қулоқ
билан улашинг
1. Одам ҳамда умуртқали ҳайвонларнинг эшитиш ҳамда мувозанат аъзоси ва унинг ташқи қисми.
-
Одамнинг қулоғи.
-
Отнинг қулоғи.
-
Қулоқ пардаси.
-
Қулоқ супраси.
-
Қулоқ касалликлари.
-
Қулоққа болдоқ тақмоқ.
-
Қулоғини (қулоғидан) чўзмоқ.
-
Қий-чув, чағир-чуғур қулоқни кар қилади. Ойбек, Танланган асарлар
-
қўчқор қўнғироқли қулоқларини эркаланиб силкиди. Газетадан
2. Баъзи нарсаларнинг ушлаш, илиб қўйиш ёки маҳкамлаш учун хизмат қиладиган қисми.
-
Челакнинг қулоғи.
-
Ёғоч каравотнинг қулоғи.
-
Чиғириқнинг қулоғи.
-
Қозончининг эрки бор, қайдан қулоқ чиқарса. Мақол
3. Бош кийимларнинг қулоқларни ва иякни ёпиб, иссиқ тутиб туриш учун тушириб қўйиладиган узун қисми.
4. Баъзи механизм ва мусиқа асбобларининг бураб ишга тушириш ёки созлаш учун хизмат қиладиган қисми.
-
Дуторнинг қулоғи.
-
Машшоқлар ўз асбобларининг қулоқларини бураб, созини тўғрилашди. А. Қаҳҳор, Сароб
-
Шу машинанинг қулоғини бурасанг, лаганча гир-гир айланиб, ашула, дутор-тамбур ванғиллайверади. Ойбек, Танланган асарлар
-
Ота радионинг қулоғини буради. Н. Мақсудий, Юксалиш
-
Манов боғични — парда, Манов ипни тор дейди. Манов — қулоқ, бу — харрак, Яъни эшак боладир. Э. Воҳидов, Куй авжида узилмасин тор
5. сўзлашув тили Автомобил, трактор ва шу кабилар машиналарни бошқариш учун хизмат қиладиган қурилмаси; рул.
-
Ҳушёрлик билан машина қулоғини бураб кетаётган ёш шофёр Козим, ўзининг ҳарбий ҳолатда эканини сезиб, ниҳоятда ғайратланган. М. Мухамедов, Машқ
6. сўзлашув тили Ўсимликнинг барг ёки ниҳол ёзадиган ери; дастлабки ниҳолча, баргча.
-
Уч юз гектарча ернинг ғўзаси учинчи марта экилди. Аммо биз ҳам бўш келмадик: ғўза қулоқ кўрсатди дегунча парваришлаб, яганалайвердик. Й. Шамшаров, Енгиш
-
Баҳор жалалари полларни сувга тўлдириб, шоли қиёғининг қулоғидан тортиб чиқарди. С. Аҳмад, Уфқ
-
Ариқ бўйидаги икки қулоқ бўлган ялпизнинг ҳиди бирам димоққа ёқади. Газетадан
қулоқ сўзи қатнашган жумлалар:
Жон қулоғи билан ёки жон қулоғини тутиб
-
Мажлис аҳли унинг нутқини жон қулоғи билан тинглади. Н. Сафаров, Оловли излар
-
Миллатнинг буюк ўғлонлари, оқила ва зарифалари сўзлаганда, уларни жон қулоғимиз билан эшитамиз. Ғ. Саломов, Таржима назариясига кириш
-
унинг гапларига жон қулоғини тутиб турган Нуқранинг секин нафас олиши — нафис кўксининг секин бориб келиши ҳам сезилиб турарди. Мирмуҳсин, Нуқра
Икки қулоғи
-
Тун ярмидан оғиб, атроф жимиши билан икки қулоғим деразада бўлади. Дераза тагига нўхатдек нарса тушса сезаман Р. Файзий, Чўлга баҳор келди
Оғзи қулоғида
-
жа хурсанд, оғзи қулоғида, йўрғалаганча кетяпти. Э. Раимов, Ажаб қишлоқ
-
Тўранинг оғзи қулоғида, кўнгли нимадандир таскин топган эди. Н. Фозилов, Дийдор
Қулоқ бермоқ
-
Муҳаррир бир ярим соат бекорга ўтган вақтга ачиниб, бизга қулоқ берди. А. Қаҳҳор, Сароб
Қулоқ-мияни емоқ (ёки қоқмоқ)
-
Илгари Эркак деган рўзғорни бут қилиб қўяди-да! деб шанғиллаб, қулоқ-мияни ерди Ёшлик
-
Бувниса хола эрининг қулоқ-миясини қоқиб, шу йил Содиқжон каникулга келганида, албатта уйлантириб қўяжагини айтди. Р. Файзий, Чўлга баҳор келди
Қулоқ осмоқ
-
Агар суриштириб, ҳақиқатни ўрнига қўяман деса, унинг ва у сингариларнинг сўзини ҳамма ерда тинглашади. Р. Раҳмонов, Тиниб-тинчимас
Қулоқ солмоқ
-
Ҳамма жим туриб қулоқ солди. Ҳеч қандай овоз йўқ эди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Раъно ҳам Анварнинг сўзига диққат билан қулоқ солар ва кўпинча ҳисобсиз саволлари билан уни кўмиб ташларди. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
-
Ҳусайн Бойқаро Навоийни қаттиқ ҳурмат қилади, унинг оқилона гапларига қулоқ солади. ЎТА
Қулоқ тишлаш
-
Тўтихон билан Набижоннинг юлдузи бир-бирига тўғри келмади. Ёшликдаги қулоқ тишлашлар ҳам чиппакка чиқди. Муштум
Қулоқ тутмоқ
-
Эшик ёпилгач, бошлиқ зипиллаганча юриб, остонага яқинлашди-да, эгилиб, қабулхонага қулоқ тутди. Н. Аминов, Қаҳқаҳа
-
Фотима бундоқ қулоқ тутса, маърузачиларнинг гаплари юз фоиз тўғри. Т Ашуров, Оқ от
Қулоқ эшитмаган
-
Замин қандайдир кучли қувватдан титраб кетди ва шу лаҳзада қулоқ эшитмаган портлаш рўй берди. Газетадан
Қулоқ қоқмай
-
Бунинг ғайриқонуний эканлигини тушуниб турган йигит жиндаккина деб аталган 600 сўмни қулоқ қоқмай эплаштириб олиб келди. Муштум
Қулоққа олмоқ
-
[Отабек] гўё мажбурият остида ота насиҳатини қулоққа оладигандек бўйин эгиб ўтирар эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Қулоғи битмоқ
-
Муттасил портлашлар зарбидан Аҳмаджоннинг қулоғи битган, бирон жойга снаряд ёки бомба тушганини тупроқ кўтарилиб тушганидангина билар эди. А. Қаҳҳор, Олтин юлдуз
Қулоғи динг
Қулоғи динг бўлмоқ (ёки тиккаймоқ)
-
Ҳасаналининг қулоқлари тиккайиб, ўрнидан турди, кўзи олаланган эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
Қулоғи йўқ
-
Қулоғи йўқ бола бўляпсан.
Қулоғи остида (ёки тагида) қолмоқ
-
Қушхонага кириб, не кўз билан кўрай, миққийнинг қулоғи остида қолган, яъни ўлган эди. Ғ. Ғулом, Шум бола
-
Шундай қилинмаганда, ҳар икки томондан бир неча кишининг қулоғи остида қолиши турган гап эди. М. Муҳаммаджонов, Турмуш уринишлари
Қулоғига айтадиган гап
-
иккита хат ёзди. Биринчи хат-ку бошдан-оёқ раҳматдан иборат эди, кейингисида қулоғингизга айтадиган гапим бор деган мазмунда шама қилди. А. Қаҳҳор, Кўк конверт
Қулоғига айтмоқ
Қулоғига етмоқ
-
Бир кун Сирожиддиннинг: Фармоновга ўхшаган амалдорлар нўноқ дорбозни эслатади, дегани Фармоновнинг қулоғига етибди. Мирмуҳсин, Созанда
Қулоғига (гап) кирмайди
-
Олимжон, мани кўзим сандан бўлак болаларни кўрмайди. Сандан бошқанинг сўзи қулоғимга кирмайди. Ҳамза, Танланган асарлар
-
Бу боланинг қулоғига гап кирмайди.
-
Унинг гаплари Меъморнинг қулоғига кирмади. Мирмуҳсин, Меъмор
Қулоғига кирмоқ
-
Ногоҳ от дукури кириб қулоққа, Чўчиб уйғонади кекса чол мудроқ. А. Орипов, Юртим шамоли
Қулоғига қуймоқ
-
Элчида айб йўқ. У ўз ҳукмдорининг қулоғига қуйиб қўйган гапларини гапирди М. Осим, Тўмарис
Қулоғидан кун кўринади
-
Қаранг, ҳаммасининг юзидан қони қочган. Қулоғидан кун кўринади. Н. Сафаров, Уйғониш
Қулоғим сенда
-
Хўп, қани, қулоғим сизда А. Қаҳҳор, Қўшчинор чироқлари
Қулоғини бурамоқ
-
Бу бола қулоқсиз бўлиб кетяпти, бир қулоғини бураб қўйиш керак;
-
Ҳозир улар комиссияни кутяпти, ўқитувчиларнинг ҳам хўп қулоғини бурагандир, бир оз эсларидан чиқсин, кейин борамиз, деганди. С. Зуннунова, Олов
Қулоғини пишитмоқ (ёки пишиқтирмоқ)
-
Жўрахонни ҳам сўроққа чақириб қолишлари мумкинлигини ўйламаган эди. Қизнинг қулоғини пишиқтириб қўймаганига мана энди афсус еб қолди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча.
Қулоғини ушлаб кетмоқ
-
Токи Яхшибоев қулоғини ушлаб кетмагунича чидашлари керак М. М. Дўст, Лолазор
1. Сувнинг анҳор, канал, ўқариқ ва шу кабилардан кичик сув йўлига, ариқларга тармоқланиб ўтадиган жойи; даҳана.
-
Отанг мироб бўлса ҳам, қулоқнинг бошида бўл! Мақол
-
Тилим шўх яллада, доим хаёлимда баланд ҳосил, Фикр текис суғормоқ бўлса, зеҳним сув қулоғида. С. Абдулла
2. Шундай жойдан ўтадиган сув миқдори.
-
[Акбар аканинг кўзига] Шу қадимий дарёдан экинига бир қулоқ сув чиқариб ололмай армонда ўтган, бахт излаб элма-эл кезган ғурумсаройликлар кўринди. Й. Шамшаров, Бахт излаб
тарихий Қароллар, камбағаллар, умуман деҳқонларнинг ёлланма меҳнатидан фойдаланувчи катта ер эгаси, қишлоқ бойи; бой ёки ўртаҳол деҳқон (мустабид шўро тузуми 1929-33 йилларда бундай кишиларни қулоқ — муштумзўр номи остида синф сифатида тугатиш сиёсатини олиб борган).
-
Иш текширилди, Бозор ота аллақаердан қочиб келган қулоқ бўлиб чиқди. А. Раҳмат, Варракчи чол
-
Бултурги йил қулоққа чиқарилиб, Украинага жўнатилган Абдужалил тегирмончининг кичкина меҳмонхонаси Четан колхозининг идораси эканлигини биз юқорида ўқиб билганмиз. А. Қодирий, Обид кетмон
ҚУЛОҚ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
QULOQ сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
қулоқ сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар