Элмурод унинг [Гулсумнинг] бу кадар очилиб кулганини биринчи кўриши эди. У бундан роҳат қилди. П. Турсун, Ўқитувчи
6. Ҳуснига ҳусн қўшилиб, тобора чиройли бўлмоқ, гўзаллашмоқ.
-
Зуннуновнинг назарида Саодатхон янада очилиб кетганга ўхшайди. И. Раҳим, Ихлос
-
Қора кўйлак ичида бўғилиб ётган экансан. Қара, нақ шафтоли гулидек очилибсан, кел, пардоз қиламиз. Н. Сафаров, Шарқ тонги
-
Баширжон узоқроқдан келинга тикилиб тураркан: Жуда очилиб кетибди, деб ўйлади. Н. Аминов, Қаҳқаҳа
очил сўзи қатнашган жумлалар:
Башараси очилмоқ
-
Тўғри, Раҳимжон Мўйдиновга туҳмат қилганларнинг авра-астари ағдарилди, ҳақиқий башараси очилди. Муштум
Баҳридили очилмоқ
-
Шийпон орқасидаги ғўзаларни кўриб, Пайғомовнинг баҳридили очилиб кетди. С. Нуров, Майсаларни аёз урмайди
Чеҳраси очилмоқ
Бахтинг очилсин
Жағи очилмоқ
-
Ошно бир муддат жимиб қолди, лекин лаҳза ўтиб, тағин жағи очилди. М. М. Дўст. Лолазор.
Иштаҳаси очилмоқ
-
Ана энди, чарчоқ ҳам унутилади, иштаҳа ҳам очилади. Унинг гапи тўғри чиқди. С. Аҳмад, Жимжитлик
Кўзи очилмоқ қ. кўз
-
Таъзиримни еганим шу бўлдики, кўзим очилди, тушуниб олдим. С. Зуннунова, Олов
Оғзи очилмоқ
-
Бир ҳафтадан кейин қиз Жамолзоданинг устахонасига ташриф буюрди. У Кўккўл тонгини кўриб, оғзи очилиб қолди. Ўшанда кўргани ҳозирги полотнонинг олдида оддий эрмак эди, холос. Ёшлик
Ҳаво очилди
-
Осмонни қоплаган чанг-тўзон аллақачон ғойиб бўлди, ҳаво чарақлаб очилиб кетди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
ОЧИЛ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
OCHIL сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
очил сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар