қиста
билан улашинг
1. Бирор иш-ҳаракат қилишга зўр бериб ундамоқ ёки зўрламоқ, ҳол-жонига қўймай илтимос қилмоқ.
-
Қаландар йигит бир тилик ҳандалакни ийманиб еди Авазнинг қисташига қарамай, қайтиб ҳандалакка қўл урмади. С. Сиёев, Ёруғлик
-
Унинг [Шарофатнинг] мўлжалига кўра, Сидиқжон яна қасам ичиши, юр, деб қисташи, ҳол-жонига қўймаслиги керак эди. А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
2. Зўр бериб шоширмоқ, қистовга олмоқ, ошиқтирмоқ.
-
[Ўзбек ойим] Тўйни тез бошлаш учун ўғлини Марғилон кетмакка қистай бошлади. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Анвар унинг сидқидилдан гапираётганини тушунди шекилли, яна қистади: — Кеч бўлиб кетяпти, тур. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
3. Қайтиб беришни (қайтаришни) талаб қилмоқ.
-
Тўйда тўнингни қистама. Мақол
-
Нокасдан қарз бўлма — ҳам йўлда қистар, ҳам гўрда. Мақол
-
Бир куни мусаллас суздим, сузмасам бўлмас эди, Чунки амаким хумини қистади. А. Қаҳҳор, Қанотсиз читтак
4. Тез юришга ундамоқ, тезламоқ.
-
Ҳўкиз калласини эгиб, омочни тортишга уринар, қўшчи ҳадеб қистар эди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча.
-
Ул икки йигит саҳар вақти от қўйганича Чамбил йўлида қистаб йўл босди. Бўтакўз
5. шахс қўшимчали сўзлар билан Ўзидан олдин келган сўз билан ифодаланган иш-ҳаракатни бажаришга кучли хоҳиш ёки қайтариб бўлмайдиган талаб пайдо бўлганлигини билдиради.
-
Кулгим қистади. Билгиси қистади. Сўзлагиси қистади. Йўталгиси қистаяпти. Ғайратсизнинг ғайрати иш битганда қистайди. Мақол
-
Жаҳлим қистаб, тишларим ғижирлаб кетди. Ҳ. Назир, Ёнар дарё
-
Биласизми, кўнглинг қўмсаганини кўргинг қистаганда кўролмасанг жуда оғир. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча.
-
[Қаюмнинг] Бу ҳаракатидан аччиғим қистади. А. Қодирий, Ўтган кунлар
ҚИСТА сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
QISTA сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
қиста сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingФойдаланувчилар томонидан ҚИСТА сўзига берилган маънолар
қиста сўзига янги изоҳ қўшинг