қанот
билан улашинг
1. Қуш ва ҳашаротларнинг учиш аъзоси.
-
Ғознинг қаноти. Қалдирғочнинг қаноти. Капалакнинг қаноти. Пашшанинг қаноти. Ҳуш қаноти билан учиб, қуйруғи билан қўнар. Мақол
-
Марғилон ва Қўқонга учадиган махсус кабутар келтирилди. Найча қилинган қисқа хатлар уларнинг қанотлари тагига маҳкамланди. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
-
Нозик ранг-баранг парвоналар, капалаклар лампа атрофида айланар, гулдор қанотларини шишага уриб типирчилар, гиламга енгилгина қулаб, тинар эдилар. Ойбек, Танланган асарлар
2. кўчма Шахс ёки нарсанинг учиши, парвозига хизмат қилувчи аъзосининг рамзи маъносини билдиради.
-
От — йигитнинг қаноти.
-
Янгиликнинг қаноти бор. Оғиздан оғизга ўтиб, тез тарқалади. Газетадан
-
Ҳамза бўлса, хаёл қанотида ўтмишни бирма-бир кезиб чиқди. К. Яшин, Ҳамза
-
Шундоқ деб Илҳомнинг нозик ва майин Қанотларин Ҳасад юлиб ташлади. А. Орипов, Йиллар армони
-
Умумхалқ жонкуярлиги ўқитувчиларга қанот бахш этяпти. Газетадан
3. Самолётнинг ердан кўтарилиб, ҳавода муаллақ туриши учун хизмат қиладиган қанотсимон ёйиқ қисми.
4. Автомобил, велосипед каби машиналар ғилдираги устига лойдан ҳимоя қилиш учун ўрнатилган мослама.
-
[Йигит] Олдинги қаноти синиб қолган Зиф велосипедики секингина ҳайдаб келяпти. Ш. Отамуродов, Кўнгил
-
Автомобил қаноти алюминийдан ишланади. Фан ва турмуш
5. Эшик, дераза ва шу кабиларнинг табақаси.
-
Юнусов деразанинг қанотларини очиб, кесакисига қулочини ёзганча туриб қолди. Н. Мақсудий, Мажлисдан сўнг
-
Узоқдан Ботирнинг устма-уст берган сигнали эшитилгандан кейин катта дарвозанинг қанотлари кенг очилди. И. Раҳим, Ихлос
6. Ёйиқ, чўзиқ нарсаларнинг бирор томони, ёни, чеккаси.
-
Бинонинг сўл қаноти — эшик олди баланд айвон. А. Қаҳҳор, Янги ер
-
Кўчалар қанотидаги ариқларда зилол сувлар шарқираб оқиб турибди. Ж. Эргашев, Гулбулоқ
7. Зина, кўприк ва шу кабиларнинг ёнига ўрнатилган тўсиқ; панжара.
-
Маҳкам зинапояга қараб чопди ва унинг силлиқ ёғоч қанотидан ушлаб, учинчи қаватга югуриб чиқди. П. Қодиров, Уч илдиз
-
Тоҳир кўприкнинг қанотидан пастга эгилиб қараб, шу тиргаклардан бирини мўлжалга олди-ю, тўхтади. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
8. ҳарб. Ёйиқ жойлашган қўшинларнинг, фронтнинг ўнг ёки сўл томони, шу томон қисми.
-
Мирзо Ёдгорнинг ўнг ва сўл қанотлари қаттиқ шикаст еб, бутунлай бебош-бетартиб қочишга юз тутган эди. Ойбек, Навоий
-
Бобур қўшини ёв билан юзма-юз тўқнашиши учун ўнг қанотини олдинроқ чиқариб, дарёга орқа ўгирди-ю, жанубга томон бурила бошлади. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
9. кўчма Суянчиқ, кўмакчи.
-
Ёрим бўлса, қанотим, дейман. Сайёр.
-
У [Низомжон] Икромжонга ўғил бўлди. Унинг қўш қаноти бўлди. С. Аҳмад, Уфқ
10. кўчма Диққат-эътиборда бўлиш ҳолати; ҳимоя, ҳомийлик, паноҳ.
-
Устозлар қанотида, уларнинг кўмаги ва йўл-йўриқлари асосида илғорлар тажрибасини ўргандим. Газетадан
-
Унинг қанотида кўпдан-кўп ёш талантлар таржимонлик, таҳрирчилик сингари мураккаб ишнинг сир-асрорини билиб олдилар. Х. Ёдгоров, Ҳаёт тўлқинлари
қанот сўзи қатнашган жумлалар:
Қанот қоқмоқ (ёки силкимоқ)
-
Том орқасида хўроз қанот қоқиб, қичқирди. А. Қаҳҳор, Анор
-
Шийпоннинг атрофидаги гулзорда ранг-баранг капалаклар, игначилар қанот қоқар, асаларилар ғўнғиллар, аллақаерда ғуррак ғуриллар эди. А. Қаҳҳор, Картина
-
Ундан нарироқда қора калхат ўз санъатини намойиш қилаётгандай, қанот силкимай, бир текис сузиб юрибди. Н. Фозилов, Дийдор
Қанот бағишламоқ
-
юрагининг аллақаерида учқунланаётган умид унга қанот бағишлар эди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
Қанот ёзмоқ
-
Қалбимда янги бир орзу — Шерободга отланиш орзуси капот ёзди. Газетадан
-
Илғор тажриба, ибратли ташаббус ҳамиша қўллаб-қувватланади, кенг қанот ёзади. Газетадан
Қанот ёймоқ
-
Чўлда янги ҳаёт қанот ёймоқда. Ўзбекистон қўриқлари
Қанот қоқмоқ
-
Сиздан билимдан топилиб қоларди юборишга. Ўзингиз элбурундан қанот қоқиб қолдингиз. Ҳ. Назир, Ўтлар туташганда
-
У дунёга десангиз ҳам, қанот қоқиб борардим С. Кароматов, Олтин қум
Қанотини қайирмоқ (ёки синдирмоқ)
-
[Жамила:] Қуш эдим — қанотимни қайирдилар. Гул эдим — булбулимдан айирдилар. Ҳамза, Бой ила хизматчи
-
Қанотимни қайириб, Туққан элдан айириб, Ташладилар зиндонга, Бошладилар ҳижронга. Ё, Мирзо
Қанот ости (ёки таги)
-
Бу хатарли аснода мен сени қанотим остидан чиқармагайман. П. Қодиров, Юлдузли тунлар
-
мана энди у сизнинг қанотингиз тагида жон сақлаб юрган экан С. Маҳкамов, Шогирд
-
Сидиқжон Собиржон қорига қарол бўлиб юрган вақтларида Хадича хола уни ўз қаноти остида ҳисоблар эди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Қаноти остига (ёки тагига) олмоқ
-
Етимларни қаноти остига олибди;
-
Қодиров оғзи катта эркакларни қаноти остига олиш йўли билан ўз мавқейини кучайтиришга интилганини сезиб турарди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
Қаноти остида бўлмоқ
-
[Майсара:] Энди, тақсирим, давлатни ҳам кўрганман, ишқилиб, сизнинг қанотингиз остида бўлсак бўлади-да. Ҳамза, Майсаранинг иши
ҚАНОТ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
QANOT сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
қанот сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар