шундай
билан улашинг
1. кўрс. олм. Худди айтилганга, кўзда тутилганга ёки кўз ўнгидагига ўхшаш, шунга ўхшаш, шу сингари.
-
Шундай дўст қаерда бор? Шундай вақт келади. Ҳақиқатан шундай бўлиб чиқди. Мен ҳам ёшлигимда шундай эдим. Қаламнинг шундайларидан учтасини танлаб олдим.
-
— Қалай? — деди Сулаймонов трубкани қўйиб, — умрингизда шундай қаймоқ еганмисиз? А. Қаҳҳор, Икки ёрти — бир бутун
-
Унда [Ғуломжонда] шундай нафратнинг туғилиши табиий эди. М. Исмоилий, Фарғона тонг отгунча
-
Бу ишлар ичида шундайлари ҳам борки, шошилинч қилинмаса, бошқа ишга ҳам таъсир қилиши тайин эди. Ш. Рашидов, Бўрондан кучли
2. Маънони кучайтиради; шу қадар, шу даражада; шунақанги.
-
У шундай тез юрар эдики. У ҳеч қачон шундай аҳволга тушмаган эди.
-
Зангори осмон ҳам шундай тиниқ, шундай беғуборки, кўзни олади. Ойбек, Танланган асарлар
-
Бўғинлари бўртиб турган узун бармоқларини тугун қилиб, пиджагининг чўнтагига шундай қаттиқ тиқдики, чоклари чирсиллаб кетди. П. Қодиров, Уч илдиз
3. равиш Айтилган ёки кўзда тутилган бир тартибда, шу зайлда, ана шу тарзда.
-
Хўжаликни шундай бошқариш керак. Сиз ҳам шундай ишласангиз бўлмайдими?
-
Ҳакимбойваччадек ҳушёр йигит қайда? Боёнларимизнинг бари ҳушёр. Ақли бўлгани учун бой бўлган-да. Шундай эмасми, Салимжон. Ойбек, Танланган асарлар
-
Шундай қилиб, ёз ҳам ўтди. Ниҳоят, Аҳмаджон аскарий хизматга чақирилди. А. Қаҳҳор, Олтин юлдуз
4. Қуйидагича, тубандагича.
-
Бу хотин тўғрисида мулла Норқўзи шундай фикрда: агар фаришта илгари ўтган бўлса — шунинг онаси, энди туғилса — шунинг боласи бўлади, агар ҳозир ер юзида бўлса — шу хотиннинг ўзи. А. Қаҳҳор, Майиз емаган хотин
5. рвш. с.т. Одатдаги каби, одатдаги сингари, одатдагидек; оддий усулда.
-
Ўзимиз шундай гаплашиб ўтирган эдик.
-
Вагондан энг кейин тушган ва милтиғини тиғидан ушлаб, кетмондай елкасига қўйиб, шошмасдан келаётган Аҳмаджон: Строй [саф] бўлмасдан, шундай кетаверсак бўлмасмикан? — деди. А. Қаҳҳор, Олтин юлдуз
6. Тасдиқдовчи жавобни билдиради; ҳа, тўғри.
-
— Врачмисиз? — Шундай.
-
[Эшон:] Катталарни-чи, катталарни ҳам ўқитасизми? — Шундай, — деб жавоб берди Элмурод. П. Турсун, Ўқитувчи
7. кўм. взф. Таъкид, кучайтирув ифодалайди; худди, нақ.
-
Ишхонамиз театр бино-сининг шундай рўпарасида.
шундай сўзи қатнашган жумлалар:
Шундай бўлса ҳам
-
У касал эди, шундай бўлса ҳам, ишга келди.
ШУНДАЙ сўзининг синонимларини Sinonim.uz сайтида қидириб кўринг.
SHUNDAY сўзининг лотинча ёзилиши Lotin.uz сайти томонидан тақдим қилинган.
шундай сўзи ишлатилган сайтларни интернетда қидиринг
Google Яндекс BingСиз учун қизиқ бўлиши мумкин бўлган сўзлар