руҳ
билан улашинг
1. дин. Киши ҳаётлигида у билан бирга, вафотидан кейин эса танадан чиқиб, абадий қоладиган кўзга кўринмас нарса, куч; арвоҳ.
-
Руҳ танадан чиққач, тана ўлади. Фан ва турмуш
-
Ҳозир унинг руҳи, Сидқийнинг арвоҳи Мадина орқасидан эргашиб кетаётгандай кўринарди. Мирмуҳсин, Чодрали аёл
-
Хаёлан унинг руҳига сиғинади, ундан мадад истайди. С. Сиёев, Ёруғлик
2. Кишининг ички ҳолатини, психик кечинмаларини, ҳис-туйғуларини акс эттирувчи кайфияти.
-
Кўтаринки руҳ. Унинг руҳи кўтарилди.
-
Эрталабки соф ҳаво унинг руҳини енгиллатиб юборди. Ҳ. Назир, Ёнар дарё
-
Умиднинг уларникида меҳмон бўлганини эшитган Ҳафиза бирдан руҳи кўтарилиб, хурсанд бўлиб кетди. Мирмуҳсин, Умид
-
Қутидор ҳали ҳам Отабекнинг руҳига тушуна олмаган эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
[Йўлчининг] Кўкси гоҳ юпантирувчи кечинмалар билан, гоҳ бутун руҳига сингган тотли ҳасрат билан тўла эди. Ойбек, Танланган асарлар
3. Кишининг ички дунёсини, маънавий қиёфасини, ўй-фикрларини, маслак ва мақсадларини акс эттирувчи кайфияти.
-
Миллий руҳ.
-
Саида Зуннунованинг ижоди ҳам бошдан-оёқ мана шундай ифтихор руҳи билан суғорилгандир. Газетадан
-
Болаларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялайдиган ўйингоҳлар керак. Саодат
-
[Ҳожи] Мажлиснинг Ниёз қушбеги руҳида борганлигини яхши сезди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
-
Басила Назаровна бу қизнинг руҳида бўйсунувчанлик эмас, исёнкорлик борлигини кўриб, тутақиб кетди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
4. Кибр-ҳаво, димоғ.
-
Манманлик руҳи. Катталик руҳи.
5. Кишининг умумий кайфияти, кайф-аҳволи.
-
Руҳи сўлғиннинг иши сўлғин, Руҳи тетикнинг иши тетик. Мақол
-
Шу куни Гавҳар ланж бўлиб уйғонди. Унинг руҳи тушиб кетган, нимадан хафалигини ўзи ҳам билмас, лекин ҳеч ишга қўли бормасди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Рустам қоронғи тушиб қолган қишлоқ кўчасидан руҳи чўккан аҳволда юриб бораркан, ҳадеб шу саволни такрорларди: — Нега олади? Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Ўжар руҳим, жангари руҳим, Бир зумгина ўйга толсанг-чи. А. Шер, Қадимги куй
6. Аъло кайфият; бардамлик, тетиклик; ҳузур, завқ.
-
Отабек сунбул исли сочлардан руҳ олар, Кумуш гўё унинг бағрига сингиб кетган эди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
7. кўчма Жонлилик, файз.
-
Навоий уй ичига кириши билан мажлисга руҳ кирди. М. Осим, Аждодларимиз қиссаси
-
Ўйин қизиб борар эди, уйнинг дарича, эшиклари бекланиб, токчаларга шам ёқилгандан сўнг, базмнинг руҳи яна ошди. А. Қодирий, Ўтган кунлар
8. Ортиқ завқ; пафос.
-
[Султонмурод] Дўстининг шеърларида бўлган нуқсонларини едириб кетиш учун кўпроқ завқ ва руҳ билан ўқишга тиришди. Ойбек, Навоий
9. Иш-ҳаракат, воқеа-ҳодиса ва шу кабиларнинг боришидаги, йўналишидаги характерли хусусият.
-
Замон руҳи.
-
— Иншоолло, шу йигит мирзабоши бўлар! — деди Сафар бўзчи суҳбатнинг руҳини билмаган ҳолда. А. Қодирий, Меҳробдан чаён
-
Яхши асар яратиш учун аввало замон руҳини тушунмоқ керак. Шукрулло, Жавоҳирлар сандиғи
-
Изланиш ва ижодкорлик руҳи лаборатория муҳитини белгилайди. Газетадан
-
Адабиёт ҳамиша навқирон кучлардан қувват олади, улар ҳисобига бойиб, янгича руҳ ва йўналишлар касб этади. Ёшлик
10. Маслак, таълимот, ҳужжат ва шу кабиларнинг асосий моҳияти, улар негизидаги белгиловчи ғоя.
-
Қонуннинг руҳи. Конституциянинг руҳи.
11. флс. Маънавий-руҳий, номоддий ибтидони ифодаловчи фалсафий тушунча; онглилик ва онгсизлик бирлигини ифодаловчи фалсафий категория.
руҳ сўзи қатнашган жумлалар:
Руҳи пок
-
Шу куни дошқозонда ош дамланиб, ўтган улуғ аждодларимиз руҳи покига дуойи фотиҳалар қилинди. Газетадан
Руҳи равон
-
Туйғуларим туғёнидан бехабарсан, Тегма бир дам, гўзал, руҳи равонимга. Т. Тўла, Асарлар
Руҳи енгил тортмоқ (ёки енгиллашмоқ)
-
Бугунги осойишта уйқу Пўлатжонга анча қувват киргизди, ўзини тетик, руҳини енгил сеза бошлади. Ойдин, Садағанг бўлай, командир
-
Атрофга суқланиб қараркан, кўнгли нимадандир шодланиб, руҳи енгиллашди. Ёшлик
-
Самандарнинг руҳи анча енгил тортди, яна чорбоққа ўтди. С. Кароматов, Бир томчи қон
-
Сергей Петрович унинг кўнглини кўтариб ҳазиллашар, у ердан Адолатнинг руҳи енгил чиқарди. С. Зуннунова, Гулхан
Руҳи тетик
-
Уч кундан бери Алимардон шод, руҳи тетик эди. Бутунлай соғайиб қолди. Ў. Ҳошимов, Қалбингга қулоқ сол
-
Бунақа обрў кимнинг тушига кирибди дейсиз. Руҳим тетик, бир гапириб, ўн куламан. С. Аҳмад, Сайланма
Руҳи тушмоқ ёки руҳини туширмоқ
-
Бировга айтиб, тушунтириб бўлмайдиган ҳасрат уйқуни, дармонни қочириб, руҳини тушириб, бир ҳолатга келтиради одамни. А. Мухтор, Туғилиш
РУҲ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
RUH сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
руҳ сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар