қот
билан улашинг
1. Нами, суви қочиб, қаттиқ ҳолга келмоқ, қаттиқ бўлмоқ; зид. юмшамоқ.
-
Алебастр тез қотади. Елим қуриб, қотиб қолибди. Қотган нон. Хамир тошдек қотибди.
-
Улар ўз қадамларининг тарашадай қотган ер билан уришиб тарақлашидан бўлак шарпа эшитмасдилар. П. Турсун, Ўқитувчи
-
— Хизмат ҳақини аллақачон олганмиз, — деди куракчасидаги қотиб қолган лойни тозаларкан. Н. Аминов, Суварак
2. Қимирлаш, ҳаракатланиш хусусиятини йўқотмоқ (тана аъзолари ҳақида).
-
Гардани қотмоқ.
-
Эрталабки гимнастика шалпайиш ва қотиб қолганликни йўқотади, қон айланишини тезлаштиради Газетадан
-
Кела-келгунча машинада ўтиравериб, бели қотиб кетган Ҳожимурод у ёқ-бу ёққа юриб, чигилини ёзмоқчи бўлди. С. Аҳмад, Жимжитлик
3. кўчма Қўрқув, ҳайрат ва бошқалар сабаб билан ҳаракатини тўхтатиб, қимир этмаган ҳолда бўлмоқ.
-
У на юришини, на юрмасини билмай, жойида тек қотди. М. Ҳазратқулов, Журъат
-
Саратонда муаллақ қотган ҳаво ғубори шабнам билан яна ўз онаси — тупроқ оғушига оҳиста чўкди. Саодат
-
Охунд билан қори бошлари ерга теггудек бўлиб, таъзимда қотган эдилар. С. Сиёев, Аваз
4. кўчма Ҳаракатсиз, ривожланишсиз ҳолда бўлмоқ.
-
Адабиёт қотиб қолган нарса эмас.
-
У эски, сунъий йўлдан юрган, шеърда қотиб қолган, ҳозирги ҳаёт маъносини тушунмайдиган қалбаки шоирларга қамчин сола бошлади. Ойбек, Нур қидириб
-
Бу домла [Салимхон Обидий] қотиб қолган одам., профессор унвонини ўша вақтда олиб қолди-ю, йигирма йилдан буён ҳеч нима қилгани йўқ. Мирмуҳсин, Умид
5. Қаттиқ совқотмоқ, тўнгмоқ, музламоқ.
-
Совуқдан боланинг оёқ-қўли қотиб кетибди.
-
Қотиб ўласанми, ҳароми, исинмасанг нима қилади? Ойдин, Ҳазил эмиш
6. Пишиқмоқ, чиниқмоқ.
-
Унинг тани қуёшда қорайди, мускуллари қотди.
7. кўчма Тўхтовсиз, қаттиқ кулмоқ ёки йиғламоқ.
-
Унинг гапига роса қотдик. Бола қотиб-қотиб йиғлар эди.
-
Алексей ва Элмурод унинг ҳикоясини ҳузур қилиб тинглаб, кула-кула қотдилар. П. Турсун, Ўқитувчи
-
Бобом кулгидан қотиб қолади. Ойбек, Болалик
8. Қаттиқ уйқуга кетмоқ; донг қотмоқ.
-
бизнинг қисм командири меҳмондорчиликдан саҳар пайтида келиб, қотиб қолган экан. Т. Рустамов, Мангу жасорат
9. шева Аралаштирмоқ, қориштирмоқ, қормоқ.
-
Бориб кирсам майдонга, Аччиғим тарқатсам, деб. Душманларнинг қонини Бўз тупроққа қотсам, деб. Равшан
10. Жуда озмоқ, ориқламоқ.
-
Болам бечорани тинч қўясанми, йўқми? Еган-ичгани татимай, кундан-кунга турнадек қотиб кетяпти ўзи. О. Ҳусанов, Най
қот сўзи қатнашган жумлалар:
Бети қотмоқ
-
Сўкаверсанг, бети қотар, Ураверсанг, эти қотар. Мақол
Боши (ёки мияси) қотмоқ
Гап (ёки сўз) қотмоқ
Дийдаси қотмоқ
-
Бу хил аламзадаларни кўравериб, дийдаси қотиб кетган собиқ милиционер Сайрамов: — Энди кўп ҳам ўйламанг, Баширжон ука, — деди. Н. Аминов, Қаҳқаҳа
Донг қотмоқ
Суяги қотмоқ (ёки қотган)
-
Суяги қотмаган бола;
-
Суяги пахтачиликда қотган.
-
Толиб ака суяги журналда қотган тажрибали ходим. Ф. Мусажонов, Ҳиммат
-
Суяги савдогарчиликда қотган бой, олтмишлардан ошганига қарамай, йигитларга ўхшаб кетадиган қиёфаси бор эди. Ёшлик
Тери қотмоқ
-
Зулфиқор баданидаги терлар қотиши билан яна тўнкани юмалата бошлади. Мирмуҳсин, Меъмор
-
Унинг пешонасидаги реза-реза терлар ҳали қотганича йўқ. Газетадан
Тили қотган
-
Одамнинг ёши ўтиб, тили қотиб қолгандан кейин ўқий олмайди, деган гапга ишониб юрар эдик П. Турсун, Ўқитувчи
Тун қотмоқ
-
Гапи адо бўлмайдиган балога йўлиқдик, ўзимиз тун қотиб, йўл юриб келиб эдик. Алпомиш
Энсаси қотмоқ
Ҳаром қотмоқ
ҚОТ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
QOT сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
қот сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар