қис
билан улашинг
1. Орасига олмоқ, орасига олган ҳолда тутмоқ, сиқиб ушламоқ; сиқмоқ.
-
Валиевнинг бир ўзи столга тирсагини таяб, икки кафти билан чеккасини қисиб ўтирибди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Тешабой олдидаги қовун косадан шошилмасдан бир тилим олди-ю, оғзига келтирмай, икки бармоғи орасида қисиб туриб: — Тақсир, — деди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Мен билан жилмайиб кўришди-да, қўлидаги газетасини буклаб, қўлтиғига қисди. Ў. Усмонов, Сирли соҳил
-
Темир қип-қизил бўлгач, омбурда қисиб олади-да, кундага қўяди. С. Сиёев, Ёруғлик
2. кўчма Сиқув, исканжага олмоқ; эзмоқ, сиқмоқ.
-
Бегона ўшлар ғўзани қисиб қўйибди.
-
иккинчи марта экилган чигитни шўр қисиб, ер бетига чиқармай қўйди. Муштум
-
Кампир, резинкаси оёғини қисиб юборган шекилли, капрон пайпоғини ҳимариб, тўпиғига тушириб олибди. С. Аҳмад, Сайланма
3. кўчма Бўғмоқ, нафасини қайтармоқ.
-
Унинг ҳалқумини дард қисиб келди.
4. кўчма (ч.к. билан) Бирор нарсадан танг ҳолатга солмоқ; сиқмоқ, толиқтирмоқ, зориқтирмоқ.
-
Пулдан қисмоқ.
-
Мана бўлмасам, деб уни ҳам овқатдан қисиб қўйдим. С. Аҳмад, Автобиография
-
Худойим хотинларни уй учун яратган. Эркакларни олиб келишдан қисмасин. Ҳ. Раҳимов, Чин ҳаёт
-
ҳусн деган нарсадан худо мени қисган. Мирмуҳсин, Меъмор
5. Бирлаштирмоқ, юммоқ.
-
Лабларини қисмоқ.
-
Валихон муштини қисиб таъкидлади: — Сипоҳ керак. Ш. Тошматов, Эрк куши
-
Ранги қум ўчган, изтиробдан қалтираган одамлар, ўз харобалари олдида тишларини қисиб, жим ўйланардилар. Ойбек, Қуёш қораймас
қис сўзи қатнашган жумлалар:
Бошини (ёки калласини)
-
У калласини қисиб, кўкарган кўзини қўли билан тўсиб турган Жамол писмиққа мурожаат қилди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча.
Бўйнини (ёки бўйин) қисмоқ
-
Рисолат хола бўйнини қисиб, ўзи ҳам бу сирнинг боисидан бехабарлигини билдирди. Ш. Тошматов, Эрк қуши
-
Бир кун эримнинг узоқ сайилга кетганини эшитиб, уйимга етим боладек бўйнини қисиб кириб келди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Қаршисида ёлворгандай бўйин қисиб турган йигитга раҳми келди. Ж. Абдуллахонов, Тўфон
Думини қисмоқ
-
Ит жуда қўрқоқ экан. Думини қисиб, бир менга, бир Асетга қараб, бостирманинг тагига кириб кетди. Н. Фозилов, Дийдор
-
қаттиқроқ гапириб, ҳукуматни эсга солсанг, думини қисади бу чайқовчилар. А. Мухтор, Давр менинг тақдиримда
Елкасини қисмоқ
-
Мутриб одатича ерга қараб, елкасини қисиб, бир-бир одим ташлаб кетарди. С. Сиёев, Аваз
-
— Сомон олганмисиз? Агроном., елка қисди: — Билмадим болалар кеча-печа олиб келган бўлмаса. С. Сиёев, Отлиқ аёл
-
Жуман, мен елкамни қисиб келдим, болаларга айт, мени қайта тарбиялашсин А. Мухтор, Туғилиш
Кўз(ини) қисмоқ
-
у сел-сел терлаганига ҳам парво қилмай, кўзларини қисиб, йўлга қаради. Ёшлик
-
Чарақлаган офтобга қарагандай, кўзларини қисиб, Темурга ўгирилди. С. Сиёев, Ёруғлик
-
Раиснинг қарашидан бу насиҳатнинг маъносига тушунган мудир қўлини кўксига қўйиб, чап кўзини қисиб деди Муштум
-
Дарҳол кўзимни қисдим. Бир майизни икки бўлиб ейдиган Мўмин дўстим фикримни пай-қади. Ш. Холмирзаев, Йўллар, йўлдошлар.
Тилини қисмоқ
-
Ўликми-тирикми, билармиз. Ман ҳам қараб турмайман. Аммо сўз тарқалмасин, айт, хотининг тилини қиссин. Ойбек, Танланган асарлар
Юрагини қисмоқ
-
Саҳродаги бир хил манзара киши юрагини қисиб, уни диққинафас қилиб юборади. К. Яшин, Ҳамза
ҚИС сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
QIS сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
қис сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар